Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:11

Кредит уюшмалари мижозлари сарсон бўлмоқда


Ўзбекистонда кўплаб одам лицензиядан маҳрум этилган кредит уюшмаларидан ўз пулларини ололмаяптилар.
Ўзбекистонда кўплаб одам лицензиядан маҳрум этилган кредит уюшмаларидан ўз пулларини ололмаяптилар.

Ўзбекистонда кредит уюшмаларининг лицензиядан маҳрум этилиши улар билан ҳамкорлик қилган мижозларни ўта мушкул аҳволда қолдирган.

Тошкентдаги “Инвест-кредит” уюшмаси аъзоси Шавкат Исмоилов шуларнинг бири.

- 2007 йилдан бери мен шу уюшмага аъзоман. Олдин пенсиямни йиғиб, расчëтларнинг ҳаммасини топшириб, нима дейди, кутаяпман. Ëшимиз бир катта жойга бориб қолган. "Болаларга оғирлигимиз тушмасин" деб, шуларни топширган эдим. Йилдан йилга чиқаëтган процентни яна ўзига топшириб ëтган эдим. Охиргисини мана шу июл ойида берган эдим. 1 миллион 400 минг берган эдим. Энди оқибати мана шундай. Гаплашишни ҳам хоҳлашмаяпти, ҳеч қандай гарантия ҳам йўқ. Списокларни осиб қўйган пенсионер, инвалид, уруш қатнашчиларини. "Қачон оласан?" дейдиган саволга жавоб бериш йўқ, - дейди Шавкат Исмоилов.

Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов август ойида Ўзбекистон бўйлаб 50 дан зиёд кредит уюшмалари ёпилгани ва жабр кўраётганлар сони бир неча юз кишини ташкил қилишини айтади.

- Миллиардлаб ўзбек сўми ҳақида гап кетаяпти. Кредит уюшмаларининг кўпчилигининг асосчилари оддий фуқаролар. Уларнинг кўпчилиги кредит уюшмаларига қўйилган маблағларини йиллар давомида ўзларининг ҳалол ишлаб топган ойликларидан, пулларидан қўйишган. Биз пул қўйган мижозлар билан гаплашдик. Улар кўп ҳолларда ўз даромадларини, керак бўлса, тежаб ҳам мана шу пулни йиғиб қўйиб келишган. Ҳозир мана шу шахслар номавҳумлик олдида қолишаяпти, - дейди Суҳроб Исмоилов.

Июл ойида Ўзбекистон Марказий Банки қарори билан мамлакат бўйлаб кўплаб кредит уюшмалари лицензиядан маҳрум этилган эди.

Ўзбекистонда кредит уюшмалари жисмоний ҳамда юридик шахслар томонидан ихтиёрий тенг ҳуқуқли аъзолик асосида кредитлар бериш ва бошқа молиявий хизматлар кўрсатиш мақсадида тузилган.

Қисқа вақт ичида мамлакат бўйлаб кредит уюшмалари сони сезиларли равишда ошди. Шавкат Исмоиловнинг айтишича, кредит уюшмалар ўз мижозларига банкларга қараганда кўпроқ фоиз бериши уни қизиқтирган.

- Бир йилга топширган пулингиздан 42 фоиз беради. Банкалар 24, у ҳам ҳаммаси эмас. Мана охирги йил 30 фоиз бера бошлашди. Конкуренцияни сезиб, озгина ишларни тузатиб, шундай қилишаяпти. Охирги берганлари 40 фоиздан бераяпти. Бир йилга 40 фоиз бугунги кунда инфляциядан анча баланд. Шунинг учун мажбур бўлаяпман. Банк нақд пулни қайтариб бермасдан, охирги марта Қурилиш банкидан пулимни ололмасдан, шундан кейин мен уларга яқинлашмадим, - дейди Шавкат Исмоилов.

Аммо Ўзбекистон Марказий Банки бундай уюшмалар лицензияси бекор қилингани юзасидан расмий тушунтириш бермади. Суҳроб Исмоиловга кўра, бу банкларда нақд пул камайиб кетгани билан боғлиқ.

- Охирги йилларда қўйилган пулларга нисбатан бериладиган фоизлар кўплиги туфайли кўпчилик аҳоли ва юридик шахслар ўзларининг пулларини банкда эмас, кредит уюшмаларида сақлай бошлашган экан. Мана шунинг натижасида ҳукумат бошқарадиган Ўзбекистондаги банкларда пул қолмаëтган экан, - дейди Суҳроб Исмоилов.

Uzdaily.uz нашрига кўра, 2011 йилнинг июл ойига қадар Ўзбекистонда 123 та кредит уюшмаси фаолият юритган, аъзолари сони эса 244 минг 678 нафарга етган. Уларнинг 99 фоизи жисмоний шахслар ва алоҳида тадбиркорлар бўлган. Кредит уюшмалари активлари ҳажми эса 395.8 миллиард сўмни ташкил этган.
XS
SM
MD
LG