Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:38

МТСнинг тўхташи ижтимоий муаммолар яратди


“МТС-Ўзбекистон” савдо белгиси остида хизмат кўрсатган “Ўздунробита” ширкати фаолиятининг тўхтатилиши оператор хизматидан ўз касб-кори доирасида фойдаланиб келган ўзбекистонликлар учун муаммолар яратди.

Мобил технологияси ривожланган сари, Ўзбекистонда ҳам ўз касбий фаолиятини фақат телефон орқали мувофиқлаштирадиганлар қатлами пайдо бўлди.

Транспорт, аҳолига маиший хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, қурилиш ва шоу бизнес вакиллари МТС тўхтаганидан кейин мижозлар билан боғланишда катта муаммоларга дуч келганини айтишмоқда.

Такси интернетсиз қолди

Тошкентдаги "Аэропорт-Такси" ширкати фойдаланадиган интернет МТСга улангани боис ширкат Интернет хизматидан мосуво бўлди.

Такси ширкати вакили Озодлик билан суҳбатда ўз корхонаси учун Интернет жуда муҳим эканини урғулаб, тадбиркорликка етган зиëндан гапирди.

Суҳбатдошга кўра, МТС ўчиши ҳақида улар олдиндан ҳабардор қилинмаган.

- Интернет ўчганидан кейин қийналдик. Сим карталарни алмаштиришга тўғри келди. Хозир бошқа мобил ширкати билан ишлаяпмиз. Мижозлар, ҳайдовчилар ва раҳбарлар ўртасидаги телефон алоқаси ҳам муаммога учради, дейди такси ширкати вакили.

Тошкентдаги бошқа ширкатларнинг такси ҳайдовчилари ва юк машинасида киракашлик қилуви шоферлар ҳам ўз мижозларини йўқотиб қўйганидан нолишди.

Ҳайдовчилик курслари мушкул аҳволда қолди

Тошкентнинг Бектемир туманидаги ҳайдовчилик курсларида ўқийдиган ўқувчиларнинг 80 фоизи МТС телефон алоқасига эга бўлгани боис ҳозир уларнинг фаолиятни мувофиқлаштириш қийин бўлмоқда дейди, Бектемир шаҳарчасининг Бойқора кўчасида жойлашган ҳайдовчилик ўқув марказининг Шаҳноза исмли маъмури Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра, машина ҳайдашни ўрганиши керак бўлган 200 нафар ўқувчи ва ҳайдовчи тренерларни бир-бири билан боғлаш деярли имконсиз бўлиб қолган.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтихон топширишни ҳам мувофиқлаштира олмаяпмиз дейди суҳбатдош.

Беморлар билан улана олмаяпмиз

Тошкентда аҳолига тиббий ҳизмат кўрсатувчи хусусий клиника вакили Гуландом Абдуллаева беморлар билан алоқа узилиб қолганидан ташвишланди.

Микрофонсиз суҳбат чоғида Гуландом Абдуллаева ўз ширкатининг жарроҳлик амалиëтини бошдан кечирган беморларнинг реабилитация муолажаларидан ўтиш даврида улар билан доимий алоқада бўлиш зарурати борлигини айтади. Суҳбатдошларга кўра, мижозларнинг аксар кўпчилиги МТС мижозлари бўлгани боис улар билан алоқа деярли узилиб қолган.

Автомобил ремонти ҳам телефонга боғлиқ

Озодлик боғланган Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Тошкентдаги автомобилларни таъмир қилувчи хусусий ширкатлар телефон ўчгани боис мижозларни йўқотиб қўйганини айтишди.

МТСдан бошқа алоқа воситаларига эга бўлган ширкат вакили Озодлик билан суҳбатда ўз усталарининг Билайн алоқа тизимида эканини айтди.

Айни пайтда мижозларнинг кўпи МТСда. Усталар ўз мижозларини йўқотиб қўйди.

Бу эса автомобил таъмир қилинадиган устахоналар иш маромига жидий зарар етказгани айтилди.

Тўй мавсумида санъаткорни топиш қийинлашди

МТС алоқаси узилган соатда энг биринчилардан бўлиб Ўзбекистон шоу-бизнеси вакиллари ўзларининг янгиланган телефон рақамларини шоу-бизнесни ëритувчи сайтларда эълон қилишди.

Озода Нурсаидова, Юлдуз Усмонова ҳамда Насиба Абуллаева доҳил 20 дан зиëд ашулачи зудлик билан телефони ўзгаргани ҳақида маълумотни 17 июл куни Тошкент вақти билан соат 17 да очиқлашди.

Насиба Абдуллаеванинг маъмурий ишлар бўйича ëрдамчисининг Оздодликка маълум қилишича, тўй мавсумида телефон рақамининг ўзгариши санъаткор учун муаммоли ҳолат.

Санъаткорлар ва улар хизматидан фойдаланувчилар рўзадан олдин, тўй мавсумининг энг қизиган пайтида мижозларни йўқотиб қўйди дейди клипмейкер Санжар Ҳожиев.

"Одамлар кемадан қолиб кетган йўловчидай бўлиб қолди"

Тошкентлик Шавкат Бадаловнинг айтишича, бирданига алоқадан узилган одамлар бир нарсасини йўқотгандай бўлиб қолдилар.

- Умуман кемадан тушиб қолган одам сингари бўлиб қолганда булар ҳозир. Пешиндан олдин главпочтамтнинг олдидан келаëтган эдим. Ўша ердаги Ucell компаниясида энг камида 50тача одам турибди. Ундан ташқари бир-иккита ходимларни ташқарига чиқаришган. Ўша ерда стол-стул қўйиб ўтиришибди. Одам гавжум. Номер беришаëтган экан. Кимники МТСда бўлса, телефон қиласиз, номер жавоб бермайди. Кимнинг чўнтагида МТС номери бўлса, дунëдан узилиб қолди ҳисобда. Ҳамманинг иши телефон билан. Бу ëқдан у ëққа борадиган бўлса ҳам, битта одамни кутиб оладиган бўлса ҳам телефон билан. Телефони йўқ бўлиб қолган одам учрашиши керак бўлган одамини топа олмайди. Оила билан, ишхона билан узилиб қолган. Масалан битта ходим у ëқ бу ëққа кетиб қолса, ўша ходим қаердалигини билиш учун телефон бор пайтда телефон қилиб “тез етиб кел” деб айтарди. Телефони ишламаса, қаердан хабар беради? Тирик одамнинг ўрнига сояси қолгандай бўлиб юрадида, дейди Шавкат Бадалов.

"Оғайниларимни тополмай жоним ҳалак"

Самарқандлик Умаржон ака эса, керакли одамлари олдига телефон қилолмай ўзи бориб келганини айтади.

- Чатоқ бўлдида. Связ бўлмаяпти ҳозир. Кўплар 66 олган дўстлар, оғайнилар. Чиқолмаяпмиз. 66 лик МТС линиясига чиқа олмаяпмиз. Қийин бўлаяпти. Охири мажбур бўлаяпмиз олдига бориб келишга. Ўзи ҳам безор бўлиб бошқа компанияга ўтаяпти, дейди Умаржон ака.

"Одамларнинг ҳали ҳам МТСдан умиди бор"

Баъзилар умид билан яна ишлаб кетармикан деб, вақтинча бошқалар операторлар сим-картасидан фойдаланяпти, баъзилар алмаштириб олишяпти, дейди Фарғона вилоятининг Бувайда туманида истиқомат қиладиган Неъматжон Сиддиқов.

- Ишлаб турган телефон ишламай қолса, тўлиқ ноқулайликда бу. Дарров сим карта олиб, ҳозир бировларнинг телефонидан фойдаланиб юрибди одамлар ҳам 10 кундан кейин ишлаб кетар деган умидда. Одамлар сим картасини алмаштираяпти. Кундалик ҳаëтда керак энди. Ишлаб кетса, яна қўйиб олаверади. Ишламайдиган бўлса, алмаштирадида, дейди Неъматжон Сиддиқов.

"Бошқа компанияларга мазза бўлди"

Сирдарёлик Бобур домлага кўра, бошқа мобил компаниялар олдида тумонат одам йиғилган, ҳамма МТСдан бутунлай воз кечиб бошқа компанияларга ўтиб кетяпти.

- Одамлар бошқа компанияларга ўтиб кетишаяпти. Ҳаммасида ваҳима. Ҳаммаси нима қилишини билмаяпти. Ахборот йўқ. Билганлар энди сал-сал етказиб турибмиз. Компаниянинг олдидан ўтдим. Одамлар кўп. Бошқа компанияларга ўтишаяпти. Эрталаб пайнетга кирсам, битта одам тўрт-бешта сим карта алмаштираяптида, дейид сирдарëлик Бобур домла.

Муҳожирлар яқинларидан хабар кутяпти

Россиянинг Новосибирск шаҳрида ишлаётган сурхондарёлик Ғуломжонга кўра, МТС компанияси фаолияти тўхтатилгани айниқса меҳнат муҳожирларига катта қийинчилик келтирди. Улар ўз яқинлари билан алоқа қилолмай хуноб бўляпти.

- Телефон қилиб кўрдим. Ишламаяпти. Диққат бўласизда. Бир-икки кун бир-биримизни топишга қийналамиз. Амаким бор ëнимда. Унинг ҳам отаси МТС эди. “Ишламаяпти, бошқа сим картага ўтамиз деяпти” деди, дейди Россиянинг Новосибирск шаҳрида ишлаётган сурхондарёлик Ғуломжон.
XS
SM
MD
LG