Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:33

Ўзбек экологлари БМТга мурожаатнома йўллади


Ўзбек экологлари иддаосига кўра, Тожикистон алюминий заводи инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун ўта хавфли бўлган зарарли моддаларни чиқармоқда.
Ўзбек экологлари иддаосига кўра, Тожикистон алюминий заводи инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун ўта хавфли бўлган зарарли моддаларни чиқармоқда.

Ўзбекистон экологик ҳаракати ТАЛКОнинг Ўзбекистон аҳолиси саломатлигига ва атроф -муҳитга етказаётган салбий таъсири ҳақида жамоатчилик норозилиги акс этган мурожаатномани БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига топширди.

Ўзбекистон экологик ҳаракатининг БМТга йўллаган мурожаатномасига Сурхондарё вилоятининг Тожикистонга туташ туманларида истиқомат қилувчи туманларда яшовчи аҳолининг 757 минг 359 нафари имзо чеккани айтилади.

“Тожикистон алюминий компанияси” давлат унитар корхонаси йилига атмосферага 22 минг тоннага яқин заҳарли модда, шу жумладан, инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун ўта хавфли ва зарарли ҳисобланган 120 тонна фторли водород чиқаради. Зарарли моддаларнинг салбий таъсири оқибатида аёллар орасида боласи тушиб қолаётганлар, ўлик бола туғаётганлар кўпаймоқда. Фторли бирикмаларнинг юқори даражада тўпланишининг заҳарли таъсири инсоннинг таянч-ҳаракат нуқталари патологияси шаклланишига, айниқса, аёлларнинг тос-бел бўғинларида калций миқдорининг ошишига сабаб бўлмоқдаки, бу ўз навбатида уларнинг туғиш даврида турли даражадаги асоратларни юзага келтирмоқда.

Бунинг натижасида чақалоқлар жароҳатланган мия билан, мия шоли касаллиги билан, турли хил бел-мия чурраси билан, юқори ва пастки жағдаги нуқсонлар ва бошқа жароҳатли касалликлар билан дунёга келаётир. 6 ёшдаги болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари ҳудуддаги мактабгача ёшдаги болаларнинг 36,5 фоизи жисмоний ва ақлий ривожланишдан орқада қолаётганлигини кўрсатди”, - дейилади мурожаатномада.

Мурожаатнома муааллифлари зудлик билан завод фаолияти тўхтатилиши, халқаро экологик экспертиза ўтказилиши ва корхона тўлиқ модернизация қилинишини талаб қилади. Шунингдек, Тожикистон томонига бир неча ўн йиллик давомида Ўзбекистон аҳолиси саломатлигига етказилган зарар ҳам тўла қоплаш мажбурияти ҳам қўйилган.

Бироқ Тожикистон алюминий заводи матбуот хизмати раҳбари Игорь Сатторов Озодлик радиосига берган интервюсида ўзбек экологларининг даъволарини асоссиз, деб ҳисоблашини айтди:

- Ўзбек экологлари айтаётган зарарни ҳисоблаб чиқиш учун биз улар билан ҳамкорлик қилишимиз керак. Халқаро практикага биноан икки қўшни мамлакат мутахассислари биргаликда бу зарарларни ҳисоблаб, аниқлаб чиқиш керак. Афсуски, бунга ўзбек экологлари рози бўлмаяптилар. Собиқ иттифоқ пайтида Ўзбекистон ҳудудида заҳарли газларни ўлчайдиган махсус лабораториялар бор эди. Бироқ негадир улар тамоман йўқ қилинди. Биз ўзбек экологларининг бу мурожаатини професионал даражадаги мурожаат, деб ҳисобламаймиз, - дейди Игорь Сатторов.

Игорь Сатторов ўзбек экологларининг бу мурожаатини сиёсийлашган мурожаат, деб ҳисоблашини қўшимча қилди:

- Айнан шундай муаммо бизнинг ҳудудимизда ҳам учрайди. Масалан, Тожикистон шимолида Ўзбекистон саноат корхоналрининг бизнинг ҳудудга етказаётган зарарлари ҳам бор. Лекин нега биз уларга индамаймиз. Шунинг учун бу масалани сиёсийлиштирмасдан икки томон мутахассислари биргаликда бу ҳудудларда ўлчов ва мониторинг ишларини олиб бориб, ҳал қилишлари керак,- дейди Игорь Сатторов.

Денов туманида истиқомат қиладиган Абдулланинг айтишича, аслида Ўзбекистон экологик ҳаракати ваҳима қиладиган даражада хавф йўқ:

- Энди унчалик ваҳима қиладиган нарсалар йўқ. Оддий халқда ундай касалликлар ҳам йўқ. Ҳамма бинойидек пахта териб юрибди,- дейди Абдулла.

Суҳбатдош Ўзбекистон экологик ҳаракатининг имзо йиғиш жараёни ҳақида ўзи гувоҳ бўлган воқеани сўзлаб берди:

- Мен ҳам қўл қўйиб берганман, ўша имзо йиққан пайти. 2010 йил март ойида Деновда қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида митинг бўлган Турсунзода алюмин заводи бўйича. Уни Ўзбекистон экология ҳаракати уюштирган эди. Лекин талабаларга, ҳеч кимга айтилмаган намойиш бўлиши. Телевидениедан, газеталардан ҳамма томондан чақирилган одамлар. Ўқувчилар соат 12гача коллеж ичкарисида турган. Бирорта ўқувчини чиқармаган ташқарига. Ҳожатхонага чиқамиз деса ҳам қўймаган бирорта ўқувчини.

Соат 12 бўлгандан кейин ҳаммасини чиқарган талабаларнинг. Талабаларнинг ўзлари ҳам билмаган нима бўлаëтганини. Турсунзода алюмин заводига намойиш қиламиз деб ўқитувчилар айтган. Талабалар ичида экология ҳаракатининг одамлари бўлган. Милиция ходимлари ҳам тайëр турган коллежда. Тошбўрон бўлган. Талабалар тош отган уларга қарши. Талбаларни урган. Бир-иккитаси жароҳат олди ўша пайтда. Шундай бўлган эди ўтган йили. Ўша пайтда қўл қўйиб берган эдик биз ҳам. Энди бундай имзо йиғишлар ҳамма коллежларда бўлиб ўтди.Сценарий асосида ташкил қилинди-да,- дейди Абдулла.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги сиёсий муносабатларнинг совуқлашгани 20 йилдан буён икки давлат ўртасидаги иқтисодий, экологик ва чегарвий муаммоларнинг ҳал қилинмаётганига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати Тожик алюминий заводига ва Роғун ГЭСи қурилишига қаршилик кўрсатиб келади.

Тожикистон ҳукумати Ўзбекистонни яхши қўшничилик қилмаётганликда айблайди.
XS
SM
MD
LG