Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:22

Ҳукумат саратонни даволаш соҳасини кучайтирмоқчи


Саратон касалликлари Ўзбекистонда бевақт ўлимлар умумий сонининг 12 фоизига сабабчидир.
Саратон касалликлари Ўзбекистонда бевақт ўлимлар умумий сонининг 12 фоизига сабабчидир.

Ўзбекистон ҳукумати онкология хизмати соҳасини ривожлантириш ва моддий-техникавий базасини мустаҳкамлаш дастурни маъқуллади. Қиймати 70 миллион АҚШ долларига тенг дастур 2012-2015 йилларга мўлжалланган. Расмийларнинг айтишича, ажратиладиган маблағлар ҳисобидан янги ускуналар харид қилиш, муассасаларга грантлар ва имтиёзли кредитлар бериш кўзда тутилган. Онкологик касалликлар Ўзбекистондаги ўлимларнинг асосий сабабчиларидан бири ҳисобланади ва ижтимоий касалликлар рўйхатига киритилган. Бу соҳага иши тушган ўзбекистонликларнинг баъзилари хизматлар сифатини қониқарли деб баҳоласа, бошқалари соғлиқни сақлаш тизимида авж олган порахўрликдан шикоят қилмоқда.

Ҳукуматнинг 70 миллион долларлик дастури маъқулланиши билан биргаликда, ўтган ҳафта Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонда онкология хизматини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш мақсадларига қарийб 37 миллон АҚШ доллари миқдорида кредит ажратгани маълум бўлди.

Саратон касалликлари Ўзбекистондаги ўлимлар сабабчилари орасида юрак ва ишимик касалликлардан кейин учинчи ўринни эгаллайди. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, бевақт ўлимлар умумий сонининг камида 12 фоизига айнан саратон сабабчидир.

Ўзбекистонда 1990 йиллар охирларида соғлиқни сақлаш соҳаси ислоҳотлари бошлангaнидан бери онкологик хизмати соҳасида муайян ўзгаришлар кузатилгани айтилади. Расмий маълумотларга кўра, саратон сабаб бўлган ўлимлар даражаси бирмунча пасайган ва минтақада энг пастлардан бири ҳисобланади.

Тошкентлик тиббиёт ходими Муҳаббат опанинг оналари йил бошида ошқозон саратонидан оламдан ўтди. Пойтахт муассасаларида кўрсатилган хизматлар сифатидан қониққанини айтар экан, Муҳаббат опа оналарини сақлаб қолиш имкони бўлмаганига шифокорларга вақтида мурожаат қилмаганлари сабаб бўлганини қўшимча қилади.

- Мен қониқдим докторлардан. Чунки мен борган биринчи республика тез тиббий ëрдам марказидаги, рус аëл эканлар, шу бўйича зўр мутахассис экан. Ҳақиқатан мен унга қойил қолдим. Жудаям эътибор билан синчиклаб текширди. Билимдон мутахассислиги кўриниб турибди. Иккинчиси, “Операция қилишнинг иложи борми?” десак, яна компютерга солганимизда бу ëқларга метостаз бериб юборганини кўриб, “Яхшиси тегманглар. Бу касалга тегиб бўлмайди. Метостаз бермаган бўлганда ўзимиз ҳам қилардик шу операцияни. Илдиз отиб кетгандан кейин буни кесиб бўлмайди. Буни жигарни очиб териш керак ора орасидан” деб айтди,- дейди Муҳаббат опа.

Саратон касалликлари Ўзбекистонда ижтимоий касалликлар рўйхатига киритилгани боис муолажа ва даволашда ишлатиладиган дори-дармонларнинг аксари бепул тақдим этилиши белгиланган. Муҳаббат опанинг оналарига ҳам барча дорилар бепул тақдим қилинган.

- Бизларга асосан поликлиникадан онкологнинг рўйхатидан ўтганингиздан кейин улар келиб касални кўриб, ҳолатига қараб туриб наркотик дориларни ëзиб боришди. Бошламасига кунига бир маҳал, кейин икки маҳал суткасига, охири тўрт маҳалгача чиқди. Ҳар беш кун-беш кунда қилиб бериб туришади беш суткаликни. Олиб бориб, ишлатиб бўлиб, ампуласини топширасиз. Кейин улар сизга яна рецепт ëзиб беришади. Ҳамма районда биттадан марказий дорихона бор. Ўша ердан оласиз,- дейди тошкентлик Муҳаббат опа.

Лекин айни вазиятга тушиб қолган Абдуқаҳҳор ака, Муҳаббат опадан фарқли ўлароқ, саратон касалликларни даволаш соҳасидаги аҳволдан жуда ҳам норози. У кишининг 37 ёшли қизлари кўкрак бези саратонига чалинган.

Абдуқаҳҳор ака қизининг бугун мукаммал муолажалар олишга мажбур бўлаётганига мутахассислар вақтида ташхис қўёлмагани сабаб бўлганини айтади.

- Бошида ўзи нотўғри диагноз қўйиб операция қилган-да. Кейин маълум бўлишича, бу кўкрагидан бўлган. Қўлтиқнинг тагигача тарқаб кетган,- дейди Абдуқаҳҳор ака.

Абдуқаҳҳор ака ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, "саратон муолажалари харажатлари давлат томонидан қопланиши қуруқ гапдан бошқа нарса эмас", дейди.

- Мана бошимдан ўтаяпти. Мутлақо, даже копейка йўқ-да. Областлардан келганлар бор, бечоралар ночор, нима қилишини билмайди одамлар. Хуллас, менимча, бу 70 миллионларни вазирликларнинг ўзи еб юборади. Етиб келмайди у ҳеч қачон. Энди яна учта химия олиш керак. Ҳар бирига 400 минг сўмдан духтирларнинг қўлига бериш керак. Билмадим энди, менимча, ўлганда ҳам яхши бўлмайди Ўзбекистон. Порахўрлик шу даражадаки, бечора касални ҳам энди, нима дейишга ҳайронман. Текинга ҳеч бало йўқ,- дейди Абдуқаҳҳор ака.

Ўзбекистонда саратон касалликларининг энг кўп учрайдиган турлари кўкрак бези, бачадон ва ўпка саратони кабилардир.

Шу ҳафта бошида онкология соҳасида катта ютуққа эришилгани хабар қилинди. Исроилдаги Тел-Авив университети мутахассислари одам иммунитетининг саратон ҳужайралари билан кураша олиш қобилиятини оширувчи вакцина ишлаб чиққани ва синовдан муваффақиятли ўтказилгани маълум қилинди. Олимлар бу вакцина ёрдамида келгусида шу пайтгача бедаво ҳисобланиб келган онкологик касалликларни даволаш имкони пайдо бўлишига умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG