Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:46

Ўзбекистонда Facebook нусхаси очилди


19 август куни фақат ўзбекистонликларга мўлжалланган muloqot.uz ижтимоий тармоғи жамоатчиликкa расман тақдим этилди.


Ўзбек ва рус тилларида ëзишиш таклиф этилаëтган muloqot.uz ижтимоий тармоғини Ўзбекистон ичида кенг тарғиб қилиш бошланди – 19 август куни Тошкентдаги Алоқа тарихи музейида бу сайтнинг ишга туширилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда иш бошлаган янги ижтимоий тармоқ муаллифларининг “Лойиҳа ҳақида” ëзишларича¸ muloqot.uz умуминсоний қадриятлар¸ айни пайтда миллий анъаналар ¸ тенглик ва толерантлик принципларини қўллаб-қувватлайди¸ шунингдек ëшларнинг ахлоқий ва жисмоний саломатлигини яхшилаш учун шароит яратиб бериш¸ ўз аъзолари орасида юксак ахлоқни шакллантиришни мақсад қилган.

«Simple Networking Solutions» маъсулияти чекланган жамият томонидан «Ўзбектелеком» акционерлик ширкати ҳомийлигида ишга туширилган янги ижтимоий тармоқ шу каби даъволар билан мамлакат ичкарисидаги Интернет фойдаланувчиларини ўз тўрига тортиш ҳаракатини бошлади.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги тарқатган хабарга кўра¸ 2011 йилга келиб Ўзбекистонда Интернет фойдаланувчилари сони 7¸7 миллион нафарга етган ва булардан қарийб 4¸5 миллиони Интернетга мобил телефон орқали кирмоқда.

Ўзбекистонда Интернет технологиялари шиддат билан ривожланаëтганига қарамай¸ ўзбекистонлик муштарийларнинг хориж ижтимоий тармоқларидан фойдаланиши Тошкентни бу оқимни ўз назоратидаги тармоққа тортиш режасига ундаган кўринади.

Ахборотлаштириш агентлигига кўра¸ Россиядаги «Одноклассники.ру» тармоғига кунига 350–400 минг ўзбекистонлик кирса¸ дунëдаги энг машҳур «Facebook» тармоғида 85 минг нафар рўйхатдан ўтган ўзбекистонлик бор.

Мамлакатдаги Интернет монополисти бўлмиш “Ўзбектелеком” ширкатининг muloqot.uz тармоғи ҳомийси экани¸ Ўзбекистон ҳукуматининг ана шу каттагина оқимни ўз назоратига олиш мақсадидан даракчи сифатида талқин этилмоқда.

Ижтимоий тармоқ бўйича мутахассислар томонидан жозибадор¸ фойдаланиш учун қулай деб баҳоланган muloqot.uz сайти эҳтимолий аъзоларидан "Фойдаланиш битими"га рози бўлишни талаб қилади. Розилик талаб этиладиган бу битимга кўра:

2.1. Мулоқот.Узга аъзо бўлиб, унга аъзо сифатида киргандан сўнггина Мулоқот.Уздан тўлиқ фойдаланиш, жумладан, Аъзо профилини яратиш, Ахборотларни жойлаштириш, бошқа аъзолар тўғрисида нисбатан тўлиқ ахборот олиш, хат жўнатиш имкони тақдим этилади.

2.3. Аъзо профилини яратиш вақтида Аъзо Мулоқот.Узда ўзи ҳақида маълум ахборотни, жумладан, ҳақиқий исми ва фамилияси, электрон почта манзили¸ мобил телефон рақами ва тақдим этилиши мажбурий қилиб белгиланган бошқа ахборотларни киритиши шарт. Ушбу ахборотлар Мулоқот.Узда Аъзонинг профилини яратиш учун фойдаланилади. Агар Аъзо сайтда аъзоликдан ўтмаса, маълумотлар сақлаб қолинмайди.

Мазкур битим шартларидан келиб чиқиб¸ суратлар¸ мусиқа ва видеоларни юклашга имкон берувчи muloqot.uz сайтининг дунëдаги энг машҳур ижтимоий тармоқ - Facebookдан нусха олгани айтилса-да¸ унинг ахборот эркинлиги жиҳатдан Facebookдан мутлақ фарқли равишда ниҳоятда кескин назорат ўрнатилгани қайд этилмоқда.

Марказий Осиëдаги янги медиалар бўйича мутахассис Тўлқин Умаралиев Озодлик мухбири билан суҳбатда¸ 19 август куни muloqot.uz ишлаш принципларини кузатганлари асосида келган хулосаларини ўртоқлашди:

- Сайт устида жуда кўп ишланган. Сайт ичида фойдаланувчига таклиф қила оладиган нарсалари кўп. Бу ерда фойдаланувчи ўз саҳифасини очиши мумкин, дўстларни қўшиши мумкин, сурат қўшиши мумкин. Ҳатто мусиқа қўшиб уни ўртоқлашиши ҳам мумкин. Тузилган гуруҳга аъзо бўлиш, бирор-бир гуруҳ тузиш, блог ëзиш мумкин. Энг қизиқарли тарафларидан бири сайтнинг ичида онлайн ўтирган дўстлар билан бевосита мулоқот олиб бориш мумкин.

Озодлик: Демак, сайтнинг муштарийни ўзига тортадиган техник жиҳатлари анча бой.

- Ҳа. Боз устига бу жуда ҳам содда қурилган вебсайт. Бошқа сайтларга ўхшаб биринчи саҳифанинг ўзида кўп нарса йўқ. Ҳар бир тугмача ўз жойида жойлашган ва эслаб қолиш осон. Сайтнинг навигацияси қийин эмас. Бу сайтнинг эгалари “биз аноним фойдаланувчиларга қаршимиз” деб ëзган. "Одноклассники"дагига ўхшаб ҳар бир муштарийнинг профилини кўра олади, суратларини, видеоларини кўра олади деб ўйлаган эдик. Бу ерда ундоқ эмас экан. Сиз профилга кириб уни ўзингиз хоҳлагандай қилиб фақат дўслатингиз кўрадиган қилишингиз мумкин. Қўшаëтган сурат, мусиқаларингизни алоҳида ўзгаришлари билан қўйишингиз мумкин.

Озодлик: Бу махфийлик сиëсати афтидан Facebookдан олинганга ўхшаяпти?

- Бу умуман олганда ҳозирги кунда машҳур бўлган ижтимоий тармоқларнинг гибриди, аралашмаси.

Озодлик: Muloqot.uzга кириш шартлари, сўраладиган маълумотларда қандай фарқ бор?

- Фарқ жуда ҳам катта. Менинг фикримча, бу сайтнинг энг ëмон тарафларидан бири. Бу сайтда рўйхатдан ўтмоқчи бўлган шахс Ўзбекистон мобил телефонига эга бўлиши керак. Сайтда айтилишича, сиз киритган мобил рақамига код жўнатилади ва сиз шу кодни сайтга киритиб саҳифанингизни тасдиқлайсиз. Агар тасдиқламасангиз, сайтга кўра уч кундан кейин сизнинг саҳифангиз ўчиб кетиши мумкин.

Озодлик: Ўзбекистонда мобил номер олиш учун паспорт талаб қилиниши, паспорт бўйича адресингиз рўйхатга олинишини инобатга олсак, бу сайтга аноним ном билан киришнинг имкони йўқ¸ шундайми?

- Бу ерда “Кимдан аноним?” деган савол бўлиши мумкин. Бошқа фойдаланувчилардан аноним бўлишингиз мумкин, лекин сизнинг симкартангиз билан боғлиқ маълумотларга кира оладиган тарафларидан аноним бўла олмайсиз. Бу Ўзбекистон ҳукумати бўлиши мумкин, мобил тармоқ эгалари бўлиши мумкин.

Озодлик: 19 август давомида Озодлик мухбирлари ҳам бу сайтнинг қандай ишлаши юзасидан бевосита ўз тадқиқотларини ўтказдилар ва Ўзбекистонда тўсиб қўйилган ахборот сайтларидан маълумотлар олиб¸ muloqot.uz нинг "Нима гаплар' деган хабарлар алмашиш катакчасига қўйишди. Бундай ахборотни қўйган фойдаланувчилар бир соат ичида блок қилинди. Бу нимадан дарак? Номаъқул аъзоларни ким аниқлаб¸ ким блок қилади? Кимда бундай ҳақ бор? Иккинчидан, биринчи куниëқ бир соат ичида аъзоларнинг бундай филтр қилинишининг ўзи янги очилган тармоқ ҳақида нима дейди?

- Агар Озодлик тарафдан юз берган техник муаммо бўлмаса, бу дегани сайтни бошқариб турувчиларнинг ўзлари айрим фойдаланувчиларни бир тарафлама тўсиб қўйганини англатади. Рўйхатдан ўтаëтганингизда у ерда шартлари бор. Ўшани ўқиб кўрсангиз, Ўзбекистон қонунларига зид келмаган ҳолда иш олиб борилса, шунда ëзиш мумкин бир нарсаларни. Сайтнинг қонун-қоидаларига ва Ўзбекистоннинг қонунларига зид равишда фаолият олиб бориладиган бўлса, саҳифа ëки аккаунт ëпилади деган жойлари бор.

Энди бу ëпишлар ҳам ҳар хил бўлади. Администратор саҳифани ëпиб қўйиши мумкин ëки бўлмаса IP адрес орқали ëпилади. Яъни интернетга уланган ҳар бир одамда IP адрес бўлади. Шу IP адрес орқали ижтимоий тармоқнинг веб серверига запрос жўнатилади. Маълумот олган сервер худди шу IP адресга қайтиб жўнатади. Серверда шу IP адресга тўсиқ қўйиб қўйса, запрос келади, лекин жавоб қайтмайди. Бу жуда осон.

Озодлик: 19 август куни ишга туширилган бу сайтнинг асосий ҳомийси "Ўзбектелеком" акционерлик ширкати экан. Бу Ўзбекистондаги интернет соҳасидаги монополист. Мустақил кузатувчилар бу сайтни Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан ишга туширилганини тахмин қилишаяпти. Мана шу боғлиқликни кўрсатадиган техник фактларни ҳозирча кузата олдингизми?

- Техник жиҳатдан буни кузатиш жуда қийин. Иложи йўқ деса ҳам бўлади агар қўлингизда бирор далил бўлмаса. Масалан¸ "Одноклассники" сайтига нисбатан тахминлар бор, унинг атрофида жуда кўп гаплар юради “Одноклассники" ФСБнинг маҳсулоти. Шу орқали ФСБ Россия ичидаги одамларни назорат қилиб боради” деганга ўхшаш. Бу бир тарафдан тўғри бўлиши мумкин. Чунки "Одноклассники"да жуда кўп Россия фуқаролари ўтиради. Уларнинг маълумоти очиқ.

Ижтимоий тармоқларнинг Ўзбекистонда ривожланаëтгани, Араб баҳори ва дунëдаги бошқа воқеаларда ижтимоий тармоқларнинг роли катта бўлаëтганини ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, янги Ўзбекистон ижтимоий тармоғининг ҳукумат билан бирга ишга туширилиши бундай тахминларни яна ҳам оширади. Лекин бирор-бир далилсиз бу ҳақида очиқ айтиш қийин барибир.

Озодлик: Ўзбекистон мана шу ижтимоий тармоқни яратди. Бу сайтга кириш кирмаслик Ўзбекистондаги ҳар бир фуқаронинг ўзининг иши. Рўйхатдан ўтиб киргандан кейин¸ фойдаланувчи ëзувларини кузатиб боришларини тахмин этиш мумкин. Бу ижтимоий тармоқ махфий хизматлар қўлидаги муштарийларни назорат қилиш учун қурол десак, мана шу қуролдан ҳукумат ўз фойдасига қандай фойдаланиши мумкин? Бундан ҳукуматга қаршиларнинг қандай фойдаланганлиги тўғрисида фактлар бор - Миср ва Тунисдаги ëшлар исëни, Лондондаги талончиликлар ва ҳоказо. Ҳукумат бу қуролдан ўз манфаати учун қандай фойдаланиши мумкин?

- Бу қуролни ҳукумат тарғибот-ташвиқот ишларида ишга солиши мумкин. Ҳукумат бундан ошиқ қила олиши ҳам мумкин эмас. Чунки сиз айтгандай рўйхатдан ўтиш ўтмаслик ҳар кимнинг ўзининг иши. Ижтимоий тармоқнинг ичида ҳукуматнинг роли жуда катта бўлса, барибир бу ижтимоий тармоқ бориб-бориб ўлади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларга нимаси билан қизиқ? Бу эркинлиги билан қизиқ. Қўрқса ҳам шу нарса бор. Агар ижтимоий тармоқда Ўзбекистон ҳукуматининг таъсири кўп бўладиган бўлса, секин-секин бу ижтимоий тармоқ ўлади¸дейди 19 август куни жамоатчиликка тақдим қилинган muloqot.uz ижтимоий тармоғи устида бевосита кузатиш ўтказган янги медиа бўйича мутахассис.
XS
SM
MD
LG