Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:01

Ўзбекистонда ҳибсда сақлашга оид илк қонун кучга кирди


Президент Ислом Каримов имзолаган янги қонун ҳибсда сақлаш тартиби ва ҳибсга олинганларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ва манфаатларининг кафолатланиши ҳақидадир.
Президент Ислом Каримов имзолаган янги қонун ҳибсда сақлаш тартиби ва ҳибсга олинганларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ва манфаатларининг кафолатланиши ҳақидадир.

5 октябрдан Ўзбекистонда “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.


Ҳибсда сақлаш ҳақидаги илк қонун ҳақида қисқача

“Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонун бирор жиноятни содир этганликда гумон қилиниб қўлга олинган шахсларни ҳибсда сақлаш тартиби ва шароитларини белгилаб беради.

Қонунда бошдан оёқ бирор жиноятда гумон қилинган шахснинг айби суд томонидан тасдиқланмагунига қадар бундай шахс айбсиз ҳисобланиши таъкидланган ва уни ҳибсда сақлаш тартиби ҳамда шароити унинг бирламчи ҳуқуқларига риоя этилишига қаратилган.

Энг аввало, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушланиб, ҳибсда сақланиши мумкин бўлган шахслар мақомига ойдинлик киритилган.

Қонунинг 3-моддасига кўра, "ушлаб турилган" шахслар - Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 221 моддасига биноан жиноят содир қилганликда гумон қилиниб ушланган шахслардир.

"Қамоқда сақланаётган" ёки ҳибсда сақланаётган шахслар - Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодекси нормалари асосида бирор жиноятни содир этганликда гумон қилинган ёки айбланган ҳамда эҳтиёт чораси сифатида панжара ортига ташланган шахслардир.

Янги қонун мана шу икки тоифа шахсларнинг қўлган олинганидан тортиб, суд ҳукми билан айбдор, деб топилгунига қадар ёки айбсизлиги аниқланиб, қўйиб юборилгунига қадар бўлган жараённи ўз ичига олган ҳамда бу жараёнда бундай шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқларининг таъминланишини кафолатлаган.

Жумладан:

- ушлаб турилганлар ва қамоқда сақланаётганларнинг ўз ҳақлари¸ эркинлик ва мажбуриятлари доирасида ҳибсхона тартиб-қоидаларига биноан маълумот олишга¸

- вақтинча сақланиш жойлари бошлиқларига мурожаат қилиши¸ ўз ҳақ-ҳуқуқлари бузилиш ҳоллари бўйича шахсан ëхуд ҳимоячи орқали шикоят қилишга¸

- шахсий хавфсизлиги таъминланиши¸ ҳимоячи ва яқинлари билан учрашишга,

- очиқда қолганлар билан ëзишишга¸

- текин овқат, маиший ва тиббий-санитария буюмлари олишга,

- тун вақтида, Жиноят-процессуал кодексида кўзда тутилган истисно ҳолатларидан бошқа вақтларда саккиз соат ухлашга,

- ўз шахсий кийимлари, оёқ буюмлари ва бошқа эҳтиёжга лойиқ буюмларидан фойдаланишга,

- қамоқда ушлаб турилган вақтида диний ибодатлар, маросимларни ўташи ва диний адабиётлардан фойдаланишга,

- қамоқхона ходимларидан ҳурмат билан муносабат кўрсатилишига,

- ушлаб турилган ёки қамоқда сақланаётган аёлларнинг ўз ёнида 2 ёшгача бўлган фарзандларини олиб туриш ҳаққидан фойдаланишга,

- пул жўнатмаларини олиш каби ҳаракатларга ҳақли экани қонунда белгилаб қўйилган.


Бир қарашда қонун мукаммал ...

Йиллардан буён Ўзбекистондаги адвокатлик қилиб келаётган Руҳиддин Комилов мамлакатда бундай қонун қабул қилинишини, умуман олганда, олқишлади.

Яъни, шу вақтга қадар Ўзбекистон фуқароларининг ушланиши ёки ҳибсга олиниши ҳамда ҳибсда сақланиши Жиноят-процессуал кодекси ёки тегишли муассасаларнинг ички-тартиб қоидаларига асосан амалга оширилар эди.

- Бировни ушладими тергов ҳибсхонасига юбориларди. Жиноят-процессуал кодекси доирасида ушаларди. Тергов ҳибсхонасида сақлаш Ички ишлар вазирлигининг ички йўриқномалари борку, ўшанга асосан амалга ошириларди. Ҳозир бу жараён қамоқда сақлаш тўғрисидаги қонунда батафсил кўрсатилган, - дейди Руҳиддин Комилов.

Бирор шахс ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб кетилганидан кейин ҳибсга олинган шахс ва Руҳиддин Комилов каби адвокатлар биринчи муҳим масала учрашиш имконидир.

Адвокатга кўра, шу вақтга қадар бу ҳуқуқнинг берилиши терговчининг ихтиёрида эди.

- Терговчи хоҳласа, учрашувга рухсат бермаслиги ҳам мумкин эди. Янги қонунда ёзиб қўйибди, терговчининг розилиги билан учрашиши мумкин, деб. Вақти ҳам конкрет белгиланган. Ойига икки марта учрашиши мумкин. Бу декларатив характерга эга бўлса ҳам ҳуқуқда. Ҳуқуқни талаб қилиш учун имконият беради, - дейди Руҳиддин Комилов.

Шунингдек, шу вақтга қадар бирор шахсни ушлаган ёки ҳибсга олинган ҳуқуқ-тартибот идораларининг вазифалари, мажбуриятлари, ваколатлари каби масалалар турли ҳуқуқий меёрларда кўрсатилган бўлса-да, қонун билан белгиланмаган эди.

- Ушлаб турилганлар, қамоққа олинганларнинг сақлаш жойлари, ички-тартиб қоидалари, Ички ишлар, Миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг бурчлари, ҳибсдагиларнинг ариза, шикоятлар юбориш тартиби, Омбудсманнинг ўша ерга кириши, бу ҳолатларнинг ҳеч бир жиноят процессуал кодексида бунақа батафсил ëритилмаган эди, - дейди ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов.

Адвокат президент имзоланган янги қонундаги яна бир неча муҳим жиҳатларни тилга олар экан, Ўзбекистонда ишлаётган бутун бошли ҳуқуқ-тартибот идораларининг айнан ҳибсга олиш ва ҳибсда сақлаш фаолиятига оид қонуннинг қабул қилинишини жуда муҳим воқеа, деб ҳисоблашини айтар экан: "Ҳамма қонун ҳам ижроси билан гўзал!" деб қўшимча қилиб қўйди.


Ҳибсхонага кирасиз, аммо қуруқ қўл билан!

Ўзбекистонда фуқароларнинг ушланиши, ҳибсга олиниши ва судловга қадар ҳибсда сақланиши жараёнида қийноқлар қўлланилиши ҳақидаги ҳолатларни ҳам маҳаллий, ҳам халқаро ташкилотлар йиллардан буён эътироф этиб келади.

Гарчи янги қонунда ҳибсда сақланаётган шахслар суд ҳукмига қадар айбсизлик презумциясига эга экани ва шунга кўра, уларга нисбатан ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий қийноқ қўлланиши мумкин эмаслиги таъкидланган бўлсада, ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловга кўра, қонунда ҳимоя томони учун икки жиддий чеклов ўрнатилганини тилга олди.

Булардан бири ҳибсда сақланаётган шахс билан ҳимоячисининг учрашуви чоғида ахборот ташиши мумкин бўлган техник воситалардан фойдаланишга имкон берилмаганидир.

- 22-моддада учрашув берилганда, ҳимоячилар, қонуний вакиллар, қариндошлар, бошқа шахсларнинг ëнида алоқа воситалари, шахсий компютер, фотоаппаратлар, видеокамераларнинг бўлиши тақиқланади, дебдида. Энди қариндош-уруғлари тушунарли. Лекин ҳимоячи процессда исботловчи тарафда. Мисол учун, ҳибсдаги шахсда тан жароҳати бор, дейлик. Уни далил сифатида тақдим қилиш учун албатта фотоаппарат бўлиши керак.

Руҳиддин Комиловга кўра, яна бир жиддий чеклов адвокатнинг ўз ҳимояланувчисидан оладиган гувоҳлик кўргазмалари борасида.

- Қонунда ёзиб қўйибди, ҳибсдаги шахснинг ҳимоячига ëзган хатлари тегишли иш юритув органлари орқали чиқарилади, деб. Энди девонхона орқалида мисол учун. Бунақада адвокат тушунтириш хати олиб чиқа олмайдида. Адвокат киролмасдан ташқарида ўтирган бўлсада, ҳибсдаги гувоҳлик берадиган бўлса, ким кафолат беради унинг гувоҳлик кўргазмаси ëки тушунтириш хати адвокатнинг қўлига етиб боради деб, - дейди Ўзбекистонлик адвокат Руҳиддан Комилов.


Яна ҳамма ихтиёр терговчида қолди!

Тошкентлик яна бир адвокат Комила Соипова шаҳарда танилган адвокатлардан бири ва кўп ҳолларда диний мотивларда гумон қилиниб, ушланган ва ҳибсга олинган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келади.

Янги қонун лойиҳаси ҳеч бўлмаса, қўлимизга бир ҳужжат бўлди, дейди бу адвокат.

- Олдин бирон нарса талаб қиламан, десак қўлимизда жиддий ҳужжат бўлмас эди. Ҳозир ҳеч бўлмаса қонун бор, - дейди Комила Соипова.

Аммо адвокатга кўра, бу қонун шу вақтга қадар қонунсиз ва одатан, Ички ишлар вазрилиги ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг инон-ихтиёри билан амалга ошириб келинган жараёнга жиддий ўзгартириш кирита олмайди.

Энг муҳим ҳуқуқ — ушланган ёки ҳибсга олинган шахснинг ертўлалардаги ҳибсхоналардан ташқи оламга боғланиш ҳаққи ҳалиям мутлақ терговчининг ихтиёрида қолмоқда, деб ҳисоблайди адвокат.

- Улар бизга ўхшаган адвокатларни умуман ичкарига киритмайди. “У ëқдамиз, бу ëқдамиз, жойимизда йўқмиз”, деб ўтириб олишади. Ичкарида бўлса, ушланган одамга “Нима қиласан адвокатни? У-бу”, деб қулоғига лағмонни осадида, бизни отказ қилдиради. Кейин “корманный” адвокат олишади, ҳамма ишни ҳоҳлаганидай битказиб қўйиб, кейин қариндошлари олган адвокатни чақиришади. Ҳозир янги қонунда ҳам аҳвол шу бўйича қолдида, - дейди тошкентлик адвокат Комила Соипова.

Ўзбекистонда 2008 йилда қамоққа олиш учун санкция бериш ҳуқуқи прокуратурадан судга олиб берилган эди.

Комила Соипованинг кузатувларига кўра, судлар санкция тўғрисида киритилган сўровларни деярли юз фоиз қондириб келмоқда.

- Тошкент шаҳри бўйича бир неча ҳолат менга маълумки, судлар етказилган зарар қопланганидан кейинги санкция сўровига рад жавобини берган. Қолган ҳолларда сўраб-суриштириб ўтирмасдан, ҳибсда сақлаш тўғрисидаги санкцияни беришяпти. Бу соҳа умуман назорат қилинаётгани йўқ. Санкция қанчалик асосли бериляпти, нега бериляпти — умуман отчётность йўқ, - дейди Комила Соипова.

Комила Соипова янги қонунда ушланган ва тергов-суриштирув чоғида ҳибсда сақланаётган шахсларга белгилаб қўйилган қатор ҳуқуқларга риоя этилишини назорат қиладиган механизм йўқлигини ҳам таъкидлади.

- Бизга ИВСларга кириш имкони йўқ. Қариндошлари киролмайди. Халқаро Қизил ярим ойга ўхшаган ташкилотлар ҳам киролмайди. Демакки, қонунда белгиланган тартибда бу одамларнинг ҳуқуқига риоя қилинаётганини сиз ҳеч қачон билолмайсиз. Бечора ҳибсдагиларнинг айтганлари эса ҳужжат бўлолмайди, - дейди Комила Соипова.


Ҳуқуқ фаоллари ҳануз тергов жараёнидан ташқарида

Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятига ўзбекистонлик фуқаролардан айнан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушланиши, ҳибсда сақланишига оид ойига ўнлаб мурожаатлар бўлади.

Бундай пайтда ушланган фуқаро, уни ушлаган ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ҳимоячилар ўртасидаги муносабатни тартибга солувчи қонуннинг пайдо бўлганини бу жамият ҳам ижобий баҳолайди.

Аммо, ташкилот фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳам янги қонунда тилга олинмаган ва шунинг билан фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини чеклаган яна бир неча ҳолатларни тилга олди.

Булардан бири, жамоатчи ҳимоячиларнинг тергов ва судлов жараёнларига қўйилмаслигидир.

- 2009 йилнинг 1 майида адвокатлик фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида фармон чиқди. Ўша фармон билан ҳуқуқ ҳимоячиларининг судда жамоатчи ҳимоячи сифатида қатнашиши чеклаб қўйилди бир қадар. Шунинг оқибатида, икки йил давомида биз ҳали жиноят процессларига, тергов жараëнларига кира олганимиз йўқ. Янги қонунда ҳам бу ҳақда ҳеч нарса йўқ, - дейди “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли.


Тергов ҳибсхоналари жамоатчиликка қоронғу маскан

Инсон ҳуқуқлари фаоли бўлган Абдураҳмон Ташановнинг касби журналист. У Ўзбекистон оммавий ахборот восталари нисбатан эркинроқ фаолият юритган даврларда ҳам тилга олмай келган мавзулардан бири республикадаги юзлаб ҳисбхоналар шароити бўлганини айтади.

Унга кўра, бу масканларнинг жамоат кўз ўнгидан четда қолиши янги қонун билан белгиланган талабларнинг ижро этилмай қолаверишига асосий сабабдир.

- Бетонларга сувлар тўкилиб қўйган, махсус қийноқ ускуналари қилинган, деган маълумотлар бор. Подваллар совуқ бўлади ва ўша совуқда пол устига сув тўкиб қўйгандан кейин холодилникдай бир микроклимат бўладида, қийнаш учун, руҳан босим ўтказиш учун, - дейди суҳбатдошимиз.

Абдураҳмон Ташанов руҳан эзилган одамнинг айбловни тезроқ бўйнига олиши ва ҳибсхоналардаги аҳвол махсус шундай ҳолга келтирилганини қайд этади.

Унга кўра, шу вақтга қадар ҳам аслида вақтинчалик тергов изоляторлари, ҳибсхоналардаги вазият ҳамда ҳуқуқ-тартибот идораларининг бунга оид фаолиятини идора қилувчи ҳуқуқий асослар бўлган.

- Бу муваққат низом кўринишда бўладими, қонун кўринишида бўладими — ҳуқуқий меёрлар бўлган. Лекин буларнинг амалда йўқлиги сабаби ўша ердаги ички ҳолат, ички шароитнинг сир сақланиши. Яъни, оммавий ахборот воситаларига бу маълумот берилмайди. Бирорта журналист кириб кўриб ëки камерага тушириб чиққан жойи йўқ.

Бу жойлардаги шароитни одамларга намойиш қилиш керак, кўрсатиш керак. Шундагина у ердаги ходимлар, унга масъул бўлганлар шунга қараб, ишини ўнглайди. Яъни, шаффофлик бўлмас экан аҳвол ўнгланмайди. Ва энг муҳими, бу қонуннинг ижроси талаб қилинаётган ИИВ, МХХ фаолияти, ваколатларига оид қонун бўлмас экан, ҳозирги аҳволнинг ўнгланишига ишониш қийин, - дейди Ўзбекистонда “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонунга муносабат билдирган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов.
XS
SM
MD
LG