Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:50

Гулноранинг "тўйлари" бошланди


Фонд Форум Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида 70 тадан никоҳ ва суннат тўйлари ўтказиб беришни режалаштирган.
Фонд Форум Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида 70 тадан никоҳ ва суннат тўйлари ўтказиб беришни режалаштирган.

Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова ҳомийлик қилаётган “1000 та никоҳ, 1000 та суннат тўйи” хайрия лойиҳаси 25 март куни Навоий вилоятида бошланди.


Якшанба куни Навоий вилоятининг учта тумани ҳамда Навоий шаҳрида ижтимоий ҳимояга мухтож 33 жуфтлик уйлантирилди.

Шу куни вилоятдаги "Меҳрибонлик уйлари"нинг 38 нафар тарбияланувчисининг суннат тўйи ҳам ўтказиб берилди.

- Навоийда тўй бугун ҳам бўляпти. Кеча 33 тасиники бўлди, бугун 40 тасиники бўляпти. Никоҳ ва суннат тўйлари Навоийдаги “Висол”, “Вангиз оқшоми”, “Бахт” тўйхоналарида бўляпти, уларга 1500 га яқин меҳмон таклиф этилди,- дейди хайрия тўйларига ҳомийлик қилаётган Гулнора Каримованинг Фонд Форум (Ўзбекистон маданияти ва санъати жамғармаси) ташкилоти вакилларидан бири.

Никоҳ тўйлари ўтказилганларнинг аксарияти болалар уйлари тарбияланувчилари, ота-онасини йўқотганлар ёки кўп фарзандли оилада катта бўлганлардир. Бу хайрия кампаниясини ўтказишда Фонд Форумнинг “Аёллар кенгаши” номли қаноти бош-қош бўлмоқда. Гулбахор Мўминова "Аёллар кенгаши" мутасаддиси:

- Ҳар битта райондан ўнтадан одам, ўнта суннат, ўнта никоҳ тўйи. Ҳар битта тўйхонада ўнтадан келин-куёв, ўнта суннат тўйи. Уларнинг қариндошлари йиғилиб, уларга тўй қилиб бериляпти. Тошкентдан артислар олиб кетилган,- дейди “Аёллар кенгаши” вакили Гулбаҳор Мўминова.

Фонд форум ходимига кўра, йил давомида республика бўйича жами мингта никоҳ тўйи, мингта суннат тўйи ўтказилиши режалаштирилган.

- Ҳар битта вилоятда 70 никоҳ тўйи ва 70 суннат тўйи ўтказилади. Ҳозир Навоийда бошланди. Эртага, Худо хоҳласа, Қашқадарёда бошланади, дейди “Аёллар кенгаши” мутасаддиси Гулбаҳор Мўминова.


Келин-куёвга Guli тумори, тўйболага велосипед


Ёш-келин-куёвларга Фонд Форум буюртмасига кўра тайёрланган қўл-соатлари, Guli брендидаги (дизайнер Гулнора Каримова - таҳр.) оилавий тумор ҳамда лойиҳа муаллифининг (бу ҳам Гулнора Каримова - таҳр.) табрик сўзлари битилган откриткалар топширилди. "Қўллари ҳалолланган" болаларнинг ҳар бирига эса велосипед совға қилинди.

- Фонд Форум номидан ёш оилаларга эсдалик совғаси сифатида соат ва кўзмунчоқ қилиняпти. Раҳбаримиз Гулнора Каримова номидан табрик откриткалар, суннат тўйболаларга эса биттадан велосипед. Келинларимизнинг либослари ҳам Guli брендидан, кўриб кўзингиз қамашади,- дейди Гулбаҳор Мўминова.

Шаҳноза ва Элдор Назаровлар оиласи якшанба куни Навоийда қурилган ёш оилалардан бири. Фонд Форум сайти Назаровлар оиласи бошлиғининг Гулнора Каримова шаънига айтган "Guli брендидан оилавий тумор биз учун жуда муҳим совға бўлди. У оиламизга тинчлик-осойишталик, эзгулик олиб келишига, ёмон кўзлардан асрашига чин дилдан ишонамиз", деган сўзларидан иқтибос келтиради.

Суннат қилинган 5 ёшли Камрон Эрмаматовнинг онаси Мунира Шоҳназарованинг ҳам қувончи чексиз: "Фарзандим учун кўрсатилган бу эътиборни ҳеч қачон унутмайман", дейди у.

Хайрия тўйлари қанчага тушаяпти?


Швецариядаги энг бадавлат хонимлар рўйхатидан ўрин олган Гулнора Каримова ушбу лойиҳага қанча маблағ сарфлаётгани ҳақида маълумот йўқ.

- Тўйлар қанчага тушишини тўғриси билмайман,- дейди “Аёллар кенгаши” мутасаддиси Гулбаҳор Мўминова.

Айрим манбаларга кўра, бу хайрия тадбирлари учун маҳаллий тадбиркорларнинг "саховатпешалиги"дан ҳам фойдаланилмоқда.

Фонд Форум сайтида айтилишича, хайрия тўйлари “Аёллар кенгаши” ташкилоти, “Меҳр нури” жамоат жамғармаси, Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди ҳамкорлигида ўтказилаяпти.

Гулнора Каримованинг расмий сайтида хабар қилинишича, Каримова хоним "Меҳрибонлик уйлари" учун тез-тез хайрия тадбирлари уюштиришни одатга айлантирган.

Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова фикрича, бу ишларни Каримова хоним мамлакатда болалар меҳнати, ўқувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши муаммосидан жамоатчиликни чалғитиш ва ўзини саховатпеша инсон этиб кўрсатиш учун қилмоқда.

- Ўзбекистонда ҳар йили миллионлаб болалар ишлатилишидан жуда кўп пул тушади. Бу пулни 1000 та оилага тўй қилиб берадиган пул билан солиштириб бўлмайди. Ўшанга энг осони бир томондан бир сўм бериб, иккинчи томондан миллионларни ишлаб олиш жуда осон,- дейди Умида Ниёзова.

Ўтган йилнинг 15 сентябр куни Ню Йоркда ўтказилган "Модалар ҳафталиги"да Guli бренди либослар намойиши АҚШ матбуотининг танқидий мақолалари ва ўзбек мухолифатининг норозилик намойишлари ортидан бекор қилинган эди.

Халқаро ташкилотлар ва муҳожиратдаги ўзбек мухолифати Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани боис Каримованинг либослар намойишига қарши чиққан эди.
XS
SM
MD
LG