Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:29

UCell мижозлари учун Facebook ва VKontakte текин


Ўзбекистондаги энг йирик мобил алоқа операторларидан бири UCell ўз мижозларига Facebook ва VKontakte ижтимоий тармоқларига бепул киришни таклиф қилмоқда. Шунингдек Одноклассники ва Mail.ru тармоқларига кириш ҳаққи ҳам икки баробарга арзонлаштирилди. Ширкат вакилларининг айтишича, бу UCell мижозлари орасида Интернет тармоқларини оммалаштириш мақсадида қилинмоқда.

UCell мобил оператори йўлга қўяётган 0.Facebook ва 0.Vkontakte хизмати абонентларнинг мазкур ижтимоий тармоқлардан бепул фойдаланишларига имкон берди.

UCell абонентлар билан ишлаш бўлими ходими Озодлик билан суҳбатда ҳатто ҳисобидаги пули Интернет хизмати учун етмаган мижозлар ҳам Facebook ёки Vkontakte тармоқларига бемалол киришлари мумкинлигини билдирди.

- Масалан 0.Facebook сайтида абонентларимиз, қанча пул сарфладимикин, деб ўйлаб ўтирмасдан, ўз дўстлари билан мобил телефонда алоқада қолишлари мумкин. Бу хизматни активация қилишнинг ҳам ҳожати йўқ. Фақатгина телефон браузерида 0.Facebook.com ёки 0.Vkontakte.com сайтлари адреси ёзилса бўлди, бу хизматдан фойдаланиш мумкин, дейди UCell вакили.

Унинг айтишича, бундан ташқари Одноклассники ва Mail.ru сайтларига кириш ҳаққи ҳам арзонлаштирилади.

- Бу ижтимоий тармоқларга кириш учун бир кунлик абонент тўлови 10 цент эди, энди 5 центга туширилди, дейди UCell абонентлар билан ишлаш бўлим ходими.

Унинг айтишича, Ucell операторининг ҳозирда Ўзбекистонда 9 миллионга яқин мижози бор. Улар орасида мобил Интернетдан фойдаланувчилар кўпчиликни ташкил қилади. Лекин ижтимоий тармоқлар масаласида ўзбекистонлик мижозларнинг аксари, айниқса ёшлар Facebook ёки Vkontakte сайтларидан кўра, Mail.ru ва Одноклассникига кўпроқ киради¸ дейди UCell

Тошкентлик 15 яшар Бобур ҳам UCell мижози. У ҳам Facebook ёки Vkontakte ҳақида эшитмаган, лекин дўстлари билан Одноклассники орқали алоқа қилади.

- Биз асосан Одноклассникига кирамиз. Мен ҳар куни кираман. Телефон учун ойда 20-30 минг ишлатаман. Ўртоқларим ҳам асосан Одноклассникида. Facebook ҳақида эшимаганман, дейди тошкентлик Бобур.

Ўтган ой UCell мобил оператори эгаси Швециянинг TeliaSonera ширкати ўзи фаолият олиб борадиган давлатлар, жумладан Ўзбекистонда махфий хизматларга мижозлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиб келганига оид фактлар очиқланган ва бу Швецияда катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Дунёдаги энг йирик телекоммуникацион ширкатлардан бири ҳисобланган TeliaSonera собиқ иттифоқ мамлакатларидан Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Грузия ва Россияда ўз бизнесига эга. Швеция Радиоси, Svenska Dagbladet, Аftonbladet, Швеция жамоатчилик телевидениеси ўтказган журналистик суриштирувдан кейин бу ширкат жиддий жанжал ичида қолди.

TeliaSonera вице президенти Сисилия Эдстром Озодлик билан суҳбатда ширкат фаолият олиб бораётган мамлакатлар расмийлари, хусусан хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорлик қилишини маҳаллий қонунчилик билан изоҳлаган эди.

- Дунё бўйлаб фаолият олиб бораётган барча телекоммуникация ширкатлари маҳаллий расмийлар ва хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорлик қилиш масъулиятини олади. Бу лицензия келишувнинг шартларидан биридир ва ҳамкорлик миқёси маҳаллий қонунчилик билан белгиланган бўлади. Бу янгилик эмас. Лекин негадир буни, “Араб баҳори” контекстидаги катта янгилик сифатида тақдим қилишмоқда, деган эди бундан икки ҳафта аввал TeliaSonera вице президенти Сисилия Эдстром.

TeliaSonera ширкати фаолиятига оид суриштирув репортажи муаллифларидан бири Svenska Dagbladet газетаси мухбири Эрик Олсон очиқланган фактлар ширкат ҳиссадорлари ва мижозлари эътирозига сабаб бўлди, дейди.

- Ширкатнинг Швеция ва хориждаги йирик ҳиссадорлари TeliaSonera раҳбарияти бу мамлакатлардаги расмийлар билан алоқа қилиш сиёсатида жиддий ўзгаришларни амалга оширмаса, ўз акцияларини сотиш билан таҳдид қилди. Бундан ташқари, TeliaSonera мижози бўлган Швециядаги ташкилотлар, масалан Стокҳолм шаҳар ҳокимияти келгусида бу ширкат билан шартномани бузиб, бошқа компания хизматларидан фойдаланиш билан таҳдид қилди, дейди швециялик журналист.

Махфий хизматлар билан ҳамкорлик қилиши аниқлангач, TeliaSonera ҳиссадорлари акцияларини сотиш билан таҳдид қилди.
Эрик Олсон

TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси UCellнинг ўз мижозларига ижтимоий тармоқларга бепул кириш имтиёзларини таклиф қилаётгани ҳам ўтган ойдаги жанжал билан боғлиқ бўлиши мумкин, дея давом этади Эрик Олсен.

- Албатта, буни комил ишонч билан аниқ айтиб бўлмайди. Лекин бепул хизматлар айнан ижтимоий тармоқларга қаратилгани қизиқ. Чунки журналистик суриштирувда TeliaSoneraнинг махфий хизматлар билан ҳамкорлигини таҳлилчилар мустабид режимларнинг “Араб баҳори”дан кейин аҳоли орасидаги кайфиятларни мобил алоқаси орқали назорат қилишни кучайтириш истаги билан боғлаган эди. “Араб баҳори” воқеаларида эса Facebook ва Tiwtter каби ижтимоий тармоқлар муҳим рол ўйнаганини биламиз. Ҳозир танқидлар остида қолиб кетган TeliaSonera бу соҳада мижозларга бепул хизматларни тақдим этиш билан энди, жамоатчилик фикрига таъсир қилиш учун қаранглар биз бунақа хизматларни текин қилиб қўйдик, бу мамлакатда демократияга ҳисса қўшяпмиз, дея ўзларини оқлашлари мумкин, дейди Svenska Dagbladet газетаси мухбири Эрик Олсон.

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда мобил алоқа абонентларининг умумий сони 25 миллиондан ошган. Шулардан 9 миллионидан ортиғи UCell оператори абонентларидир.

Март ойида Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги мамлакатдаги Интернет фойдаланувчилари сони 9 миллиондан ошганини маълум қилди. Шулардан 5 миллиондан ортиғининг мобил алоқа ёрдамида Интернетга кириши айтилади.
XS
SM
MD
LG