Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:46

"Ўғлим Обамани ўлдирадиган бола эмас"


Улуғбек Қодиров устидан бошланиши кутилаëтган маҳкама жараëни бир неча марта кечиктирилди.
Улуғбек Қодиров устидан бошланиши кутилаëтган маҳкама жараëни бир неча марта кечиктирилди.

АҚШда президент Обамани ўлдириш фитнасида гумонланиб қамоққа олинган Улуғбек Қодировнинг онаси шунга ишонади.


"Давр менинг тақдиримда" эшиттиришининг бугунги қаҳрамони Тошкент Генетика институти тадқиқодчиси, вирусолог олима¸ 57 яшар Зарифа Қодирова.

Зарифа Қодированинг Америкада яшаëтган ўғли Улуғбек Қодиров АҚШ президенти Барак Ҳусайн Обамани ўлдириш фитнасида гумонланиб ҳибсга олинган.

Бугунги суҳбатимиз бир олима аëлнинг сўнгги 20 йилдаги тақдири, саробга айланган Америка орзуси ва террорчиликда айбланаëтган ўғил ҳикоясидан ташкил топди.

Орзуси ушалган аëл

Зарифа Қодирова 1957 йилда Тошкентнинг Чиноз туманида туғилди. Ëшлигида трамвайда бир рус кондукторидан “баран” деган ҳақоратли гап эшитганидан кейин¸ Москвада ўқиб олима бўлишга аҳд қилди.

- Бизлар чинозликмиз. Битта нарса қаттиқ эсимда қолган. Менинг дадам ўқитувчи, онам чевар бўлганлар. Уйимизда помидор экардик. Ўша помидорни опам коробкага солиб сотишга олиб кетарди. Укам бор мендан 10 ëш кичкина. Мен укамни кўтардим, опам коробкаларни кўтариб трамвайга солдик. Опам билет олдилар, коробкаларга ҳам пул тўладилар. Кейин опам тушаëтганда кондуктор “Билетинг қани” деб сўради. Опам билетни қидиришни бошлаганида опамга “Баран” деди. Мана шу нарса қаттиқ эсимда қолиб кетган. Ўзи қўли билан билет сотган. Коробкада чиққан одам, ëш болали одам кўпмас эди, дейди Зарифа опа.

Зарифа Қодирова аввалига Тошкент Давлат университетининг Биология куллиëтида, кейин эса Москвадаги Ломоносов номли университетда таҳсил олди. Вируслар бўйича илмий иш ëзиб¸ фан номзоди бўлди.

Қадами қутлуғ фарзанд

Зарифа опа турмушга чиқиб икки ўғил кўрди. Биринчи ўғлига Отабек, иккинчисига Улуғбек деб исм қўйди. Улуғбекнинг қадами қутлуғ келди, бу бола оиламизга файз олиб келди, дейди Зарифа опа.

- Улуғбек ўзи жуда файзли бола бўлиб келди. Чунки Улуғбек туғилгандан кейин дадаси келиб “Мен машина олдим” десалар ҳайрон бўлганман. Машина олишга бизда пул йўқ. Қанақа қилиб олади, ҳазиллашаяптими¸ деб турсам, “Машина олдим” дедилар. Қарасам эски Жигули. Укаларидан қарз олиб машина олиб, секин-секин қарздан қутулиб ўша машинада кира қилиб бизларни қанча йил боқдилар. Улуғбек жуда спокойний бола бўлди. Боғчага борди. Ўша пайтда энди ўрис группага бердик. Боғча опаси жуда яхши кўрарди, дейди Зарифа опа.

Индамас бола

Улуғбек ëшлигидан камгап эди. Бир кўзи яхши кўрмас эди. Боғчада тинчгина ўтирар эди, деб Зарифа опа ўғли ҳақидаги ҳикоясини давом эттиради.

- Жим ўтирарди. Тўполон қилмас эди. Бир куни қўшни группадаги боғча опалар “Ўғлингиз гап биладими? Билмаса, спецбоғчага бермайсизми?” дейди. Мен “Йўқ, бу гапиради” дедим. Боғчадан олиб чиқишим билан уйга қараб чопарди. Уйда ҳам югуриб юраверарди. Боғчага борса, яна индамасдан ўтираверарди. Ëшлигидан урушқоқ бола бўлмаган. 6 ëшида медосмотрдан ўтаëтганда чап кўзи кўрмаслиги маълум бўлди. Битта кўзи кўради, битта кўзи яхши кўрмайди. Роса хафа бўлганман, йиғлаганман, дейди Зарифа опа.

Зарифа опа ўғли чизган расмларни кўриб¸ бу бола рассом бўлади¸ деб умид қилган эди.

- Расмларни яхши чизарди. Ҳайвонларни, қушларни чизишни яхши кўрарди. Жуда қойил қилиб чизарди. Бунда шунақа қобилият бор деб Пионерлар саройига олиб борсам, қаранг унинг характери қанақа шаклланаркан, ўзи мустақил расмни зўр чизади, лекин устоз кўриб “бундай чизасан, ундай чизасан” деса, бормайман деб туриб олди. “Ойи, мен бормайман расм чизишга”, дейди. “Нимага бормайсан?” десам, индамас, қайсар бола эди. “Мен яхши чизардим. У менга ëмон чизишни ўргатиб қўйди” деди, дейди Зарифа опа.

Улуғбек расм чизишни ташлаб шахмат ўйнашга бошлайди. Шахмат билимдонлари бу боладан катта шахматчи чиқади¸ деб башорат қилишди.

- Октябрда шахматга борган бўлса, ноябрда уни мусобақага қўйди. Мусобақадан 3-разряд олиб келди. Кейин қишки каникул келди. Қишда яна битта разряд олиб келди. Баҳорда ҳам битта разряд олди. Шахмат тренери ўрис эди. “Бу роса қобилиятли бола. Қолсин” деб шунақа ялинди, дейди Зарифа опа.

Улуғбек эса шахматни ташлаб, лицейда ўқиб бошлади. Лицейда ўқиëтганда ўғлим анча ўзгарди, дейди Зарифа опа.

- Лицейга берсак, бирданига таланти намоëн бўла бошлади. Қанақадир бўйи ҳам тез ўсиб кетди, шахдам юрадиган бўлди. Ўқишлари ҳам яхши, дейди Зарифа опа.

Ўқиш контракти учун балиқ тижорати

Улуғбек лицейни битирганидан кейин оила мажлисида унинг қайси олийгоҳга кириши масаласи кўрилди. Зарифа опа ўғлининг биолог бўлишини истади. Зарифа опанинг укалари эса, “Опа, сиз шунча ўқиб қўлингиз пул кўрмади. Келинг, шу ўғлингиз доктор бўлсин” дейишди. "Улуғбек Тошкент Педиатрия институтига ўз кучи билан кирди. Фақат контракт пули масаласи кўндаланг турди", дейди Зарифа опа.
Улуғбек эса бу масалани осонгина ҳал қилди. Аквариумда декоратив балиқларни урчитиб сота бошлади.

- Мен ўзи биофакка киради деб ўйладим. Биофакни битирса, чет эллар билан алоқаси борда бизларнинг институтни, ўша йўналиш бўйича кетади¸ деган эдим. Қўлида ҳужжат¸ қаëққа киришини билмаймиз. Кейин онамнинг ëнига бориб маслаҳатлашдим. “Қаëққа киради?” десам, укам “Сиз биофакни битиргансиз. Ҳеч қачон сизнинг қўлингизда пул бўлмаган. Доктор бўлса, қўлида бир-икки сўм пули бўлади. Нима қиласиз ўғил болани шунақа жойга киритиб. У яхши доктор бўлади. Шахматга қобилияти бор докторлар яхши диагноз қўя олади” деди.

Бизларнинг уйда укаларим, опаларим, келинлар доктор. “Мана Бахтиëр акамни бутун Чиноз танийди. Чунки диагнозни тўғри қўяди. Шунга ўхшаган бўлишини хоҳламайсизми” деди. Тиббиëт институтида танишимиз йўқ, пулимиз йўқ бировга берадиган. Шундай борди, топширди, кириб кетди. Контрактга кирди. Домда турамиз. Аквариум олиб келиб уйда балиқ боқди. Балиқ боқиб, кўпайтириб сота бошлади. Балиқ боқади, ишлайди, дейди Зарифа опа.

Америка орзуси

Зарифа Қодирова 2008 йилда USAID нинг ўзбек олимлари учун мўлжалланган дастурида қатнашиш учун АҚШга таклиф қилинди.

АҚШдаги Биотадқиқотлар институтида Зарифа опа дунëдаги етакчи вирусолог олимлар билан тажриба алмашди. Ўзи каби олимларнинг АҚШдаги фаровон ҳаëтига ҳавас қилди.

Тошкентдаги уйидан Қибрайдаги Генетика институтига учта транспортда борадиган Зарифа опа ўзи каби олимларнинг АҚШда ҳашаматли машиналарда юришини кўрди. Кошки ўғлим Америкада таҳсил олса, деб орзуманд бўлди.

- 2008 йилда борган эдим. Мичиганга, Вашингтонга бордим. “Агар студентлар ўқишга кирса, контрактга пули етмаса, университет иш топиб беради” деган китоб бор эди. Ўшандан кўтариб келиб уйда мулоҳаза қилдик. Унинг ўқигиси келди. Унгачи¸ мен айбдорман. Ўқи, ўқи деб мен нима қилиб қўйганман. Чет элда ўқиганларга роса ҳавас қилардим. Ўзбекистонда ҳам ëмон эмас. Бой бўлмасак ҳам Ўзбекистонда ҳаëтимиз ëмон ўтган эмас. Худога шукур¸ шундай ватанда туғилиб ўсиб шу ерларда ўқидик.

Ўғлимга “бекор юрмасдан қулоғингга тақиб инглиз тилини эшитиб юргин” дедим. Боргандан кейин ўтиб кетдида. Бир кунда 40-50та бола кирса, 2-3-4таси виза олаëтган эди. Ўшаларнинг ичида Улуғбек ҳам ўтди. Менинг режам шунақа эди: у ерда икки ой ишлайди, 500 доллар ишласа ҳам, 1000 доллар ишласа ҳам контракт пули, ҳам юрт кўрасан. Менинг виждоним қийналгани боламни мен жўнатдим. Америкага мен борганимда ҳавасим келди¸ тўғриси. Бизнинг юртимиз ҳам¸ Оллоҳга минг қатла шукур¸ тинч. Бултур мен Покистонга бордим, Ҳиндистонда бўлдим, бошқа жойларни ҳам кўрдим. Лекин Америка кўзимга жуда тинч кўринган эди, дейди Зарифа опа.

Улуғбекнинг Америка севгиси

Бугун АҚШ президентини ўлдириш режасини тузганликда айбланаëтган Улуғбек Қодиров Тошкентда пайтида Америка ошиғи эди. Улуғбекнинг онаси Зарифа опа ўғли АҚШ байроғи акс этган бўйинбоғ тақиб юрганини айтади.

- Улуғбек Американи қанчалик яхши кўргани тўғрисида айтайми? У жуда севарди Американи. 14-15 ëшида галстук сотиб олди. Мингта галстукнинг ичида Американинг байроғи бор галстукни сотиб олибди. Шуни қўймасдан тақиб юрди. Америкага ҳам шуни тақиб кетган. Унда ҳеч қачон америкаликларга қарши гап ҳам бўлмаган, фикр ҳам бўлмаган. У сиëсатдан узоқ бўлган. У одамларни роса яхши кўрган. Американинг одамларини ҳам яхши кўрган. Улар бизларга ўхшаган одамлар. Мана мисол учун¸ улар Худога ишонади, эътиқоди бор. Бировни хафа қилмайди, бировнинг ҳақини емайди. Яхши одамлар. Ишласа, пулини бериб турса, нимаси ëмон. Фақат ўқимоқчи бўлиб борган. Просто унинг миясини заҳарлашди. Унда Америкага қарши ҳеч қандай нарса бўлмаган, дейди Зарифа опа.

Ойнинг қоронғу тарафи

АҚШга борган Улуғбек Америка орзусининг амалга ошиши анчайин мушкул юмуш эканини билди. Ню Йоркдан Алабамага кўчди. Онаси билан гаплашганида Улуғбек АҚШда узоқроқ қолишга қарор берганини айтди.

- Охирги пайтлари мен унга “Сен ўқишга етиб келгин” деяëтган эдим. Кейин “сен рўзага етиб келгин” деб мажбурлай бошладим. Ичим хавотирлана бошладида. Бизлар рўза тутамиз. Турк билан ишлаганда у машина олдида пулини вложит қилди бир нарсага. Кейин ўша пайт бизга 2000 доллар пул жўнатди. Кейин ишлаб пул топаман¸ деб ишсиз қолиб кетди. Араблар унга пул беришмади¸ шекилли. Дадаси операция бўлди. Операция жуда оғир ўтди. “Улуғбек, операциялар жуда оғир ўтди. Битмаяпти” дедим. Индамади, дейди Зарифа опа.

Тақвонинг кучайиши

Юм-юмалоқ ер куррасиниг қарама-қарши нуқталарида турган она ва бола телефонда суҳбатлар қилишади. Бир сафар ўғлим “масжидга боряпман” деб қолди, мен хурсанд бўлдим, дейди Зарифа опа.

- Тошкентда намоз ўқимас эди, мачитларга бормаган. Бизларнинг оиламиз унақа оила эмас эди. “Мачитга кирдим. Бу ерда мачит қизиқ экан. Туркларники бошқа, Покистонники бошқача экан. Мен мачитларни кўраяпман” деди. Мен “Мачитларга кирсанг яхши экан” дедим. Мен ҳеч ҳам ëмон нарса ўйламадим. Бунақа бўлиб кетади¸ деб хаëлимнинг чеккасига ҳам келмасди. Чунки биз Америкага борганимизда бутун дунëдан йиғилдикда. 28та одам бўлсак, ўшанинг 70-80 фоизи мусулмонлар эди. Африкадан келган, Туркиядан келган, араб ҳам бор эди. Ўша мусулмонларга қараб ҳавасим келган эди. Мана мусулмонлар ҳам илмда юрибди, ҳам диний таълими бор. Мана шунақа бўлса яхши экан¸ деб ўйлаганман. Ëмон нарса умуман ўйламаганман.

Кейин мен “Улуғбек у ерда яхши экан. Ўранганлар ҳам ишлаб юрибди. Яхши экан” дедим. Ëмон нарса хаëлимизга келмади. У ҳатто Ню Йоркда юрганда ҳам намоз, бошқа нарсалари йўқ эди. Унга жойнамоз тикиб берган эдим. Мен ўзим “Улуғбек, мен сенга жойнамоз тикиб бераман. Жуда қийналсанг, намоз ўқийсан. Мусофир одам намоз ўқиса яхши бўлади” деб беқасамдан жойнамоз тикиб бердим. Намоз ўқишни билади. Унақа беш маҳал намозлар ўқиган эмас эди. Ню Йоркда ҳам у намоз ўқимас эди, Виржинияда ҳам ўқимади. Кейин Алабамага борди. Алабамага боргандан кейин “Ойи, менинг устозим бор. Қуръон ўқияпман” деди. Яхши экан, дедим. Намоз ўқиса нимаси ëмон деб ўйлабмиз, дейди Зарифа опа.

Зарифа опанинг ўғли “опа, рўмол ўраб юринг” деб астойдил илтимос қила бошлади.

- Менга айтган рўмол ўраб юринг деб. Хўп ўғлим, ўраяпман, деганман, лекин мен ўрамайман. Биз ҳаммамиз очиқмиз. Оллоҳнинг иродаси билан паранжи ташланган. Оллоҳнинг иродаси билан бизлар ҳозир мана шундай юрибмиз, дейди Зарифа опа.

Таҳсил учун АҚШга борган Улуғбекнинг соқол қўйгани маълум бўлди.

Зарифа опанинг катта ўғли Отабек “укам соқолини олиб юрсин, яна тағин бировлар уни ваҳҳобий деб ўйлашмасин” деб хавотир олди.

- Отабек “Соқолини олиб келсин. Соқолини олиб келмаса, уни ваҳҳобий деб ўйлашади” деди, дейди Зарифа опа.

Нохуш хабар

Зарифа опа Қибрайдаги институтда тадқиқотлар олиб бораëтган пайтда уни зудлик билан уйга чақиришди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Зарифа опанинг ўғли Улуғбек Қодиров АҚШ президентига суиқасд қилишни режалагини учун қамоққа олинганини айтишди.

Кейинчалик бу хабарни Зарифа опа АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси биносида АҚШ Марказий разведкаси ходимларидан ҳам эшитди.

- Қўни-қўшнилар билмади, ҳеч кимга айтмадик, лекин маҳалла комитетидагилар билишди. Интернетга кирганлар билди. Ишхонамда ҳам ҳеч кимдан бекитганим йўқ. Ишхонамдагилар ҳаммаси билишди. Анави куни битта бола келиб “Зарифа опа, орқангиздан гапиришаяпти. Эссизгина, шунақа яхши хотиннинг боласи ваҳҳобий бўлиб кетди дейишаяпти” деди. Мен “Менинг орқамдан гапиришаëтганини биламан” дедим. Бирорта одам юзимга “сенинг ўғлинг шунақа бўлиб кетибди” дегани йўқ, дейди Зарифа опа.

Қамоқхонадан қўнғироқ

2011 йилнинг сентябрида Зарифа опа АҚШ қамоқхонасидаги ўғли Улуғбек билан суҳбатлашди.

“Сен Барак Обамани ўлдиришни режалаганмидинг?” деб сўради муштипар она, оқ ювиб оқ тараган ўғлидан.

- Интернетда “президентни ўлдиришга гуруҳ тузмоқчи” деб ëзиб қўйибди. “Гуруҳ тузмоқчимидинг?” десам, “Ойи қатта” дейди. Унинг гуруҳ туза оладиган нимаси борми? “Сен шунақа қилмоқчимидинг?” десам, “Йўқ” деди. У менга ëлғон гапирмайди. Ҳаëтда ëлғон гапирган бола эмас. У қанақасига Барак Обамани ўлдириши мумкин? У чумчуқни ҳам ўлдира олган бола эмас. Роса кўнгли тоза. Лекин ҳамма айб менда. Ўша ëққа жўнатган менман. Институтда аълога ўқирди. У қийинчиликка тушиб қолди¸ шекиллида. У ўзи ўқимоқчи эди, дейди Зарифа опа.

Ўғлим гуноҳкор эмас

Зарифа опа ўғли гуноҳкор эмаслигини такрор ва такрор айтади.

- Биринчидан, у ҳаëтда одам ўлдирадиган бола эмас. Обама Баракни тем более ўлдирмасди. Уни мана шу йўлга солишган. Милтиқ олиб келасан, бир нарса қиласан деб подстава қилишган, бир нарса қилишган хуллас. Келсинда, ўқишини ўқисин, яхши доктор бўлиб олдимда юрсин. У одам ўлдирмоқчи бўлган бола эмас, дейди Зарифа опа.

Зарифа опа билан икки соатдан кўпроқ суҳбатлашдик. Зарифа опа АҚШдаги маҳкамада ўғлини ҳимоя қилиш адвокат ëллашга пули йўқлигини айтди. Айни пайтда Зарифа опа Худодан ўғли айбсиз деб топилиб қучоғига қайтишини сўрамоқда.

- Мен уни пул учун юбормаган эдим у ëққа. Одамлар “пул топиб келсин” деб жўнатади. Лекин бир марта “сен пул топмасанг, нима қилиб юрибсан у ерда” деб урушган эдим. Хўжайиним, ўғлим Отабек “Нимага пул-пул деяверасиз? У мусофирчиликда юрибди” деган. “Нима қилиб юрибди. 2,5 йил шу ëқда юриб, бир хонали квартирага пул топмаса, нима қилиб юрибди? Келсинда, ўқишини ўқисин” дедим. Худодан сўраяпман¸ юзи ëруғ бўлиб, оқланиб, эсон-омон кириб келсин. Ҳозир Улуғбек жабрланувчи бўлиб турибди. Ишхонамдагилар ҳам “Улуғбек жабрланувчи бўлиб турибди” дейишди. Ҳеч ким ишонмайди. Ҳеч ким ишонгани йўқ, дейди Зарифа опа.

АҚШ президенти Барак Обамага суиқасд қилишга уринганликда айбланаётган 22 ёшли Улуғбек Қодиров устидан белгиланган маҳкама
жараëни бир неча марта кечиктирилди.

АҚШдаги "The Birmingham News" нашри хабарига кўра, бунга Қодиров ва бошқа гувоҳлар ўртасида ёзиб олинган 35 соатлик суҳбатларни таржима қилиш учун прокурорларга қўшимча вақт керак бўлаётгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Суд ҳужжатларига кўра, 22 яшар Ўзбекистон фуқароси Улуғбек Қодиров 13 июл куни Алабама штатининг Бирмингем шаҳридаги меҳмонхонада ўзини қурол савдогари, деб танитган Федерал тергов бюроси махфий агентидан қурол сотиб олаётган пайтда қўлга олинган.

Қодиров 9, 10, 11 ва 13 июл кунлари АҚШ президенти ҳаëтига таҳдид қилиш билан боғлиқ тўрт жиноятда, жумладан, муҳожирликка оид қонунни бузиш, ноқонуний равишда тўла автоматик қуролга эгалик қилиш ҳамда ноқонуний тарзда гранатага эгалик қилиш каби жами етти жиноятда айбланмоқда.

Қодиров қўйилган айбловлар бўйича ўзини айбдор деб тан олмаслигини билдирган.
XS
SM
MD
LG