Линклар

Шошилинч хабар
30 май 2023, Тошкент вақти: 18:18

Халқаро хабарлар

Беларус собиқ раҳбари ҳаракати чекланди

Станислав Шушкевич.
Беларус собиқ раҳбари Станислав Шушкевичнинг мамлакатдан ташқарига чиқиши тақиқланди. Шушкевичнинг айтишича, уни якшанба куни ҳеч бир изоҳсиз Литвага кетаётган поезддан тушириб қолдиришган.

Беларус расмийлари кейинги ҳафталар ичида бир неча таниқли журналист ва мухолифат аъзоларининг мамлакатни тарк этишларига тўсиқ қўйиб келмоқда. Ҳукумат мамлакатни тарк этиши ман қилинган шахслар қора рўйхати борлигини изоҳлашдан бош тортмоқда.

Станислав Шушкевич 1991-1994 йилларда Беларус Олий кенгаши раиси ўлароқ мамлакатни бошқарган.

Кун янгиликлари

Москвадаги мактаб стадионида элликка яқин мигрант қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Москвада 28 май куни полиция томонидан ўтказилган рейд чоғида мактаб стадионида футбол ўйнаётган 49 нафар хорижлик фуқаро қўлга олинган. Бу ҳақда Россия ахборот агентликлари ИИВ матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишди.

ТАСС агентлиги манбасига кўра, мигрантлар маҳаллий турғунларнинг шикояти асосида қўлга олинган. Улар мигрантларнинг маҳаллий болаларни футбол майдончасидан қувиб юбораётганини, болалар ва уларнинг ота-оналарига таҳдид қилишганини иддао этишган.

Агентликлар қўлга олинган мигрантларнинг қайси мамлакатлардан келганига аниқлик киритишган эмас.

Рейд чоғида мигрантлардан айримлари қўлга олиниш чоғида қаршилик кўрсатгани айтилмоқда. Қўлга олинганларга нисбатан 26 та баённома тузилган. Муҳожирлар майда безорилик, полиция ходимига бўйсунмаганлик ва Россияга кириш тартибини бузганлик каби моддалар бўйича айбланишмоқда.

“База” телеграм канали хабарига кўра, полиция мигрантлар футбол ўйнаётган пайтда етиб келган. Канал ёйинлаган видеода қўлга олинган муҳожирлар чимга ётқизиб қўйилгани, уларнинг айримлари полициячилар томонидан резина тўқмоқ билан саваланаётгани ёки тепилаётгани акс этган.

“Подъём” нашри мазкур мактаб стадионидан бир неча ойдан буён фойдаланиб келгани ҳақида ёзган.

“Европа Иттифоқи - Марказий Осиё” саммити Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтказилади

“Европа Иттифоқи - Марказий Осиё” форматидаги биринчи саммит 2022 йил 27 октябрда Остонада ўтказилган эди.

“Европа Иттифоқи - Марказий Осиё” саммити 2 июн куни Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятидаги Чўлпонота шаҳрида ўтказилади. Бу ҳақда 30 май куни Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муротбек Азимбакиев маълум қилди.

Унга кўра, саммитда Қирғизистон президенти Садир Жапаровдан ташқари Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон Министрлар кабинети раиси ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов ва Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель иштирок этади.

“Саммитда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги аҳволи ва келажакдаги режалар муҳокама қилинади. Халқаро майдондаги долзарб муаммолар юзасидан Марказий Осиё давлатлари билан Европа Иттифоқининг ўзаро ҳаракатлари юзасидан фикр алмашинилади”,-деди расмий.

Саммит доирасида президент Садир Жапаров минтақа давлатлари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувларни ҳам ўтказади.

3 июнда эса Европа Кенгаши президенти Шарль Мишелнинг Қирғизистонга расмий сафари бошланади. Сафар доирасида Мишель президент Садир Жапаров билан юзма-юз ва кенгайтирилган форматда музокаралар ўтказади.

“Европа Иттифоқи - Марказий Осиё” форматидаги биринчи саммит 2022 йилнинг 27 октябрида Қозоғистон пойтахти Остонада ўтказилган эди.

ЕХҲТ Туркия президентлигига сайловни “тўлиқ эркин бўлмади” деб топди

Эрдўғон сайловда 52,14 фоиз овоз олган.

ЕХҲТнинг халқаро кузатувчилари Туркияда ўтган президентлик сайловини “тўлақонли ҳалол ва эркин бўлмади”, деб топди.

Кузатувчилар ҳисоботида қайд этилишича, сайловнинг 28 майда ўтган иккинчи босқичида, жумладан, давлат ОАВлари томонидан нохолислик ва сайловчиларга босим кўрсатиш ҳолатлари кузатилган.

ЕХҲТ сайлов демократик тамойиллар асосида уюштирилганини ва сайловчилар ўзлари истаган номзодга эркин овоз берганини тан олди. Бироқ сайловолди кампаниясида оппонентларни камситувчи фикрлар айтилган. Шунингдек, давлат ОАВлари холис бўлмагани ва сўз эркинлиги чеклангани ҳам ҳисоботда таъкидланган.

ЕХҲТ кузатувчилари фикрича, бундай шароитда номзодларнинг имкониятлари тенг бўлмаган ва кўпроқ Ражаб Тоййиб Эрдўғонга ён босиш ҳолатлари кузатилган.

Президентлик сайлови натижалари турк лирасининг қийматига салбий таъсир кўрсатди. 29 май куни Эрдўғон ғолиб деб эълон қилингани ортидан 20,05 лира бир долларга тенглашди. Бу лиранинг рекорд даражада арзонлаши сифатида эътироф этилмоқда. Morgan Stanley банки йил оҳиригача бир доллар 28 лирага тенглашишини башорат қилмоқда. Bloomberg агентлигининг ёзишича, вазиятни ўнглаш учун Эрдўғон пул-кредит сиёсатини ўзгартириши лозим.

29 майда Туркия Олий сайлов кенгаши президент сайловининг иккинчи босқичида, дастлабки натижаларга кўра, 52,14 фоиз овоз олган Ражаб Тоййиб Эрдўғонни ғолиб деб эълон қилди.

Қайд этилишича, 28 май куни ўтказилган сайловнинг иккинчи босқичида берилган овозларнинг 99,9 фоизи ҳисобланганда Эрдўғоннинг рақиби – бирлашган мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғли 47,86 фоиз овоз олган.

Жорий йилнинг 14 май куни Туркияда ўтказилган президент сайловида, расмий маълумотларга кўра, 49,52 фоиз олган Эрдўғон ва 44,88 фоиз олган Қиличдорўғли иккинчи турга йўлланма олган эди.

Москвага дронлар билан ҳужум қилингани айтилмоқда

Москва мэри Сергей Собянинга кўра, “бир нечта бинога унча жиддий бўлмаган зарар етган”.

Москвага 30 май куни эрталаб дронлар билан ҳужум қилингани тўғрисида шаҳар мэри Сергей Собянин телеграм каналида маълум қилди. “Настояшчее время” телеканалининг ёзишича, қатор телеграм каналларда 30 май куни эрталаб Москва вилоятида ҳам ўндан ортиқ дрон уриб туширилгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.

Собяниннинг билдиришича, дронлар ҳужуми оқибатида “бир нечта бинога унча жиддий бўлмаган зарар етган”. Мэр ҳужумлар оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини айтди.

Хабарларда Москванинг Профсоюзная кўчасидаги 98-уйнинг 16-қаватига ва Атласова кўчасидаги 24 қаватли уйга дрон урилгани маълум қилинди. Бу уйларда яшовчилар эвакуация қилинган.

Baza телеграм каналининг ёзишича, Ленин проспектидаги уйлардан бирининг 14-қаватидаги хонадонга дрон учиб кирган, бироқ портламаган. Дронда учта портловчи мослама бўлган. Мазкур уйда яшовчилар эвакуация қилинмоқда. Мутахассислар портловчи мосламаларни зарарсизлантириш устида ишламоқда.

Москва вилояти губернатори Андрей Воробьев ТАССга бир нечта дрон уриб туширилганини айтган. SHOT эса Москванинг жануби-ғарбида тўртта дрон уриб туширилгани ҳақида ёзди. Baza Москва вилоятининг Истринск, Красногорск ва Одинцово туманларида 30 май куни ўндан ортиқ дрон йўқ қилингани ҳақида хабар тарқатди.

Baza телеграм канали хабарида айтилишича, эрталабки ҳужумда жами 25 та дрон қатнашган. Уларнинг кўпчилиги ўта паст учгани учун дарахтлар ва электр симларига илашиб қолган.

Дания Украинага яна 2,59 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатади

Дания бош вазири Метте Фредериксен 30 январда Одессада Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашган эди.

Дания Украинага 17,9 миллиард крон (2,59 миллиард доллар) миқдорида ёрдам кўрсатади. Бу ҳақда Дания бош вазири Метте Фредериксен маълум қилди. Мазкур маблағ Украинага жорий ва келгуси йилда қурол сотиб олиш учун ажратилади.

Март ойида Дания 2023 йилда Украинага ҳарбий ва фуқаровий ёрдам кўрсатиш жамғармасини ташкил қилган эди. Фонд маблағи 1 миллиард долларни ташкил қилади. Дания радиосига берган интервьюсида Фредериксен ҳукумат фонд маблағларини жорий йилда 1 миллиард долларга, келгуси йилда эса 1,5 миллиард долларга кўпайтирмоқчи эканини билдирди.

Украина президенти Владимир Зеленский твиттер саҳифасида Дания ҳукуматига миннатдорчилик билдирди.

Фредериксеннинг бу баёноти НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг шимолий мамлакатларга ташрифи арафасида янгради. Столтенберг шу йилнинг сентябрида НАТО раҳбари лавозимини тарк этади. Метте Фредириксен НАТО бош котиби лавозимига номзодлардан бири сифатида кўрилмоқда.

Испанияда парламент тарқатилди, мамлакатда муддатидан илгари сайлов ўтказилади

Педро Санчес

Испания бош вазири Педро Санчес парламент тарқатилганини ва 23 июль куни муддатидан илгари парламент сайлови ўтказилишини эълон қилди.

Санчес бу баёнотни ўзи бошчилик қиладиган Испания социалистик ишчи партияси ўтган якшанба куни ҳудудий ва муниципал сайловларда муваффақиятсизлиик учрагани ортидан берди.

Сайлов ўтказилган 12 та мухтор ҳамжамиятнинг кўпчилигида овоз бериш натижаларига кўра социалистларнинг доимий рақиби бўлган консерватив қарашдаги Халқ партияси вакиллари ғалаба қозонишган. Консерваторлар учун қарийб 7 миллион киши овоз берган. Бу эса сайловчиларнинг 30 фоиздан кўпроғини ташкил қилади. Социалистлар 6 миллиондан сал кўпроқ овоз йиғишган.

Санчес бош вазир ва партия раҳбари сифатида нима учун парламентни тарқатиш қарорига келгани юзасидан изоҳ бераркан, “гарчи кечаги сайловлар маҳаллий ва ҳудудий кўламга эга бўлса-да, овоз бериш мазмунида бу доирадан тошадиган мужда бор”, деган.

Бош вазир ўз қарори ҳақида давлат раҳбари – қирол Филипп VI ни хабардор қилганини қайд этган.

Аввалроқ Испанияда парламент сайлови жорий йил охирида бўлиб ўтиши тахмин қилинаётганди.

Педро Санчес ўз салафи Мариано Рахоя ҳукуматига ишончсизлик билдирилгани ортидан 2018 йил июнида бош вазирликка киришган.

“Популярная политика” канали бошловчиси Туркияга киритилмади

Истанбул аэропорти

Youtube платформасидаги “Популярная политика” канали бошловчиси Ирина Аллеман Туркияга киритилмади. Турк расмийлари “миллий хавфсизлик учун таҳдид” баҳонаси билан унинг мамлакатга киришини 5 йилга тақиқлаб қўйишган. Бу ҳақда Аллеманнинг ўзи телеграм канали орқали маълум қилди.

Ўтган жума Россия Адлия вазирлиги Аллеманни “хорижий агентлар” реестрига киритишган эди.

Бошловчи Истанбулга 28 май куни учиб борган. Якшанба куни Туркияда президент сайловининг иккинчи босқичи ўтказилган. Аввалроқ Аллеман сайловнинг биринчи босқичи ҳақида репортаж тайёрлаган эди.

Унинг айтишича, паспорт назоратидан ўтиш чоғида бошловчига қўшимча текширувдан ўтиши лозимлиги билдирилган, кейин эса миллий хавфсизликка таҳдид туғдиргани учун унинг Туркияга кириши тақиқлангани ва келган мамлакатига депортация қилиниши айтилган. Бу таҳдид нимадан иборат экани юзасидан Аллеманга изоҳ берилган эмас. У учиб келган мамлакати – Словенияга қайтариб юборилган.

Аллеманнинг айтишича, кириш тақиқига оид ҳужжатларда 25 май санаси қайд этилган. У Туркияга киритилмаганини президент сайловининг биринчи босқичи тўғрисидаги репортажи ёки Россияда “хорижий агентлар” реестрига киритилгани билан алоқадор бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Мазкур репортажда у суҳбатлашган кишилардан кўпи турк мухолифатини дастаклаган эди.

Туркия расмийлари Аллеманнинг мамлакатга киритилмагани юзасидан ҳозиргача бирор изоҳ берганлари йўқ.

Аввалроқ Грузия расмийлари бир неча бор россиялик мухолифатчилар, фаоллар ва журналистларни мамлакатга киритмагани қайд этилган эди. Бироқ Туркияда бу каби ҳолатлар шу пайтгача кузатилган эмас.

Туркиядаги президент сайловининг иккинчи босқичида, расмий маълумотларга кўра, амалдаги президент Эрдўғон ғалаба қозонган.

“Популярная политика” мухолифатчи Алексей Навальний сафдошлари томонидан очилган канал бўлиб, ундаги аксарият материаллар Украинадаги уруш ҳамда Россиядаги норозилик чиқишлари каби мавзуларни қамраган.

Германия суди: Алишер Усмоновнинг яхтаси ва виллаларида ўтказилган тинтувлар қонунга зид

Алишер Усмонов.

Франкфурт-Майн суди шаҳар бош прокуратурасининг россиялик олигарх Алишер Усмоновга тегишли яхтада ва виллада тинтув ўтказиш тўғрисидаги қарорини қонунга зид деб топди. Мазкур хулоса Алишер Усмоновга нисбатан пул ювиш айблови билан ўтказилаётган суд доирасида чиқарилди.

Айни пайтда бош прокуратуранинг Усмоновга нисбатан чиқарган бошқа қарорлари ўз кучида қолди. Усмонов солиқларни тўлашдан бўйин товлаганликда ва санкцияларни четлаб ўтишда ҳам гумонланмоқда. Бу ҳақда Der Spiegel нашри хабар берди.

Ўтган йилнинг сентябрида Федерал жиноят ишлари бошқармаси ва солиқ хизмати Усмоновнинг Тегернзее кўли атрофидаги вилласи, Франкфурт-Майндаги квартираси ва Бремен портидаги “Дилбар” яхтасида тинтувлар ўтказган эди. Тинтувлар пайтида ҳужжатлар ва қимматбаҳо санъат асарлари мусодара қилинган.

Тергов давомида полиция Усмоновга нисбатан турли банклардан пул ювиш гумони қайд этилган 90 та билдирув олган. Терговчилар Усмоновнинг банк ҳисобларида шубҳали транзакциялар бўлганини аниқлаган.

Бироқ суд тинтувлар қонунга зид бўлган деган хулосага келди. Судьяларнинг билдиришича, терговчилар Усмонов нега пул ювишда гумонланаётганини етарли даражада асослаб бера олмаган.

Адвокатлар суднинг бу қарори Усмоновда ҳуқуқий давлатга бўлган ишончни янада мустаҳкамлаганини айтмоқдалар.

Айни пайтда Усмоновга нисбатан санкция режимини бузишга оид гумонлар асосида суд жараёни давом этмоқда. Яқинда Мюнхендаги иккинчи суд инстанцияси Усмонов адвокатларининг тинтувлар ўтказиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш тўғрисидаги апелляция аризасини қаноатлантирмади. Шунинг учун мусодара қилинган ҳужжатлар ва санъат асарлари 69 ёшли Усмоновга қайтарилмайди.

Байден ва республикачилар дефолтга йўл қўймаслик бўйича муросага эришди

Вакиллар палатаси раиси республикачи Кевин Маккарти ва президент Жо Байден музокаралар пайтида.

Оқ Уй ва Конгрессдаги республикачилар вакиллари давлат қарзи миқдорини кўпайтириш ва бюджет масаласида принципиал келишувга эришди. Бу ҳақда Вакиллар палатаси раиси республикачи Кевин Маккарти ва президент Жо Байден алоҳида-алоҳида баёнот берди.

Конгресс шу ҳафта ичида эришилган келишувни қонунлаштиришга улгуриши лозим. Агар мазкур келишувга эришилмаганида АҚШни дефолт кутаётган эди. Мутахассислар фикрича, бу ҳолатда жаҳон иқтисодиёти катта салбий таъсирга дучор бўлар эди. Аввалроқ Федерал захира тизими раҳбарияти федерал ғазначиликдаги пул 5 июнда тугаши мумкинлигини билдирганди.

Вакиллар палатасида ҳукмронлик қилаётган республикачилар давлат қарзи миқдорини кўпайтиришга рози бўлиш эвазига бюджет чиқимларини кескин камайтиришни талаб этмоқда. Агентликларнинг ўз манбаларига таяниб хабар беришларича, томонлар мудофаага тааллуқли бўлмаган бюджет ҳаражатларини 2024 йилда жорий йил даражасида сақлаб қолиш ва 2025 йилда уни 1 фоизга ошириш юзасидан муросага эришган.

Конгрессда республикачиларнинг бир қисми келишувга қарши овоз бериши, аммо уни демократлардан айримлари маъқуллаши тахмин қилинмоқда. Шундай қилиб ҳужжат Вакиллар палатасида ҳар иккала партиядан кўпчилик овоз олган ҳолда тасдиқланиши кутилмоқда. Ҳужжатга овоз бериш жараёни 31 майда ўтказилади.

Хитой ўзининг биринчи йўловчи ташувчи самолётини учирди

C919 самолёти 164 йўловчига мўлжалланган.

Хитой ўзи ишлаб чиққан биринчи йўловчи ташувчи самолётни учирди. 28 май куни China Eastern Airlines ширкатига тегишли С919 русумидаги самолёт Шанхай – Пекин йўналиши бўйлаб парвоз қилди.

Самолёт Хитойнинг СОМАС ширкати томонидан ишлаб чиқилган. China Eastern Airlines бу самолётнинг илк нусхасини 2022 йилнинг декабрида сотиб олган эди. Синов учишларидан сўнг у фойдаланишга топширилди.

Икки моторга эга бўлган С919 эконом ва бизнес классларга 164 нафар йўловчини сиғдира олади. Ўртача масофага учадиган бу самолёт 5500 километргача бўлган парвозларга мўлжалланган. 2022 йил якунига кўра, СОМАС 32 та авиаширкатдан 1035 та С919 учун буюртма олган.

СОМАС С919 самолёти Boeing ва Airbus билан рақобатлаша олишини билдирмоқда. Ширкат йилига 150 та самолёт ишлаб чиқаради.

С919 нинг асосий эҳтиёт қисмлари Хитойда ишлаб чиқарилган. Бироқ шунга қарамай, бу самолёт ғарб технологияларига, жумладан, ғарбда ишлаб чиқарилган двигателлар ва авионикларга қарамдир. Самолётнинг Leap-1C двигателини АҚШнинг General Electric корпорацияси Франциянинг Safran саноат груҳи билан ҳамкорликда ишлаб чиқаради.

Канада хоккей бўйича жаҳон чемпиони бўлди

Канада терма жамоаси 28-марта жаҳон чемпионига айланди.

Канада терма жамоаси хоккей бўйича жаҳон чемпионатида Германияни 5:2 ҳисобида мағлуб этди ва чемпионликни қўлга киритди. Бу билан Канада тарихда 28-марта жаҳон чемпионига айланди. Чемпионат финали Финляндиянинг Тампере шаҳрида ўтди.

Латвия жамоаси эса тарихда илк маротаба бронза медалга сазовор бўлди. У АҚШ жамоасини 4:3 ҳисобида енгди.

Хоккей бўйича жаҳон чемпионати жорий йилда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтиши лозим эди. Бироқ Россиянинг Украинага босқини ортидан чемпионат Рига ва Тамперега кўчирилди.

Россия ва Беларусь жамоалари жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

Украина Эронга 50 йиллик санкция жорий этмоқчи

Украина президенти Владимир Зеленский.

Украина президенти Владимир Зеленский Олий радага Эронга 50 йиллик санкция жорий этиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда Украина Миллий хавфсизлик кенгаши маълум қилди.

Ҳужжатга асосан Эрон билан савдо амалиётлари тўлиқ тўхтатилади, захиралар транзити тақиқланади ва Украина ҳудудидаги Эрон резидентлари капитали блокланади.

Аввалроқ иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко Эронга нисбатан санкция жорий этилишига Теҳроннинг Москвага кўрсатаётган ҳарбий ёрдами туртки бўлганини айтган эди.

Киев Эронни Россияга Украина инфтраструктурасини вайрон қилишга кўмаклашаётган қуролларни, жумладан, «Шаҳед» дронларини етказиб бераётганликда айбламоқда. Эрон эса оз сонли дронларни Россияга Украина уруши бошланмасидан аввал сотганини билдирган.

Бир неча кун олдин Зеленский Эронни Россияни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирган эди. Бунга жавобан Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Зеленскийнинг баёнотини «Ғарбдан молиявий ва ҳарбий кўмак олиш йўналишидаги пропаганда» сифатида баҳолади.

WSJ: Ар-Риёд ва Москва нефть масаласида тортишмоқда

Саудия ва Россия вакиллари ОПЕК йиғилишида.

"Саудия Арабистони Россия нефть қазиб олиш юзасидан мажбуриятини бажармаётганидан норози", деб ёзди The Wall Street Journal. Нашр манбаларининг билдиришича, Ар-Риёд Москвадан ОПЕК+ доирасида олган мажбуриятларига асосан нефть қазиб олишни озайтиришни талаб қилмоқда.

Саудиянинг олий даражадаги ҳукумат амалдорлари россиялик ҳамкасбларига нефть қазиб олишни озайтириш талаби билан мурожаат қилган. Ар-Риёд фикрича, Россия бу борадаги мажбуриятини бажармагани ортидан нефтнинг жаҳон нархи тушиб кетмоқда.

Бугунги кунда Brent маркасидаги нефт баҳоси апрелга нисбатан 10 фоизга арзонлади. Апрелда ОПЕК+ давлатлари нефть қазиб олишни қисқартириш мажбуриятини олганди. Россия келишувга асосан нефть қазиб олишни суткасига 500 минг баррелга камайтириши лозим эди.

Wall Street Journal Суадия Арабистони нефтнинг бир баррели нархини бюджетда 81 доллар миқдорида белгилаганини, аммо бугунги кунда у бир неча долларга арзонлаганини таъкидлаган.

Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак Россия “ихтиёрий равишда нефть қазиб олишни қисқартириш бўйича барча мажбуриятларини бажараётгани” тўғрисида баёнот берди.

Ғарб давлатлари ўтган йили Россия нефти экспортига чеклов киритган ва унинг максимал нархини белгилаб қўйганди. Москва ўз нефтини санкцияга қўшилмаган давлатларга сотишда давом этмоқда.

Косово шимолида полиция билан маҳаллий серблар тўқнашди

Лепосавич шаҳри кўчасида кетаётган полициянинг махсус машинаси

Қисман тан олинган Косово Республикаси шимолида 26 май куни яқинда сайланган мулозимларни муниципал биноларга ўтказмасликка уринаётган маҳаллий серблар билан полиция ўртасида тўқнашув бўлиб ўтмоқда.

Associated Press агентлигининг маҳаллий нашрлар маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, тартибсизликлар чоғида бир неча автомобиль ёқиб юборилган. Полиция кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган.

Тўқнашувлар юзасидан муносабат билдирган Сербия президенти Александр Вучич давлатга қарашли РТС телеканали орқали берган баёнотида ўз фармони билан армияни “юксак ҳозирлик ҳолати”га келтирганини қайд этган. Вучич зудлик билан серб қўшинларини Косово чегарасига ташлаш ҳақида буйруқ берганини ҳам маълум қилган.

Associated Press агентлигининг ёзишича, полиция “сайланган мэрларга ишлаш ҳуқуқидан фойдалана олишда кўмаклашиш” мақсадида Лепосавич, Звечан ва Зубин-Поток жамоатларида рўй берган ҳодисалар бўйича чора кўришга тўғри келганини тасдиқлаган.

Косово расмийлари эскалация учун масъулиятни Сербиядаги тузилмаларга юклаган. Бу ҳақда Озодликнинг Болқон хизмати Косово президенти маъмуриятидан олинган маълумотга таяниб, хабар қилди.

Косово шимолида маҳаллий сайловлар мэрлар косоволик сербларнинг энг йирик партияси – “Серб рўйхати”дан кетгани ортидан 23 апрель куни ўтказилган. Мазкур партия Приштинанинг Сербия рақамига эга бўлган автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказишга оид қарорига қарши чиққан эди.

Сайловлар бу тумандаги серб миллатига мансуб аҳолининг кўпчилиги томонидан бойкот қилинган. Сайловда давомат сайловчилар умумий сонининг 3,47 фоизини ташкил қилган.

Косово Республикаси 2008 йили бир томонлама Сербиядан мустақиллик эълон қилган эди. Уни Европа Иттифоқининг аксарият мамлакатлари ва АҚШ ҳамда БМТга аъзо бўлган мамлакатларнинг кўпчилиги тан олган, бироқ Россия, Украина, Хитой, Ҳиндистон ва ЕИга кирган бир неча мамлакат ҳалигача Косово мустақиллигини тан олишдан бош тортиб келмоқда. Белград ва Приштина 2013 йилдан буён ЕИ воситачилигида ўзаро муносабатларни изга солишга уриниб келишади.

Сербия билан Косово ўртасидаги можаро ўтган йилнинг июль ойида таранглашган. Ўшанда Приштина Сербиядан кириб келаётган фуқаролар учун муваққат ҳужжат жорий этишга қарор қилган ҳамда серб озчилигидан Сербиянинг эски авторақамларини маҳаллий рақамларга алмаштиришни талаб қилган. Ноябрь ойи охирида Косово ва Сербия ЕИ ўртамчилигида автомобиль рақамлари атрофидаги мунозарани бартараф қилишга муваффақ бўлишган, бироқ минтақада можаролар келиб чиқиши ҳалигача давом этмоқда.

Туркиядаги президент сайлови: Қиличдорўғли рақиби Эрдўғонни судга берди

Туркия президенти лавозимига номзодлар - амалдаги президент Эрдўғон (ч) ва бирлашган мухолифат номзоди Қиличдорўғли (ў)

Туркиядаги президент сайловида мухолифат номзоди ўлароқ иштирок этаётган Жумҳурият халқ партияси лидери Камол Қиличдорўғли сайловдаги рақиби Ражаб Тоййиб Эрдўғонни сохта видео тарқатганликда айблаб, судга берди. Бу ҳақда Қиличдорўғлининг адвокати Желал Челик Твиттердаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур видеода ЖҲП лидери Туркияда фаолияти тақиқланган Курдистон ишчи партияси (PKK) билан алоқада айбланган.

Адвокат Челик мухолифатчи Қиличдорўғли номидан берилган даъво аризасида етказилган маънавий зарар учун Эрдўғондан 1 миллион турк лираси (тақрибан 50 минг АҚШ доллари) миқдорида товон пули талаб қилинганини билдирган.

Челикка кўра, агар Қиличдорўғли бу судда ғалаба қозонса, ундирилган пулни террорчилар билан жангларда қурбон бўлган ҳарбийларнинг фарзандлари ўқиши учун сарфламоқчи.

Жорий йилнинг 14 май куни Туркияда бўлиб ўтган президент сайловида номзодларнинг ҳеч бири 50 фоиздан кўпроқ овоз ололмаган. Сайловнинг иккинчи босқичига, МСК расмий маълумотларига кўра, 49,52 фоиз овоз олган Эрдўғон билан 44,88 фоиз овоз олган Камол Қиличдорўғли чиққан. Президент сайловининг иккинчи босқичи келаётган якшанба, яъни 28 май куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG