Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 11:10

Ислом Каримов КХШТ саммитига яна бормади


КХШТ норасмий саммити Остонада 12-13 август кунлари ўтади.
КХШТ норасмий саммити Остонада 12-13 август кунлари ўтади.

Таҳлилчилар фикрича, президент Каримов Остона саммитига келмай, МДҲ доирасидаги ташкилотларга совуқ муносабатини билдирди.

12-13 август кунлари Остонада Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммити бўлиб ўтмоқда.

Унга Арманистон, Россия, Қирғизистон, Тожикистон, Беларус ва Қозоғистон президентлари ташриф буюрган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса норасмий саммитда иштирок этишдан бош тортган. Бу ҳақда мухбирларга ташкилот Бош котиби Николай Бордюжа маълум қилди.

“У бир муддат аввал мажлисда иштирок этишга розилигини берган эди, лекин бир неча кун олдин бундан бош тортди”, деди Бордюжа.

Айни пайтда ўзбек расмий ахборот воситалари, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва президентнинг шахсий порталида КХШТ саммити борасида бирор маълумот берилмаган.

Ваҳоланки, саммитда Шимолий Африка, Яқин Шарқ, шунингдек, Қирғизистондаги вазият тўғрисида Россия Президенти Дмитрий Медведевнинг маърузаси муҳокама этилди.

Йиғинда Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон раҳбарлари Афғонистон ва Покистондаги толиб жанггариларининг Марказий Осиёдаги вазиятга таъсири тўғрисида фикрлашдилар.

Москвадаги Миллий стратегиялар институтининг халқаро лойиҳалар бўйича директори Юрий Солозобов "Қозоғистоннинг Марказий Осиё минтақасида амалда етакчиликни қўлга киритгани Ислом Каримовнинг КХШТга нисбатан “алоҳида муносабат”ини юзага келтирди", деган фикрда.

- Бу вазият, аниқроғи Остона ва Москванинг яқиндан ҳамкорлиги Ислом Каримовни жуда асаблантирмоқда. Чунки у ўзини Марказий Осиё лидери ва Россиянинг минтақадаги ягона ҳамкори, деган ҳаёллар билан юрган.Ўзбекистон ва МДҲ доирасидаги бошқа интеграция тизимларининг ўзаро муносабатларини олиб қарасак, “Мен бу ерда иштирок этаман, бу ерда иштирок этмайман”, деган ҳолатлар кўплигини кўрасиз. Москва Каримовни ишончли стратегик ҳамкор сифатида кўрмаслигини ҳисобга олиб, бу чиқишларни нисбатан босиқлик билан қабул қилиб келмоқда, - дейди Юрий Солозобов.

Сиёсий шарҳловчи Юрий Солозобов фикрига кўра, Беларус, Россия ва Қозоғистон иқтисодий интеграциясининг кучайиши ва Бож Иттифоқининг тузилиши Ўзбекистон президентининг МДҲ доирасидаги КХШТ ва бошқа тузилмаларига бўлган совуқ муносабатини янада оширди.

- Самарадорлиги нуқтаи назаридан бироз оқсаётганлигига қарамасдан, КХШТ МДҲ доирасида жуда зарурий ҳарбий тузилма ва Ўзбекистон президентисиз ҳам ўз фаолиятини бемалол давом эттиришга қурби етади,- дея қўшимча қилди Юрий Солозобов.

Ҳарбий таҳлилчи Алексадр Голц эса Ўзбекистон президентининг навбатдаги саммитни ҳам назарга илмагани КХШТнинг ҳарбий иттифоқ сифатида мутлақо самарасиз тузилмага айланиб бораётганидан дарак эканини айтади.

- КХШТнинг энг катта муаммоси шундаки, бу ҳарбий ттифоқ эмас, балки Россия ва алоҳида давлатлар ўртасида механик тарзда сунъий яратилган. Бу тузилмага аъзо давлатларнинг манфаатлари ва муносабатлари ҳам турлича. Масалан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг ўзаро муносабатлари таранг ҳолатда, уларга НАТОга ўхшаш иттифоқ эмас, балки бир-биридан хавфсизликни таъминлаб берувчи ЕХҲТ каби тузилма даркор.

Айни пайтда, КХШТ Россия учун айрим ҳолларда жуда фойда келтириши мумкин. Мисол тариқасида, Америка ва НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганидан кейин Россия хавфсизлиги катта муаммоларга юз тутиши мумкин, - дейди ҳарбий таҳлилчи Алексадр Голц.

Ислом Каримов кейинги пайтларда Ўзбекистон 2006 йил августида қайта қўшилган ташкилот саммитларида иштирок этмай келади.

Ўзбекистондан ташқари КХШТга Арманистон, Беларус, Россия, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзо бўлган.

Мазкур ҳарбий-сиёсий иттифоқ МДҲ давлатлари ўртасида 1992 йилда имзоланган Коллектив хавфсизлик шартномаси асосида тузилган.
XS
SM
MD
LG