Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 11:29

"Гугуша. Смотрите, как красиво звучит!"


"Ўзбекнаво" қўшиқчилар тахаллусларини тартибга солиш устида бош қотириб турган бир пайтда, Гугуша тахаллуси билан ижод қиладиган Гулнора Каримова инглиз тилидаги қўшиқлар албомини эълон қилди.
"Ўзбекнаво" қўшиқчилар тахаллусларини тартибга солиш устида бош қотириб турган бир пайтда, Гугуша тахаллуси билан ижод қиладиган Гулнора Каримова инглиз тилидаги қўшиқлар албомини эълон қилди.

Ўтган ҳафтада “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонандаю созандаларни йиғиб катта йиғилиш ўтказган, унда мамлакат мустақиллигининг 21 йиллигига бағишланган концерт учун қўшиқлар тайёрлаш масаласи билан бир қаторда қўшиқчиларнинг тахаллуслари ҳам муҳокама қилинган эди.

Мажлисда Сайёраи жаҳон, Замзама, Каниза, Манго тахаллуслари билан яллачилик қилаётган хонандалар танқидга учради. Танқидчилар фикрича, уларнинг саҳна исмлари санъатдан йироқдир.

Озодлик блогерларидан бирининг бу мавзуга бағишланган мақоласини ўз вақтида сайтимизда эълон қилган эдик.

Бугун шу мавзуга яна қайтмоқчимиз.

Мухбиримиз мажлис иштирокчиларидан бири, ўзбек ёшлари орасида эътибори ортиб бораётган Sayyod.сом сайти муассиси Сардор Комиловга бир неча савол билан мурожаат қилди.

Озодлик: Ўша мажлисда иштирок этган экансиз. Масала қандай қўйилди? Тахаллуслар масаласи тақиқ бўлдими, тавсия бўлдими? Шу ҳақда айтиб беринг.

- Тақиқ бўлгани йўқ. У ерда тавсия ҳам эмас, шунчаки савол кўтарилди “бизларга тахаллуслар керакми?” деган маънода. Сўнгги пайтда тахаллуслар ривожланиб кетаëтганлигини инобатга олган ҳолда “Санъатга дахлдорми ўзи бу тахаллуслар?”, масалан Манго, Уммон деган нарсалар кўтарилди.

Бир тарафдан тўғри, ривожланаëтгандан кейин барибир тартибга ҳам солиш керак. Санъатга дахлдор ҳам бўлиш керак. У ерда менинг позициям ўзимга қарши ҳам эмасу, лекин икки тарафлама бўлиши керакда. Менинг у ердаги позициям атайин яхши тарафини кўра билиш, балансни ушлаб туриш сифатида қатнашдим ўзимнинг хоҳишим бўйича ëшларни қўллаб-қувватлаш сифатида.

Озодлик: Мажлисдан кейин мақола ëзибсиз. Мақолангизда масалани жуда тўғри қўйгансиз. Қатор чет эллик ва ўзбекистонлик қўшиқчилар, бошқа ижодкорлар тахаллусларининг рўйхатини келтиргансиз. Тахаллус масаласининг санъатга алоқаси борми, деб кун тартибига чиқаришнинг ўзи сал ғализроқ кўринадида.

- Энди буни жуда долзарб масала қилишгани йўқ. Асосий масала, у куни йиғилишнинг асосий мақсади мустақилликнинг байрамига қўшиқларни кўпайтириш бўлди. Шу ўринда дейилди, баъзи бир газеталар ташаббус қилган экан, мана шу мавзуни кўтаришган экан, шу ўринда шу мавзу ҳам “нима деб ўйлайсизлар?” деб савол тариқасида қўйилдида. Энди у баҳс-мунозара бўлиб кетди. У ерда у просто шунчаки савол. Тахаллуслар бугунги кунда керакми ва уни нимаси санъатга хос тарзда қўйилаяптими йўқми деган тарзда қўйилди.

Менинг яна бир-иккита кўп нималарим бор эди. Ўша куни эсимга келмади. Масалан санъатдан йироқроқ бўлган тахаллуслар қўйган кўпчилик машҳурлар. Жуда қўполроқлари ҳам бўлган. Масалан бахшилар бор эдию, булбулўғлими ким эди, шунақа бор эдику. Унга ҳам агар қарайдиган бўлсангиз, таҳлил қиладиган бўлсак, жуда ҳам хунук таҳлил қилса бўлади. Асосийси ниятда. Ўша куни муросага келинди. Ниятга боғлиқ, чиройли бўлиши керак. бизларда катта муаммо эмас деган фикрга ҳам келинди. Ростдан ҳам бунақа муаммо йўқда бизларда.

Озодлик: Шоу-бизнеснинг, айтайлик тартибими, ахлоқими биринчи маротаба "Ўзбекнаво"да муҳокама қилиниши эмас. Ундан олдин репертуар ҳам муҳокама қилинган эди. Мана энди тахаллуслар масаласи ҳам кун тартибига чиқибди. Шоу-бизнесни ҳукумат у ëки бу кўринишда қандайдир бир назорат қилиши керакми ëки керак эмасми?

- Аввалги мажлисларда мен қатнашмаганим боис бир нарса дея олмаймнан. Лекин ҳукумат деганингизда сал адашиб, менимча, савол бердингиз. Чунки "Ўзбекнаво" кўпроқ ҳукуматга эмас тўғридан-тўғри шунга алоқадор бўлган ташкилот. Энди бир тарафдан таралла-бедод деб қўйиб юборса ҳам бўлмайдида ака. Кимдир ҳам барибир тартибга келтириши керак.

Мен ўша мажлисда ҳам айтдим, жаҳон миқëсидаги эстрада, Россиядан фарқимиз биздаги менталитет деган нарсани мана шунақа ташкилотлар ушлаб туради қоғозга ўраган ҳолда. Бизларда Россиядаги ўхшаган “Поюшие труси” деган гуруҳ йўқ. Бўлмасин ҳам, Худога шукур. Лекин ҳукумат эмас. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасида бу. Ҳукумат ҳали аралашган тарафини мен кўрмадим.

Озодлик: Шундай тасодиф тўғри келдики, мажлисдан икки кун олдин, 5 июн куни Гугушанинг “Round run” албоми сотувга чиқарилди. Гулнора Каримованинг Гугуша тахаллуси танқидбоп тахаллус деб ўйлайсизми?

- Нимага? Нимаси танқидбоп? Жуда ҳам чиройли. Ëқмайдими? Гугуша. Смотрите, как красиво звучит.

Озодлик: Красиво звучит, но ўзбекча не звучит.

- Йўқ, ўзбекча, мана битта нарсани қарангларда. У ....

Озодлик саволларига ўзбек ёшлари орасида эътибори ортиб бораётган Сайёд.сом сайти муассиси Сардор Комилов жавоб бераётган эди.

Суҳбат шу жойга етганда телефон алоқаси узилиб қолди ва мулоқотни қайта тиклашнинг имкони бўлмади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:20 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG