Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:13

Шоу бизнесчиларнинг пайтавасига қурт тушди


Президентнинг тўнғичи Гулнора Каримова ҳам Гугуша тахаллуси билан машҳур қўшиқчилар ашулаларини remake қилиш билан танилган.
Президентнинг тўнғичи Гулнора Каримова ҳам Гугуша тахаллуси билан машҳур қўшиқчилар ашулаларини remake қилиш билан танилган.

Ўзбекистонда шу кунларда шоу бизнесчиларнинг боши қотган, нопоброқ тахаллус танлаган қўшиқчиларнинг-ку нақ пайтавасига қурт тушган. Нега дейсизми? Ие, эшитмадингизми? Бўлмаса, ҳаммасини бир бошдан айтай...

Ўтган ҳафта “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонандаю созандаларни йиғиб ка-атта йиғилиш ўтказди. Мажлисда жаҳон молиявий бўҳрони ё Грециядаги иқтисодий тангликдан ҳам “долзарброқ” масала – шоу-бизнесчиларнинг тахаллуслари муҳокама қилинди. Машваратга бирлашманинг азамат раҳбари Азамат Ҳайдаров бошу қош бўлди.

Ҳаммасидан ҳам, Сайёраи жаҳон, Замзама, Каниза, Манго тахаллуслари билан яллачилик қилаётган хонандаларга қийин бўлди. Яна бир талай гуруҳларнинг боплаб пўстаги қоқилди. Санъатга полициячилик вазифасини дадил зиммасига олган “Ўзбекнаво”га кўра, шу ва шунга ўхшаш бошқа тахаллусли шоу бизнесчилар ёшларнинг тарбиясига салбий таъсир қилаётибди экан. Тахаллусининг маъно-мазмуни “рисоладагидек” эмас экан-да.

Энди... бу хонандалар бошини қайси деворга уришни билмай турибди. Уларга тахаллус борасида ошиғич ўйлаб кўриш тавсия этилган-да. Кўҳли кўриниш учун кийилган ясама соч бўлса экан, шартта юлиб баҳридан ўтса... Кўзини чирт юмиб, тахаллусдан воз кечай деса, мухлису мухлисалари шу ном – “бренд” билан таниган. Эскисининг баҳридан ўтиб, янгисини олгани ҳақида уйма-уй юриб хабар бериб чиқишнинг имкони йўқ. Одам гавжум бозор-позорда “Халойиқ, тахаллусимни ўзгардим!” деган мазмунда варақа тарқатиб чиқиш ҳам хавфли – ниқоблилар қўлини қайириб олиб кетиши аниқ. Ҳақ деб кўнгилсизлик келтирган тахаллусга содиқ қолай деса... масала кўндаланг қўйилган.

Узунқулоқ гап-сўзларга қараганда, шу кунларда китоб дўконларида чанг босиб ётган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га ҳам талаб ошиб кетганмиш. Пашша қўриб ўтиришга кўникиб қолган китобфурушлар илкис жонланишдан ҳайронмиш. Кейин маълум бўлишича, бу галча танқиддан омон қолган хонандалар ҳам ёппасига луғат титиб, тахаллуси, исму шарифи мағзини чақишга тушиб кетганмиш (Эҳтиёт шарт-да, “Ўзбекнаво” кейинги мажлисда қўққис уларни ҳам турғизиб саволга тутиб қолиши эҳтимолдан холи эмас).

Олдиндан айтиб қўяй, ур калтак-сур калтак қилинган хонандаю гуруҳларга шинавандалик жойим йўқ. Боз яна, тўй-пўйга айтганимда бебилиска хизмат қилиб бермаган улар.

Сўзми, созми, ишқилиб, бирор ижод соҳасини танлаган мардум борки, ўзига тахаллус олади. Дақёнус давридан қолган кўҳна анъана бу! Шу маҳалгача бирор ерда ижодкорнинг тахаллусига осилганларини эшитганмисиз?! (Айтинг-айтинг, форсий байтларига “Фоний” дея имзо чеккан Навоий ҳам хўб замонларда яшаб ўтиб кетган экан! Бугунги арбоблар “Тахаллусинг ёшларни тарки дунёчиликка бошлаяпти” деб Ҳазратнинг ёқасидан олиши ҳам мумкин эди-да) Балким, ўтмишда – айтгани айтган, дегани деган мустабидлар даврида ижод аҳлининг тахаллусига эътирозлар бўлгандир. Лекин цивилизация қозони қайнаб тошаётган XXI асрда, яна денг, демократик давлат қуришни байроқ қилган давлатда ижод эркинлигига аралашиш, уни чеклаш... қандай бўларкин? Уят эмасмикин?..

Қолаверса, Ўзбекистон Фуқаролик кодексининг 19-моддасига дарж этилганидек, тахаллус давлат томонидан фуқаронинг исми каби ҳимояланиши ҳақидаги қонуний кафолат қаерга кетади?!

Ўзи, эътибор бердингизми, охирги маҳаллар идорадаги арбобиям, кўчадаги нобопиям ижодкор аҳлини ҳар боб билан уришга, хумордан чиқиб тепкилашга ўрганиб қолгандек. Майли, қалам аҳлини гапирмай. Бир қарашда тўкин-сочин яшаётган, матбуоту радиою телевидениени бўшатмаётган шоу бизнесчиларга ҳам қийин бўлиб қолди, чамаси.

“Ўзбекнаво” яқиндагина чет элга изнсиз чиққан хонанда Ботир Қодировнинг лицензиясини тортиб олиб, “persona non grata”га чиқарганди. Камига, маҳаллий матбуот орқали тошбўрон қилинганди “ўзбилармон”. Шундан бери хонандалар ҳар бир қадамини ўйлаб босадиган бўлиб қолди. Энди тегирмони навбати тахаллусларга келибди. Бу кетишда мазкур идора хонандаларнинг нима ейиши – кундалик рационигача белгилаб беради-ёв!

“Ўзбекнаво” бирлашмаси қошида тахаллуслар бўйича бошқарма очиш вақти келганга ўхшайди. Қўшиқчими, бастакорми, клипмейкерми, тахаллус танламоқчи бўлса, аввало, кабинетда қўр тўкиб ўтирган галстукли зотдан рухсат олсин. Йўқ, олдин сўрасин, танлаётган тахаллуси мақсадга мувофиқми, мабодо ёшлар тарбиясига салбий таъсир қилиб қолмайдими... Кейин мутасаддилар бир парча васиқа берсин аризачига. Бунинг эвазига, шоу бизнесчилар, марҳамат қилиб, тахаллус учун давлат божи тўлаб қўйсин! Пул ишлашнинг оригинал йўли, а? Нима дедингиз?!

Тешик қулоқ эшитаркан, яқинда Гугуша деган хонанданинг қўшиқларини тинглаб қолдим. Тахаллуси ғирт ажнабийча-ку. Нима дегани экан бу: Гугуша? “Ўзбекнаво” бирлашмасидан илтимос, галдаги мажлисларда шу хонанда ҳам чақиртирилиб, тахаллуси муҳокама қилинса, ёшларга тушунарли, рисоладагидек ёрлиқ олиш кераклиги тушунтириб қўйилса. Агар сўзларини ерда қолдирса, ҳаммага ибрат учун азза-базза лицензиясини олиб қўйишса (Ўзи, лицензияси бормикин бу хонанданинг?..)

Киноя-кесатиқлар етар. “Ўзбекнаво”га жиддий маслаҳат. Ўзбекистон Адабиёт ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш бўйича Берн конвенциясига қўшилганига 7 йил бўлди. Халқаро ҳужжат уни имзолаган давлатларга барча ижод соҳалари қатори қўшиқчиликда ҳам плагиаторлик – кўчирмакашлик, ўғриликларни бартараф этиш мажбуриятини юклайди. Бугун ўзбек шоу бизнесида хориж қўшиқ ва мусиқаларини куппа-кундуз куни ўғрилаш оммавий, замонавий усулга айлангани маълум.

Агар “Ўзбекнаво”нинг тахаллуслар билан шуғулланишдан бошқа юмуши қолмаган бўлса, дўстона маслаҳат, бировнинг таҳоратига намоз ўқиётган, тайёр ошга баковуллик қилаётган ўғри хонандаларга қарши курашсин! Шуниси жўялироқмикин дейман-да...
XS
SM
MD
LG