Линклар

Шошилинч хабар
10 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:34

Райс Рамсфелд билан Андижон бўйича келишолмаган


Бу ҳақда АҚШнинг аввалги президенти Жорж Буш даврида Давлат котиби лавозимида ишлаган Кондолиза Райс ўз хотираларида ёзади.

EurasiaNet.org сайтида эълон қилинган мақолада Буш маъмуриятида Андижон воқеалари сабабли юзага келган мунозаранинг айрим тафсилотлари берилади.

Хусусан, АҚШ собиқ Давлат котиби Кондолиза Райс хотира китобидан парчалар келтирилган мақолада 2005 йилда Ўзбекистонда содир бўлган воқеалардан кейин юзага келган вазият, бу мамлакатда Қўшма Штатларнинг Қарши-Хонобод базаси бўлганлигини ҳисобга олган ҳолда Андижон қирғинига қандай муносабат билдирилиши лозимлиги юзасидан Вашингтонда юқори лавозимли расмийлар ўртасида баҳс авжига чиққанлиги баён қилинган.

АҚШ Давлат департаментининг собир раҳбари Кондолиза Райс ўз хотираларида Андижон қирғини бўйича ўша пайтдаги АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд билан келишолмаганини ёзади.

“2005 йилнинг май ойидаги қонли исёндан кейин Давлат департаменти [Каримов] режими ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши юзасидан танқидий ҳисобот чиқарди. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бизга Афғонистондаги ҳарбий амалиёт аввалида тақдим этган ҳарбий базадан ҳайдаб чиқариш билан таҳдид қилди. Эслатаман, биз базадан фойдаланиш учун бироз маблағ бергандик, бироқ диктатор бу битим шартларини бажаришга ўзини мажбур эмас, деб ҳисоблади”, деб ёзади Кондолиза Райс.

Шундан сўнг собиқ Давлат котиби унга Пентагон раҳбари Доналд Рамсфелд қўнғироқ қилгани ва Каримовнинг шартларига рози бўлиш лозимлигини айтганини баён қилади.

“Ҳарбийларга бу база керак, ўртага хавфсизлигимиз масаласи тикилган, деди у (Рамсфелд демоқчи – таҳр.). Мен бу вазиятда Пентагон дуч келган қийинчиликларни тушунишимни айтдим, “бироқ, менинг фикримча, АҚШ ўзининг Ўзбекистондаги ҳарбий ҳозирлиги сақлаб қолиш эвазига инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши юзасидан ўз позициясини юмшата олмайди”, дедим. Боз устига, унинг [Каримовнинг] таҳдидларидан кейин биз ён беришимиз мумкин эмас, дедим. Доннинг фикрича, менинг жавобим унга “инсон ҳуқуқлари миллий хавфсизлик мулоҳазасидан устун туради” дегандек эшитилибди ва у [ўша пайтда Миллий хавфсизлик масалалари бўйича Оқ уй маслаҳатчиси лавозимида бўлган] Стив Хедлига (Steve Hadley) бу масалани президент даражасига олиб чиқишни буюрибди. Албатта президент базани сақлаб қолишни истарди, бироқ у менга позициямни [яъни АҚШ Давлат департаменти позициясини – таҳр.] юмшатишни айтмай қўя қолди, мен ҳам юмшатиб ўтирмадим. Каримов ўз таҳдидини амалга оширди, бироқ мен Қирғизистондаги база ҳақида келишувга эришишга муваффақ бўлдим, бундан ташқари, тожиклар ҳам “зарурат туғилиб қолган тақдирда” уларнинг ҳудудидан фойдаланишимиз мумкинлигига очиқ ишора қилишди”, деб ёзади собиқ Давлат котиби Кондолиза Райс.

Аввалроқ Андижон воқеалари ҳақида ўз фикрларини баён қилган АҚШ собиқ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Озодлик билан суҳбатда 2005 йилда Қўшма Штатлар расмийларининг бу борада олган қарорлари хато бўлганини таъкидлаганди.

- АҚШ Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукуматини асоссиз равишда¸ ҳали фактлар тўлиқ маълум бўлмай туриб кескин танқид қилди ва мен буни Буш маъмуриятининг ташқи сиëсатдаги энг катта хатоларидан бири, деб биламан, - деганди Рамсфелд.

Аммо EurasiaNet.org сайтида эълон қилинган мақола муаллифи Жошуа Кучера фикрича, Вашингтоннинг Андижон воқеалари кейин олган қарорлари, Рамсфелд хавотир олгандай, Ўзбекистонни Россия қучоғига туширмади.

“Вашингтонга ён босишни унча истамаган Ўзбекистон Россия билан ҳам апоқ-чапоқ бўлиб кетгани йўқ”, деб ёзади Кучера.
XS
SM
MD
LG