Линклар

Шошилинч хабар
06 октябр 2024, Тошкент вақти: 21:06

Ўзбекистонда илм-фан "қисқартирилмоқда"


Тугатилаётган корхоналар орасида бир пайтлар фазо кемаларини ишлаб чиқишда иштирок этган "Алгоритм" илмий институти ҳам бор.
Тугатилаётган корхоналар орасида бир пайтлар фазо кемаларини ишлаб чиқишда иштирок этган "Алгоритм" илмий институти ҳам бор.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 7 февралда қабул қилган “Фанлар академияси таркибини оптималлаштириш ҳамда илмий муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорга биноан бир қатор илмий муассалар тугатилади, баъзилари қайта ташкил қилинади.

Президент Ислом Каримов имзолаган қарорга биноан Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Самарқанд минтақавий бўлими ва "Алгоритм-инжиниринг" илмий-текшириш институти тугатилади.

Шунингдек, Андижон-Наманган илмий маркази, Бухоро илмий маркази, Жанубий минтқавий илмий марказ, Фарғона илмий маркази тугатилиб, мулклари ва лойиҳалари Андижон, Бухоро, Қарши ва Фарғона давлат университетларига ўтказиб берилади.

Фалсафа ва ҳуқуқ институти ҳам тугатилиб, лойиҳалари ва мулки Миллий университетга (фалсафа) ҳамда Тошкент давлат юридик институтига ўтказиб берилади.

Академиянинг Иссиқлик физикаси бўлими ҳам тугатилади ва бу бўлим қилган иш билан бундан буён янги ташкил қилинаётган Ион, плазма ва лазер технологиялари институти шуғулланади.

Биохимия институти ҳамда Физиология ва биофизика институти тугатилиб, булар ўрнида Биоорганик химия институти фаолият юритади.

Ҳукумат қарорида яна бир қатор илмий муассалаларнинг тугатилиши ёки қайта ташкил қилиниши ҳақида айтилган.

Ахборот агентликларининг Вазирлар Маҳкамаси қарори тўғрисидаги хабарларида айтилишича, Фанлар академияси тизимидаги ислоҳотлардан мақсад илмий муассасалар самарадорлигини замонавий талаблар даражасига кўтариш, олий ўқув юртлари илмий потенциалини ривожлантириш ҳамда фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришдан иборатдир.

Ислоҳотлардан кўзда тутилган мақсад ва вазифалар шарҳини излаб Фанлар академиясининг расмий сайтига кирдик. Охирги материали 20 январда жойлаштирилган мазкур сайтда ўрганаётганимиз қарор тўғрисида қисқагина хабар ҳам йўқ.

Умуман, ҳукумат қарори ўзбек олимлари учун кутилмаган ҳужжат бўлган кўринади.

Ҳар ҳолда Фанлар академияси ахборот бўлимининг ўзини таништирмаган ходими қарорни шарҳлаб бериш тўғрисидаги сўровимизга мана бундай жавоб қилди.

- Акажон, мен ҳозир бу саволингизга жавоб бера олмайман. Чунки мен ҳозир просто тайëрмасманда, тушунаяпсизми? Мен ҳозир бошқа иш билан банд эдим. Ҳозир внезапно савол бўлаяптида менга. Срочно задание берилган эди менга. Ўша бўйича ишлаëтган эдим ака, дейди Фанлар академияси ахборот бўлимининг ўзини таништирмаган ходими.

Қарор матни билан ҳали танишишга улгурмаганини Фанлар академиясининг собиқ президенти академик Жўра Абдуллаевдан эшитдик.

- Бахтга қарши мен ҳужжатни кўрганим йўқ. Менга айтишдики кенг қамровли, кенг мазмунли ҳужжат чиққан деган гапни эшитдим, дейди Фанлар академиясининг собиқ президенти академик Жўра Абдуллаев.

Математика ва информацион технологиялар институти ҳам, ҳукумат қарорига биноан қайта ташкил қилинаётган илмий муассасалардан бири. Институтнинг исмини айтмаслигимизни сўраган академиги бундай деди.

- Ҳозир иккига бўлиниб математикаси Миллий университет қошига, математика институт Миллий университет қошидаги институт бўлиб кетаяпти. Информатика қисмимиз Ахборот технология университетига ўтиб кетаяпти марказ бўлиб, деди Математика ва информацион технологиялар институти академиги.

Бошланган ислоҳотнинг қанчалик зарурати борлиги тўғрисида суҳбатдошимиз мана бундай фикр билдирди.

- Энди президентнинг нимаси, Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиққан. Ҳозир керакми керакмасми муҳокамасининг нимаси йўқ. Қарор чиқиб бўлдику. Реализацияси энди амалга ошиш жараëни бошланаяпти. Нима билан тугайди, охири яхши бўладими ëмон бўладими бир нарса дея олмайман ҳозир, дейди Математика ва информацион технологиялар институти академиги.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси таркибида, унинг сайти маълумотларига кўра, 5565 ходим илмий тадқиқот билан шуғулланади, Академияда 93 академик, 448 фан доктори ва 1040 нафардан зиёд фан номзоди мавжуд.

7 феврал кунги қарор қабул қилингунига қадар Академия таркибида 37 та илмий муассаса бўлиб, уларда 117 ихтисос бўйича 423 докторант ва аспирант ўқиётган эди.
XS
SM
MD
LG