Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:40

Обид қорига суиқасдда айбланган эр-хотин оқланиши мумкин?


Ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаровга қилинган суиқасдга алоқадорликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароларининг адвокатлари ўз мижозларининг оқланишига умид қилмоқдалар.

Ўзбекистон фуқаролари бўлган эр-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар 19 июл куни Швециядан чиқмаслик шарти билан, 26 июл кунига қадар, яъни суд ҳукми эълон қилингунгача озодликка чиқарилган эди.

Ҳакам Марит Окербломнинг бу борадаги кечаги қарорини айбланувчиларнинг адвокатлари ўз мижозларининг мутлоқ оқланиши нишонаси ўлароқ кўрмоқдалар. Ян-Оке Нистрём суд жараёнида Баҳодир Пўлатовни ҳимоя қилди.

- Менимча суд адолатли ўтди. Мен ўз мижозим (Баҳодир Пўлатов) айбсизлигига ишонаман. Суд ҳайъати ҳам ана шундай фикрда эканига ишонаман. У ҳозир очиққа чиқарилди, лекин ҳукм келаси пайшанба куни чиқарилади ва ўшанда суднинг якуний қарори ҳақида биламиз. У воқеанинг ўз версиясини яхши тақдим қилди, деб ҳисоблайман ва оқланишига умид бор. У суиқасд ижрочисининг асл ниятлари ҳақида билмаган. У ҳозир очиқда. Якуний қарорни келаси пайшанба куни суд чиқаради,- деди Озодлик билан суҳбатда Баҳодир Пўлатовнинг адвокати Ян-Оке Нистрём.

Нодира Аминованинг адвокати Эрик Боберг ҳам ўз ҳимояси остидаги шахс 26 июл куни авф этилади, деган ишончда.

Асли ўзбекистонлик 30 ёшлар атрофидаги эр-хотинга шу йил феврал ойида Стромшунд шаҳрида имомни отган шахсга қотилликни уюштиришда ёрдам бериш айблови қўйилган.

Швед прокурори Кристер Петерсоннинг кескин айбловлари фонида Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларнинг маҳкама қарори билан ҳукм эълон қилингунгача озод этилиши кутилмаган ҳолат бўлди.

Остершунд шаҳрида маҳкама сўнгги паллага кирган пайт прокурор Кристер Петерсон айбланувчиларга камида 8 йиллик қамоқ жазоси сўраган эди.

18 июл кунги маҳкама мажлисида жаноб Петерсон имомга қилинган суиқасд ўзбек махфий ҳизматлари тарафидан уюштирилган бўлиши мумкинлиги бир қанча далиллар билан тасдиқланиши ва бу билан боғлиқ бошқа фаразлар йўқлиги, суиқасдга кўмаклашганликда гумонланаётган ўзбекистонлик жуфтлик Ўзбекистон томонидан юборилган одамлар бўлиши мумкин, деб айтган эди.

"Биз тақдим этган фактлар ҳужум ўзбек хавфсизлик хизматлари топшириғи билан амалга оширилганига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди. Хавфсизлик ҳизматлари имомни катта хавф сифатида кўрган",- деган эди прокурор.

Айбланувчи томон адвокати Ян-Оке Нистрёмнинг айтишича, прокурор маҳкама давомида бу иддаоларни тасдиқловчи бирор далил келтиролмаган.

- Унинг айтганлари тахминлар холос, далиллар йўқ,- дейди адвокат Нистрём.

Обидхон қори Назаров шу йилнинг 22 февралида Швеция шимолидаги Стромшунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида номаълум шахс томонидан ўққа тутилган эди.

Мамлакатда 2010 йилдан буён яшаб келган Ўзбекистон фуқаролари бўлган эр-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларни суиқасдга кўмаклашганликда гумонланиб 15 май куни ҳибсга олинган эди.

Эр-хотиндан ташқари, суд давомида 1978 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси экани айтилаётган Юрий Жуковский, деган одам суиқасдни бевосита амалга оширган шахс сифатида тилга олинган.

22 феврал кунги суиқасд ортидан Жуковский Москвага қочган ва шу билан уни изи йўқолган.

Айни пайтда Обидхон қори Назаров тарафдорлари Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар ҳукм ўқилгунга қадар Швециядан қочиб кетишлари эхтимоли борлигидан хавотир билдирмоқда.

- Шундай ҳавотир йўқ эмас. Қочиб кетишлари ҳеч гап эмас. Биз Ўзбекистон ҳукумати томонидан маҳсус ёлланган одамлар деб қараяпмиз бу шахсларга,- дейди Швециянинг Стромшунд шаҳрида яшовчи Аҳмаджон.

54 ёшли Обидхон қори Назаров ҳамон шифохонада кома ҳолатида ётибди.
XS
SM
MD
LG