Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:21

Тошкентда биометрик паспортга ўтиш бошланди


Фуқароларга уч турда – фуқаролик паспорти, фуқаролиги йўқ шахслар учун ҳаракатланиш ҳужжати ва дипломатик паспортлар берилмоқда.
Фуқароларга уч турда – фуқаролик паспорти, фуқаролиги йўқ шахслар учун ҳаракатланиш ҳужжати ва дипломатик паспортлар берилмоқда.

Икки туманда бошланган биометрик паспорт бериш жараëни бутун пойтахт миқëсига кўчди.


Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан (ОВВИГ)дан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент шаҳрида фуқароларга биометрик паспорт оммавий равишда берила бошланди.

Озодлик суҳбатлашган Учтепа, Шайхонтоҳур, Чилонзор туманларининг Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари ходимлари биометрик паспорт бериш оммавий равишда бўлаётгани ва ҳар бир тошкентлик биометрик паспорт олиши мумкинлигини таъкидлашди.

“Ҳозир биометрик паспортни оммавий бериш бошланди. Лекин янги паспортни олиш мажбурий эмас. 2015 йилгача хоҳлаган вақти олиши мумкин. Биз ким хоҳласа бераяпмиз. Ҳеч бир муаммосиз Учтепа фуқаролари янги паспортни олишаяпти”, деди микрофонсиз суҳбатда Учтепа туман Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг навбатчи ходими.

Тартибга кўра, фуқаронинг биометрик маълумотлари олинганидан сўнг, у 10 кун ичида янги паспортни қўлига олади.

Фуқароларга уч турда – фуқаролик паспорти, фуқаролиги йўқ шахслар учун ҳаракатланиш ҳужжати ва дипломатик паспортлар берилмоқда.

Фуқаролиги йўқ шахслар ва 16 ëшга тўлмаганларга саëҳат ҳужжатлари ва биометрик паспорт бериш қоидалари тўғрисидаги Низомга кўра, Ўзбекистонда биометрик паспорт барча ёшдагиларга, ҳатто 1 ёшга тўлмаган гўдакка ҳам берилади.

Ушбу ҳужжатга кўра, ота-онаси билан хорижга кетаётган бир ёшга тўлмаган болага биометрик паспорт икки йилга берилади. Агар 13 ёшдаги ўсмир хорижга кетиши зарур бўлса, унга паспорт 3 йил муддатга берилади ва у 16 ёшга тўлганида янги биометрик паспорт олиши зарурлиги қайд қилинади. Агар вояга етмаган Ўзбекистон фуқаросининг ëши хорижга чиқиш арафасида 15 ёшдан каттароқ бўлса¸ бундай ҳолларда истисно тарзида паспортнинг амал қилиш муддати 10 йилгача белгиланиши мумкин.

16 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқароларига 10 йил муддатга, мамлакатда яшаётган 16 ёшга тўлган ва тўлмаган фуқаролиги йўқ шахсларга беш йил муддатга берилади.

Агар биометрик паспорт расмийлаштирилаётган фуқаронинг ҳужжатида муддати ўтмаган чиқиш визаси бўлса, у фуқаронинг хоҳишига кўра, автоматик тарзда янги паспортга ўтказилади.

Айни пайтда биометрик паспорт Тошкент вилоятида фақат паспорт алмаштириш муддати келган фуқаролар¸ яъни 25 ва 45 ёшга тўлганлар, 16 ёшга тўлиб илк бор паспорт олаëтганлар ва 16 кирмаган¸ аммо хорижга кетмоқчи бўлган фуқароларга берилмоқда.

Шунингдек, Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро хорижга кетаётган бўлса ёки паспортини йўқотган бўлса биометрик паспорт олиш ҳуқуқига эга.

Жиззах вилояти мутасаддиларининг Озодликка билдиришича¸ Ўзбекистон вилоятларида биометрик паспорт бериш жараёнининг икки ойдан кейин бошланиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, янги биометрик паспорт олаётган фуқаролар энг кам иш ҳақининг 50 фоизи (31 минг 460 сўм) миқдорида давлат солиғи тўлайди.

Озодлик биометрик паспорт олган тошкентликлардан бирортаси билан боғланиш имконига эга бўлмади.

Uznews.net ва Tashkentcity.ru сайтлари Тошкентдаги биометрик паспорт бериш жараёнида узундан-узоқ навбатлар ва тартибсизликлар бўлаётгани ҳақида ёзишди.

Ўзбек мулозимлари мамлакатдан ташқарида яшаётган ўзбекистонликларнинг паспорт алмаштиришида муаммо бўлмаслигини ҳам таъкидламоқда.

“Хорижда юрганлар хорижда консуллик рўйхатидан ўтган бўлса, ўша ернинг ўзида алмаштириш имкони бор. Биз келажакда Ўзбекистоннинг хориждаги консулликларини биометрик паспорт бера оладиган аппаратлар билан таъминлаймиз. Бу келгуси йилга мўлжалланган”,- деган эди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги Хорижга кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходими Улуғбек Тошмирзаев Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Ўзбекистон фуқароларига ҳозирга қадар берилган эски рурусмдаги паспортлар¸ мавжуд қонунга биноан 2015 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади - шу муддатга қадар мамлакат фуқароларини биометрик паспорт билан таъминлаш жараëнининг тугатилиши белгиланган.
XS
SM
MD
LG