Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:28

Қорақалпоғистонда “тозалаш” кетаяпти


Йил бошидан бери биргина Нукус шаҳрида расмий идоралар ва корхоналарнинг жами 150 дан зиёд ходими жиноий жавобгарликка тортилди.
Йил бошидан бери биргина Нукус шаҳрида расмий идоралар ва корхоналарнинг жами 150 дан зиёд ходими жиноий жавобгарликка тортилди.

Қорақалпоғистонда йил бошида бошланган кенг кўламли текширув натижасида камида уч вазир ва тўрт ҳоким ишдан бўшатилган, айримлари маҳкамага тортилгани маълум бўлди.

Уч вазир ишдан кетди


Йил бошидан бери Қорақалпоғистонда ички ишлар вазири, адлия вазири ва халқ таълими вазири ўз вазифасидан четлатилган. Айтилишича, бу 2012 йилнинг бошида республика расмий идораларида бошланган текширувларнинг натижасидир.

Озодликка маълум бўлишича, уччала вазир ҳам Қорақалпоғистон Жўғорғи Кенгаши раиси (республика раҳбари) Муса Эрниёзовнинг қариндошларидир.

Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлигининг ўзини таништирмаган маъсул ходими Озодлик билан суҳбатда полковник Ўринбой Турдаков ички ишлар вазири лавозимидан истеъфога чиқарилганини тасдиқлади. Бироқ унинг ишдан кетишига оид тафсилотларни очиқламади.

Қорақалпоғистон Адлия вазирлигининг навбатчи ходими ҳам Давлатбой Холмурадовнинг Адлия вазири лавозимидан бўшатилганини тасдиқлади. Ҳозирда адлия вазири лавозими бўш қолмоқда.

Мустақил манбаларнинг Озодликка маълум қилишича, айни пайтда Ўринбой Турдаков ва Давлатбой Холмурадовларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, улардан республика ҳудудини тарк этмаслик тўғрисида тилхат олинган.

Бироқ бу маълумотни расман тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Озодлик учта вазирлик раҳбарлигига тайинланганлар ҳақидаги маълумотни ўрганмоқда.

Хокимлар ҳам...

Нукус шаҳар хокими Сапарниёз Олланазаровнинг ишдан кетганини шаҳар хокимлиги вакили тасдиқлади. Айтилишича, Нукус ҳокими этиб Жалғасбой Ўпаев тайинланган.

Озодлик манбаларига кўра, Олланазаров маҳкамага тортилиб, 10,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Қўнғирот, Кегайли ва Нукус туманлари ҳокимлари ҳам лавозимларидан бўшатилиб, маҳкамага тортилган ва ўн йилдан зиёд муддатларга қамоқ жазосига маҳкум қилинган.

Uzmetronom.com сайти маълумотига кўра, Қорақалпоғистондаги “тозалаш” жараёни айнан Қорақалпоғистон Жўғорғи Кенгаши раиси Муса Эрниёзов фаолиятини тафтиш қилиш билан боғлиқ.

Сайт маълумотига кўра, Қорақалпоғистондаги текширувлар жорий йилнинг 23 февралидан бошланган.

Uzmetronom нашрининг ёзишича, текширувлардан кейин Муса Эрниёзов ўзига тегишли Нукусдаги 2 та ва шаҳар ташқарисидаги 3 та данғиллама ҳовлиларини кўнгилли равишда давлатга топширган.

Қорақалпоғистонни Эрниёзовлар династацияси бошқармоқда

Сentrasia.ru сайти маълумотига кўра, Муса Эрниёзовнинг нафақат юқорида номлари тилга олинган уч вазир, балки Қорақалпоғистондаги нуфузли лавозимларни эгаллаган бошқа амалдорлар билан ҳам қариндошлик алоқалари бор.

Масалан, унинг туғишган укаси Марат Эрниёзов Транспорт йўллари бошқармасига раҳбарлик қилмоқда.

Синглиси Венера Нукус шаҳар прокурори ёрдамчиси, жияни Сабит Тахиятош шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғи, бошқа бир жияни Саламат эса Қорақалпоғистон Меҳнат биржасини бошқармоқда.

Тахиатош шаҳар хокими Алишер Худойберганов, Ички ишлар вазирлигининг коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи Фарҳод Тажиддинов, “Жипек жол” Ўрта Осиё бошқармаси раҳбари Руслан Эрниёзовлар ҳам Муса Эрниёзовнинг яқин қариндошларидир.

65 ёшли Муса Эрниёзов 10 йилдирки Қорақалпоғистон Жўғорғи Кенгашига раислик қилиб келмоқда.

Қама-қамалар кўлами кенг

Озодликнинг мустақил манбаларига кўра, жорий йил бошида бошланган тафтиш натижасида Нукус шаҳридаги турли идораларнинг жами 150 нафар ходими маҳкамага тортилиб, 6 йилдан 18 йилгача озодликдан маҳрум қилинган.

Чимбой ёғ заводининг 20 ишчиси 11 йилдан 24 йилгача, Қўнғирот сода заводининг 15 ишчиси эса 12 йилдан 19 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Озодликка маълум бўлишича, ҳибсга олинган ва маҳкамага тортилиб, қамалганлар иқтисодий жиноятларда айбланган.

Қорақалпоғистон Бош прокуратурасининг навбатчи ходими текширувлар ва унинг ортидан бошланган ҳибслар ва маҳкамалар тўғрисидаги хабарларни на тасдиқлади ва на инкор қилди. Бу борада батафсил маълумот олиш учун ёзма равишда мурожаат қилишимиз шартлигини таъкидлади прокуратура ходими.

Қорақалпоғистондаги "Тозалаш" кўлами бундан ҳам кенг бўлиши мумкин. Юқорида тилга олинган ҳолатлар бу фақат Озодлик аниқлашга муваффақ бўлганлари холос.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:45 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG