Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:01

"Одноклассники.ру" ўзбекчалаштирилади


Ўзбек Интернет фойдаланувчилари орасида энг оммабоп бўлган Одноклассники ижтимоий тармоғи ўзбекчалаштирилади. Интернет тармоғи маъмуриятига кўра, бу Одноклассники сайтида икки миллиондан ошган ўзбек муштарийлари учун қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилмоқда. Бу янгилик ўзбек Интернет ҳудудининг ривожига ҳисса қўшади-ми?

- Энди одноклассники сайтининг ўзбек тилига ўзгартирилишининг катта нимаси бор. Нимагаки собиқ совет республикаларининг ичида одноклассники сайтига кирадиган ëшлар кўплиги учун, шу сайтни ўзбек тилига ўзгартириш нимаси киритилгани учун, мухлисларни янаям ўзига жалб этиш учун қилинган. Ўйлайманки, ëмон иш эмас.

Фарғоналик Дилафруз Одноклассники.ру ижтимоий тармоғи ўзбек тилига ўгирилаётганидан мамнун. Чунки унинг ҳисоб-китобларига кўра ҳам ўзбек “одноклассникичилар” сони аллақачон миллионларни ташкил қилади.

Интернет технологиялари ва ўзбек веб-зонаси бўйича мутахассис Тўлқин Умаралиевнинг айтишича, Одноклассники.ру сайтида рўйхатдан ўтган ўзбек муштарийлари сони икки ярим миллионга яқинлашган.

- Айни дамда одноклассники.ру сайти бераëтган расмий рақамларга асосланадиган бўлсак, 2,5 миллиондан кўпроқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Лекин одноклассники.ру вакили куни кеча қилган чиқишида бир ойда Ўзбекистондан кирадиган фаол фойдаланувчиларнинг сони 2 миллиондан зиëд деб айтди.

Шунинг учун, дейди Тўлқин, бу ҳам ўзбек Интернет ҳудуди ривожи, ҳам Одноклассники.ру тармоғининг ривожига ҳисса қўшади.

Ҳозир Жаҳон виртуал дунёсида ўнлаб ижтимоий тармоқлар яратилган. Улардан энг оммабоплари Facebook, LiveJournal, Twitter кабилардир. Рус тилида чиқадиганлари орасида Одноклассники.рудан ташқари Вконтакте, Мой мир, Mail.ru кабилар ҳам анча машҳур.

Масалан, Facebook тармоғининг дунёдаги фойдаланувчилари сони қарийб бир миллиардга етган. Ўзбекистонлик “Facebookчилар” сони эса 130 мингга ҳам етмайди. 8 миллиондан ошиқ ўзбек Интернет фойдаланувчилари орасида энг оммабоп ижтимоий тармоқ Одноклассники.ру сайти бўлиб қолмоқда.

Фарғоналик Дилафруз бунинг боисини бундай изоҳлайди.

- Нима учун одноклассники? Бу жуда енгил йўл деб ўйлайман. Биринчидан, рус тили, кирилл алифбосида бўлгани учун мен учун осон деб ўйлайман. Кейин фойдаланиш жуда осон, функциялари жуда ҳам осон. Тез ривожланиб кетганининг сабаби шуки, мана масалан Ўзбекистон мисолида олсак, мен мактабда ўқиган вақтимдаги жуда кўп синфдошларим ҳозир Россияда, Болтиқбўйида яшайди. Жуда кўп йил кўрмаган, эшитмаган синфдошларимни топиш, улар билан алоқада бўлиш, балки улар билан учрашиш, шунинг учун одноклассники сайти жуда ривожланган.

Интернет мутаҳассиси Тўлқин Умаралиевнинг фикрича, Одноклассники.рунинг бошқа жиҳатлари ҳам ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилари учун қулайроқдир.

- Одноклассники.рунинг ўзгача тарафлари бор. Очиқ мулоқот қилиш, бировларнинг суратини кириб кўриш жуда осон. Менимча, энг катта сабабларидан бири уларнинг мобил стратегияси. Вконтакте.ру, фейсбукни айтадиган бўлсак, уларда мобил телефонлар орқали кириш унчалик ривожланмаган. Одноклассники.руда мобил версияси, Андроид, Апплга тўғри келадиган дастурларни ишлаб чиқиши ва у дастурларнинг ишлаши жуда осонлиги мобил телефони орқали интернетга кирувчиларга жуда қўл келади.

Ўзбекистонда, расмий маълумотларга кўра, Интернет фойдаланувчилари сони 8 миллиондан ошган, уларнинг ярмидан кўпроғи айнан мобил телефонлар орқали жаҳон тармоғига киришади.

Одноклассники.ру ижтимоий тармоғи Россиянинг Mail.Ru Group медиа ширкатига қарашлидир. Мой мир тармоғига ҳам эгалик қиладиган Mail.Ru Group ширкати асли ўзбекистонлик олигарх, Россиянинг энг бадавлат кишиси ҳисобланган Алишер Усмоновга тегишлидир.

Ҳозирда Одноклассники.ру сатида рўйхатдан ўтганлар сони 80 миллионга яқинлашгани айтилади. Шулардан икки ярим миллиони ўзбекистонликлардир.

Шунингдек, кейинги бир-икки йил ичида рўйхатдан ўтаётган янги фойдаланувчилар бўйича Одноклассники.ру биринчиликни Вконтекте тармоғига бой берди. Ҳозирда Вконтекте муштарийлари сони 100 миллион кишидан ошган.

Бугунги кунда жаҳон бўйича Интернет фойдаланувчилари сони икки миллиарддан ошган.
XS
SM
MD
LG