Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:05

Ўзбекистонда пиво спиртли ичимликлар рўйхатига қўшилди


Бундан кейин пивони 20 ёшгача бўлганлар сотиб ололмайди.
Бундан кейин пивони 20 ёшгача бўлганлар сотиб ололмайди.

Ўзбекистонда пиво алкоголли ичимлик тоифасига киритилди. Бундан буён махсус рухсатномага эга бўлган юридик шахсларгагина пиво билан савдо қилиш изни берилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 29 майдаги қарорига биноан бундан буён пивони сотиш фақат спиртли ичимликлар чакана савдосини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахсларга рухсат этилади.

Лекин, алкоголсиз пиво бундан мустаснодир.

Ўзбекистонда пиво шу пайтгача алкоголли миқдори паст бўлган чанқоқбости ичимлик ҳисобланар ва уни сотишга алкогол ичимликларнинг чакана савдосини тартибга солувчи талаблар тааллуқли бўлмаган.

Эндиликда пиво сотилиши ҳам Ўзбекистонда ўтган йил октябрида қабул қилинган “Алкогол ва тамаки маҳсулотлари тарқатилишини ва истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун асосида мувофиқлаштирилади.

Ушбу қонунда Ўзбекистонда тамаки ва алкогол маҳсулотларни сотиши ва ҳарид қилиши мумкин бўлган шахсларнинг ёши 18 дан 20 ёшгача кўтариб қўйилган эди.

Шунингдек, алкоголли маҳсулот чакана тарзда сотилганида, стационар нуқтада тўловларни банк пластик карталаридан амалга ошириш учун ҳисоб-китоб терминали бўлиши шарт қилиб белгиланган.

Алкогол ва тамаки маҳсулотларини савдо автоматлари орқали сотиш, доналаб, қутисиз сотиш тақиқланган.

Эндиликда, янги қарорга мувофиқ, пивони ҳам ҳар ким ўзича сота олмайди. Ўзбекистонда пиво спиртли ичимлик сифатида расман эътироф этилганига муносабат олиш учун айрим ўзбекистонликларга микрофон тутдик.

- Жуда яхши қарор. Айниқса пиво ҳаридорларининг ёши аниқ қилиб белгилангани яхши иш бўлибди,- дейди тошкентлик 23 яшар Лена.

Андижонлик 32 яшар Тоҳир эса, Ўзбекистонда ҳукумат қарорларига тўлиқ амал қилинишига шубҳа билдиради.

- Қанақа қонун қабул қилишмасин, пивони қандай ичишган бўлса шундай ичишади,- дейди 32 яшар Тохир.

Мамлакатда таълим муассасалари ва диний ташкилотлар ўнгида пивонинг чакана савдоси шундоқ ҳам тақиқланган. Шунингдек, таълим муассасалари ва диний ташкилотларга ярим чақирим радиусда жойлашган савдо дўконларида пивони доналаб сотиш мумкин эмас.


Ушбу қарорга риоя қилмаганлар Ўзбекистонда "Истеъмолчилар ҳақларини ҳимоя қилиш ҳақидаги" қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилиши таъкидланган.

- Энди тартиб бўлади. Ҳар ким ҳам сотавермайди. Халқ учун яхши бўлди,- дейди Carlsberg пиво ишлаб чиқариш корхонасида ишлайдиган Женя.

Ўзбекистон дунаёдаги пиво кам ичиладиган давлатлардан саналади. Пиво ичувчилар халқаро ассоциацияси маълумотига кўра, йилига бу мамлакатда пиво истеъмоли миқдори жон бошига икки литрдан тўғри келади.

Пиво ичиш бўйича Чехия дунёда биринчи ўринда. 10 миллион аҳолига эга бу мамлакатда пиво истеъмоли жон бошига 165 литрдан тўғри келади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:48 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG