Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:47

“Ëзувчи мингта китоб чиқарса дўпписини осмонга отади”


Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол.
Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол.

Шоир, адабиётшунос олим ва таржимон Жамол Камол “Нима қилиб қўйдингиз” эшиттиришининг навбатдаги меҳмони.


(Эшиттиришнинг дастлабки меҳмонлари – Аҳмад Аъзам билан суҳбатни мана бу ерда, Омон Матжонни мана бу ерда, Ёқубжон Хўжамбердиевни мана бу ерда, Зокиржон Машрабовни мана бу ерда, Усмон Азимни мана бу ерда, Муҳаммадазиз Фахриддиновни мана бу ерда тингланг).

Нима қилиб қўйдингиз? - Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги олдидан Озодлик бошлаган туркум суҳбатларда бериладиган икки саволнинг бири.

Биринчи савол будир: Нима қилдингиз?

Яъни Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён нима билан машғул бўлдингизу ортда қолган 20 йил ичида қандай хатоларга йўл қўйдингиз, деб сўраймиз таниқли ўзбеклардан.

Бу суҳбатлардан мақсад “20 йил”, деб осонгина айтиб қўйиладиган улкан бир даврни конкрет одамлар ҳаёти мисолида реал тасаввур қилишга уринишдир.

Суҳбатдош тўғрисида Озодлик маълумоти:

Жамол Камол 1938 йили Бухоронинг Шофирконида туғилган.

Бухоро педагогика институтининг филология факультетида ўқиган.

Фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган, мухбир бўлиб ишлаган. Адабиётшунос олим ўлароқ номзодлик диссертациясини ёқлаган.

Ёзувчилар уюшмасининг Бухоро вилоят бўлимида масъул котиб, сўнгра Тил ва Адабиёт институтида илмий ходим бўлиб ишлаган.

Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки 4 йилида мамлакат Ёзувчилар уюшмасига раислик қилган.

Мустақилликкача “Олам кирар юрагимга”, “Чўққиларга ёғилди нур”, “Тош туғён”, “Хасан ва ой”, “Қуёш чашмаси”, “Тафаккур”, “Сувайдо”, “Умидли дунё” ва бошқа бир қатор шеърий тўпламлари нашр этилган.

Жамол Камол – Ўзбекистон халқ шоири (1992 й.)

Беқиёс қиёс

Озодлик: Ортда қолган 20 йил ичида нима ишлар қилдингиз?

- 20 йил деганда озгина лирик чекиниш қилмоқчиман. 20 йил деганда аввало менинг хаëлимга нима келди денг. Пайғамбаримиз (с.а.в) 23 йил пайғамбарлик қилганлар бор-йўғи. Лекин мана шу 23 йил ичида жоҳил қабилаларнинг бошини бирлаштириб, араб халқини уюштириб, Шарқда Чинмочингача, Ғарбда Испания Андалусиягача чўзилган ислом дунëсининг пойдеворини қўйишга улгурди пайғамбар (с.а.в). Хўп у киши энди пайғамбар.

“Қурултой сайлаган сўнгги раисман”

Озодлик: Мана пайғамбарни (с.а.в) эсладингиз. Пайғамбар эмас Жамол Камол 20 йил ичида нимага улгурди?

- Гапни шунга олиб келаяпманда. Шунга олиб келаяпманки, оддий инсон ҳам ҳаракат қилса, бир нарсага эришиши мумкин. Хабарингиз бўлса керак мен 1991 йил октябрдан 1996 йил январ ойи охиригача Ëзувчилар уюшмасида раҳбар бўлиб ишладим. Ëзувчилар уюшмасига қурултой томонидан сайланган энг сўнгги раис мен бўлдим. Мендан кейин ҳеч қандай қурултой ҳам бўлмади, сайлов ҳам бўлмади ва ҳоказо.

“Ёзувчиларга 50 та квартира олиб берганман”

Айтмоқчиманки, мана шу 4 йилдан ошиқроқ муддат давомида эслашга арзигулик бир-икки гап бор экан. 4 йилу 3 ой ичида ëзувчиларимизга давлатдан 50та квартира ундириб тарқатдик. Шунинг 42таси кирпичний квартира, қолган 8таси панелний квартира. Мана шу 4 йилу 3 ой ичида 50та ëзувчига ер участкаси олиб бердик. Шунинг 40таси Тошкент атрофидан, 10таси туманлардан, вилоятлардан. Вилоят ҳокимларига, туман ҳокимларига хат ëзиб, “Бизнинг фалонча ëзувчимизга ер участкаси ажратишингизни сўраймиз” деб хат бердик. Мен шуни хурсандлик билан қайд қиламанки, бизнинг бирорта хатимизга салбий жавоб бўлмади. Ҳаммасига ижобий жавоб бўлди. “Сизнинг хатингизга мувофиқ фалон ëзувчига 8-10 сотих ер ажратиб бердик” деган жавобларни олдик. Мана шу иккита нарсани алоҳида таъкидлайман. Демак, 50та ëзувчига квартира олиб бердик, 50та ëзувчига иморат учун ер ажратиб бердик. Мана бу эсласа арзийдиган гап деб ҳисоблайман.

Учинчидан, мен ишлаган пайтимда Тошкентдаги хорижий элчихоналар билан алоқаларимиз яхши бўлди. Ўшалар билан қурган яхши, яқин муносабатимиз туфайли ëзувчиларимизни илк бор гуруҳ-гуруҳ қилиб чет элларга юборишга эришдик. Бир неча бор Покистонга, бир неча бор Туркияга ëзувчиларимиз ўзининг чўнтагидан эмас ўшаларнинг ҳиммати туфайли текинга бориб 10 кунлаб, икки ҳафталаб айланиб кўриб келдилар. Энди ўзимнинг ижодий ишларим.

“Уюшма сиёсий ташкилот эмас”

Озодлик: Ижодий ишларга алоҳида ўтамиз. Мана Ëзувчилар уюшмасининг раиси сифатида қилган ишларингизни айтдингиз. Ўзи умуман Ëзувчилар уюшмасининг ва хусусан унинг раисининг иши нимадан иборат сизнинг назарингизда?

- Аввало ëзувчилар уюшмаси бу сиëсий ташкилот эмас, давлат идораси эмас. Буни оддий қилиб айтадиган бўлсак, қалам аҳли вақти-вақти билан тўпланиб, ишлашиб, ўзининг юрагидаги борини бир-бирига арз қилиб, қилаëтган ишларидан бир-бирини хабардор қилиб, ўзаро фикр алмашиладиган жой. Керак бўлса бир-бирини қувватлайдиган жой. Ëзувчилар уюшмасининг вазифаси қалам аҳлини қўллаб-қувватлаш. Ҳам моддий, ҳам ижодий ҳар жиҳатдан. Ëзувчи халқининг бошига ташвиш тушадими ëки унда бир эҳтиëж туғиладими борадиган жойи мана шу эшик бўлади.

“Комил Яшинни ҳам, Сарвар Азимовни ҳам, Одил Ёқубовни ҳам бадном қилишган”

Озодлик: Жамол Камолнинг танқидчилари Жамол Камол советча, коммунистча андозада бўлган эски союзни мустақиллик шароитида сақлаб қолган одам деб танқид қилишади. Совет даврида эса ëзувчилар союзи коммунистик мафкуранинг хизматчиси эди. Бунга нима дейсиз?

- Шунақа гап борки, орқа-олдини ўйламай, сўраб-суриштирмай айтаверадида шунақа гапларни. Мен сизга бошиданоқ бекордан бекорга айтмадим 50та квартира, 50та ер олиб бердик деб. Бунинг қадр-қийматини менимча Сарвар Усмон билса керак 50та квартира нима эканини, 50та ер участкаси нима эканини. Ëзувчилар уюшмаси давлатдан шунча квартира ундириши учун, ерни ундириши учун муроса-мадора қиладими йўқми? “Сен унақасан, мен бунақаман” демайди. Ҳам ҳукумат билан, ҳам халқ билан муроса-мадора қилади.

Ëзувчилар уюшмасига раис бўлган одамнинг бирортаси обрў билан кетган эмас. Халқимизга хосми билмадим келган одамни албатта бадном қилиб тош отишади. Комил Яшин раис бўлди жуда бадном қилиб ҳайдашди. Сарвар Азимов раис бўлди бадном қилиб ҳайдалди. Ўлмас Умарбековнинг бошига ҳам шу кунлар тушди. Одил Ëқубовни жинни қилишди.

Мени сайлаган пайтда мен “бўлмайман” деб оëғимни тираб олганман. Мени ҳоли-жонимга қўйишмаган уйимга келавериб ëзувчилар. Биринчи сайланганимда “Бир муддат раислик қиламан. Мана залда ўтирганлар, сизлар албатта тош отасизлар. Лекин илтимос қиламан аяб тош отинглар. Қаттиқ отманглар” деганимда, залда кулги кўтарилган. Мен ўша 50та квартира, 50та ер олиб берганларнинг орасида ҳам менга тош отганлар бўлди.

Агар мен ишни советчасига ишга юритган бўлганимда, мен ҳақимда газетада бир саҳифа фелетон қилиб, ишимни прокуратурага оширмаган бўлишарди. Мени прокуратураларга чақиришган ўша фелетон асосида. Майда гаплар. Қизига диплом олиб беришга аралашди, бошқа қилди. Советчасига ишни юритиб нима қилибмиз биз? Бирор кишини қаматибмизми, ë бирор кишининг асарини союзга олиб келганда қайтариб берибмизми бўлмайди бу деб. Менинг давримда Ëзувчилар уюшмасининг эшиги ҳаммага очиқ эди. Биздаги мажклисларда ҳамма иштирок этарди. Ҳеч қандай тақиқ, чегара йўқ эди.

“Союзга мени чақиришмайди”

Озодлик: Уюшманинг шу бугунги фаолиятидан сизда қониқиш борми?

- Уюшмадан мен 1996 йилнинг бошида чиқиб кетган бўлсам, бор-йўғи ë бир марта ë икки марта бордим. Ҳозирги фаолияти ҳақида менда умуман информация йўқ.

Озодлик: Фаолият тўғрисидаги информация бўлиши учун союз биносига бориш шарт эмаску.

- Йўқ, албатта масалан йиғилишлар бўлиши керак, муҳокамалар бўлиши керак. Вақти-вақти билан ëзувчиларни чақириб туриш керак. Мана шу ўтган давр ичида мени бирорта мажлисга, бирорта муҳокамага таклиф этишгани йўқ. Мен ҳам ўзим истаб, ўзим интилиб борганим йўқ. Шунинг учун мен тўғрисини айтдим. Ëзувчилар уюшмаси қанақа ишлаяпти, ким билан ишлаяпти, нима ишлар билан банд бўлаяпти – менда мутлақо маълумот ҳам, тасаввур ҳам йўқ.

Озодлик: Домла, мана Ëзувчилар уюшмасидаги фаолиятингиз ҳақида батафсил айтиб бердингиз. Союздан кетганингиздан кейин нима иш қилдингиз?

Уюшма раислигидан кетгач

- Мана шу Ëзувчилар уюшмасида 4 йил 3 ой ишлаган вақтида ижодий ишларим орқага кетди. Яъни иккинчи планга ўтди. Ўша вазифадан бўшаганимдан кейин ишламасликка қарор қилдим. Бутун ғайратимни ижодий ишга сарфлашга аҳд қилдим. Бугунги кунда шуни ўйлаб хурсанд бўламан. Сабаб шуки, тўғри қарор қилган эканман. Ўша даврдан бери нима қишлар қилинди?

Билмадим, хабарингиз бўлса керак, балки эшитгандирсиз, Жалолиддин Румийнинг олти китобдан иборат Маснавий-маънавий асарини ўзбек тилига ўгирдим. Олти китоб кетма кет босилиб чиқди. Бу аввало Эрон элчихонасининг гранти асосида босилди. Кейин ўзимизда мана Асрор деган бир акамиз ҳиммат қилиб шу олти китобни битта қилиб, қалин китоб ҳолида иккинчи марта чоп қилди. Халқимиз бу китобни ждуа катта иштиëқ билан кутиб олди. Жуда тезлик билан сотилди. Ҳалигача қўнғироқ қилиб сўрашади. “Маснавий бўлса олардик. Жамол ака, Маснавий керак” дейишади. Эсизки, мана иккита нашр ҳам тугаб кетди. Энди учинчи нашрни қандай амалга оширамиз деб юрибман.

“Ўзбек ёзувчиси китобини мингта чиқарса дўпписини осмонга отади”

Озодлик: Иккала нашрда ҳаммаси бўлиб тираж қанча бўлди?

- Биринчиси 1000 нусха босилди, иккинчиси 500 нусха босилди. Лекин жуда қисқа вақт ичида, бир ойга ҳам бормай тугаб кетди. Ҳозир энди каттароқ 5000-10000 тираж билан чиқаришнинг йўлларини излаяпмиз.

Озодлик: Гап тираж ҳақида кетгандан кейин сўрамаслигимнинг иложи йўқ. 10 минг шеърий тўпламлар, 60 минг проза чиқарди совет даврида. Сиз айтаяпсиз мана иккита нашрда 1500 нусха чиқибди. Тезда сотилиб кетди деб, тўғрисини айтай, мақтанаяпсиз. Қарийб 30 миллионлик аҳоли бўлса, билмадим энди шундан 25 миллиони беммалол ўзбекча ўқийдиган бўлса, тафовут ....

- Мен сизни тушундим. Мен энди сизнинг гапингизни озгина таҳрир қилмоқчиман. Гап шундан иборатки, шеърий тўпламлар бизда 25-40-50 минг нусхада босилган. Менинг шеърий тўпламларим 20 мингдан босилган. 10 минг ҳам бор эди, лекин 25-50 мингдан чиққан шеърий китоблар ҳам бўлган. Насрий асарлар 60 минг эмас 100 минглаб чиққан. 1000та чиқди тез сотилди, 500та чиқди тез сотилди деганим бу куннинг шароитидан келиб чиқиб айтаяпман. Бу куннинг шароитда 1000 нусха китоб чиқариб, сота олмай сарсон бўлиб юрганлар сони мингта. 1000 дона китоб чиқарсаю, шуни бир ҳафтада сотса, дўпписини осмонга отади. Шароит шундай бўлиб қолди.

Озодлик: Одамлар ўқимай қўйдими?

- Менимча, шундай бўлдики, китоб иккинчи планга ўтдида. Компютер, телевизор деган балолар биринчи планга ўтиб кетдию, одамларнинг китобхонлик завқ-шавқи пасайди. Тўғри бунинг объектив, субъектив бошқа сабаблари ҳам бор.

Бир пайтлар Книготорг деган ташкилот бўларди. Ëзувчи китобини чиқарардида, Книготорг шундай тиражни оларди, ëзувчига пулини берардида бутун вилоят, туманлардаги магазинларга тарқатиб, китоб савдоси билан ташкилотнинг ўзи шуғулланарди. Ҳозир бу ташкилотнинг борлиги ҳам, йўқлиги ҳам маълум эмас. Бу бир.

Иккинчидан, мана Тошкент Ўзбекистоннинг пойтахти бўладиган бўлса, пойтахтда ҳар қадамда китоб магазин бўларди. Катта-катта дўконлар бўларди. Ҳозир инсоф билан айтганда 3 миллионлик аҳолига эга бўлган пойтахтда нормал ишлайдиган китоб магазини битта. У ҳам ўша Зиëкор деган магазинимиз бор. Магазин деб айтишга арзигулик битта ўша. Китобга эътибор мана бунақа.

“20 йилда 25 та китоб чиқардим”

Озодлик: Тингловчининг ўйлашни бошлашига туртки бўладиган қизиқ маълумотларни айтдингиз. Охирги саволим қолди. Нима қилдингиз 20 йил ичида деган саволга жавоб бердингиз.

- Йўқ, жавоб бермадим. Фақат кириш қилдим тамом. Ҳали бу ëқда қанча гап бор. Мана бўлмаса санаб берай мен сизга. Мен 20 йилда қилган ишим 6 томдан иборат Маснавий-маънавий бўлди деган хулоса келиб чиқади. Унақа эмас ахир. Маснавий-маънавийдан кейин Фаридиддин Атторнинг “Мантиқут-тайр”, “Илоҳийнома”, “Асрорнома”, “Фаннома”, “Булбулнома”, “Уштурнома” деган олтита китобини ўзбекчага ўгирдим. Жалолиддин Румийдан олтита, Фаридиддин Аттордан олтита китоб 12та китоб бўлдими, бундан ташқари Ҳазрат Алининг шеърий девонини ўзбекчага ўгирдим. Бу ҳам чоп этилди.

Бундан ташқари Абдураҳмон Жомийнинг 200та ғазалини таржима қилдим. Рубоийларини Эргаш Очил таржима қилди. Алоҳида китоб бўлиб босилди бу.

Навоийнинг “Девони соний”сидан 200та ғазал ва 10та қасидаси алоҳида “Фоний гулшани” бўлиб босилди. 15та китоб.

Бундан ташқари Шекспирнинг 12та асарини бевосита инглиз тилидан таржима қилдим. Уч жилдда босилиб чиқди.

Бундан ташқари Шекспирнинг ижодида мавжуд бўлган 154та сонетини аслиятдан ўзбек тилига ўгирдим. Бу ҳам босилиб чиқди. Шекспир бўйича қилган таржималарим учун Англиянинг қироличаси менга алоҳида мактуб йўллаб, ўзининг ташаккурини изҳор қилди. Агар яна айтадиган бўлсам, китоблар кўп. Ҳозир ҳисоблаб қарасам, 20 йил ичида 25та китобим нашр этилибди.

“Энг тўғри йўлни топдим”

Озодлик: Ўтган 20 йил ичида Жамол Камол деган фабрика тўла қувват билан ишлабди. Лекин шунга қарамай суҳбатимизнинг иккинчи асосий саволи бор нима қилиб қўйдингиз деган. Сизнинг биринчи саволга жавобларингиздан кейин беўхшов, ноўрин туюлар, лекин барибир бераман. Нима қилиб қўйдингиз?

- Сарваржон, нима қилиб қўйдингиз, деган саволнинг жавобини айтдим. Мен сизга айтаяпманку, 20 йил ичида Ëзувчилар уюшмасига раис бўлиб ëзувчиларга 50та квартира олиб бердим, 50та ер олиб бердим, ëзувчиларни гуруҳ-гуруҳ қилиб чет элларга юбориш имконини яратдим.

Озодлик: Демак, ўтган 20 йил ичида ҳеч қанақа хатога йўл қўймадингиз.

- Қанақасига хатога йўл қўйган бўлишим мумкин? Қани марҳмат қилиб бирортасини айтингчи?

Озодлик: Мен хатоларингизни ревизия қилганим йўқ. Сиз ўзингиз қандай ҳисоблайсиз?

- Мен айтаяпман. Менинг қилган яхши ишим шундан иборат бўлдики, Ëзувчилар уюшмаси раислигидан кетгандан кейин бирор жойда расмий вазифада ишлашни истамадим. Ижодий ишга ўзимни бағишладим. Бугунги кунда сарҳисоб қилиб қарасам, энг тўғри йўл шу экан.

XS
SM
MD
LG