Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:53

Ўзбек зеҳниятидаги инқилоб: Чет эллик куëв модаси


Асрлар давомида “Яхши қиз маҳалласидан чиқмас”¸ “Узоқдаги қуйруқдан¸ яқиндаги ўпка яхши”¸ “Бойга келин бўлгунча¸камбағалга қиз бўл”¸ деган мақол-маталларга эргашиб яшаб келган ўзбеклар орасида бу мақоллар эскирганини ўз ҳаëти мисолида исботлаëтганлар кўпаймоқда.


Мусулмонлар учун муборак саналмиш Рамазон ойида ўзбекистонликлар кўпининг “оғзи ëпиқ” бўлгани боис¸ айни кунларда никоҳ тўйлари деярли ўтказилмаëтир.

Аммо карнаю сурнай садоларининг бир ойга тинчиб қолгани¸ Рамазондан кейин авжи паллага кирадиган тўй мавсумига гизли ҳозирлик тўхтаб қолди¸ дегани эмас.
Аксинча¸ айни кунларда¸ бўлажак тўйларга замин ҳозирлашга масъул этилган амма- холалару¸ қайнона бўлгичлар оғиз очарга қадар бўлажак тўйнинг иккинчи қаҳрамонини излаш билан ҳалак.

Қиздан совчи бор

Интернет технологиялари кун сайин инсон ҳаëтига яна бир янгилик олиб кираëтган замонавий дунëда¸ ўзбеклар ҳам юз йиллардан бери амалда бўлиб келган ижтимоий қоида-қонунлардан воз кечишга жасорат топмоқдалар.

Ўғил уйлантираман¸ деб тагли-тугли қиз қидириб юрган оналар қидирув кўламини ўз маҳалласи ва қариндош-уруғлари доирасидан чиқариб¸ Интернет ва совчилик агентликларига қатнаëтган бўлса¸ маҳалла-кўй нима дейди¸ деган қолипни синдираëтган қизлар онаси ҳам уйига келаëтган совчилар билан чекланмай¸ қарши совчилик” тармоғини йўлга қўймоқда.

Бу жараëн ҳақида Тошкентдаги “Совчи-элит” агентлигини ходимаси гапиради:

- Бўлажак қайноналар келаяптида. Бўлажак қайноналар келин қидириб келаяпти. Бизлар топиб бераяпмиз яхши-яхши қизлардан. Қизларнинг онаси ҳам кимга беришни билмасдан эмас¸ ўзининг кўнглига ëқадиган одам бўлмагани учун, ҳамма ҳам хоҳлайдику яхшироқ жойга берай қизимни деб. Қиз бола эшикка қараб ўтиради. Кутади. Ўзини реклама қилмайдкику. Ўзгараяпти, жуда кўп ўзгараяпти. Ўзгариш катта. Тушуниб етганлар мана шу ерга келади, хурсанд бўлиб кетаяпти¸ дейди профессионал “совчи”.

Совчилик агентликлари эшигини жиринглатаëтганлар¸ бу даргоҳга не орзу¸ не талаб билан келмоқда?

-Ҳамманинг хоҳиши ҳар хил. Ўша хоҳлаганини бизларга анкета тўлдиради. 35 та саволдан иборат анкетамиз бор. Ўшани тўлдириб, қўядиган талабларимиз катта.
Бир хил йигитлар онаси билан келади ëки ўзи алоҳида келади, ўзи тўлдиради ўзининг хоҳиши, бошқасини. Саволларимиз ҳаммаси керакли. Ўзи тўғрисида маълумот, иккинчиси бўлажак турмуш ўртоғининг мезонларини беради. Суратини ташлайди. Биз ҳар бир янги келган одам билан суҳбатлашамиз. Кўрамиз қанақа, ўзи гапидан ҳам билинадику. Бизнинг ҳам тажрибамиз катта¸ дейди Тошкентнинг Ўрдасида жойлашган “Совчи элит” агентлиги ходимаси.

Бой бойга боқар...

Совчилик агентлиги ходимаси Озодлик билан суҳбатда 2010 йилдан бери расмий лицензия билан иш кўрсатаëтган бу ширкат асосан жамиятнинг ўзига тўқ¸ тагли-тугли қатламига хизмат қилиши ва кўчадаги дуч келган қиз ëки йигит¸ хизмат ҳаққини тўлаш билангина¸ бу агентлик мижозига айлана олмаслигини таъкидлайди.

“Паспортию¸ доимий яшаш манзилини тасдиқловчи ҳужжатлар баробарида¸ бўлажак мижозларимиз узоқ суҳбатдан ўтиши керак. Биз жамиятнинг фақат “элита”сига хизмат кўрсатамиз”¸ деб қўшиб қўйди “Совчи элит” агентлиги ходимаси.

Суҳбат давомида¸ Ўзбекистон никоҳ бозорида бугунги кунда кимнинг “элита” экани ҳам ойдинлашди:

- Мана ҳозир ўзимизнинг йигитлар ҳам, Худога шукур, кўплари чет элда ўқиган. Англияда, Европада, Америкада, Белгияда ўқиб, ишлаб, бир хиллар ўша ерда қолади. Олиб кетишмоқчи. Шунақа контингент асосан. 98 фоиз ўзбеклар. Икки йилга яқин бўлиб қолди очилганимизга. 40 тача тўй қилдик. Савияси ошиб бизларнинг ўзбекларнинг ҳам чет элдагидай мурожаат қилиб.

Масалан йигитларимизнинг кўплари чет элда ўқиган, чет элда ўқимаса бу ерда ҳам ўқиган, жиддий ишларда ишлайди. Куни билан банд. Қайси вақтда қаерга бориб танишиши керак? 28-29 ëшга бориб уйланишга қарор қилишаяпти. Ойисига айтадиганмас топиб беринг деб. Ўзи вақти бўлмаса. Какая порядочная девушка например метро, кўчада, кафеда танишади? Қизлар ҳам худди шу. Шунинг учун шунақа службага мурожаат қилишга тўғри келади¸ дейди Тошкент марказидаги “Совчи элит” агентлиги ходимаси.

Модний куëв

Ўзбекистондаги тиббиëт коллежларидан бирида ўқиëтган 19 яшар Камола бугун ўзига тўқ оилалар қизлари орасида “бозори чаққон куëвлар”¸ айнан “Совчи элит” ходимаси тилга олган каби¸ чет эл ëки Тошкентдаги хориж олийгоҳлари филиалларида ўқиб¸ Ўзбекистонда яхши ишда ишлаëтган йигитлар эканини айтади:

- Қанақа куëв десам, ўқиган, яхши ўқишларни битирган, яхши ўқишлар иш топиладиган ўқишларда, масалан бизнесмен ҳозир кўпинча. Бизнесмен бўлиш учун Нархозда (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиëт университети) ëки Сингапурда. Ҳозирча ўзбекни хоҳлашади. Лекин биз хил қизлар бор чет элга кетишни хоҳлайди¸ улар ҳам чет элдаги ўзбекка тегишни хоҳлайди¸ дейди ўзи ҳам “куëв танлаш” машақққати билан бевосита таниш Камола.

Талаба қизнинг айтишича¸ бўлажак келин-куëвлар¸ бир-бирларини топиш учун ҳатто прогрессив оналарида ҳам йўқ¸ янги ва аллақачон синалган усулга кўпроқ ишонишади. “Бу эса¸ ижтимоий тармоқлар¸ танишларимнинг танишларидир”¸ дейди Камола:

- Ҳозир Интернет энг урф бўлган нарса бизларда. Facebookка киришади. Ҳозир Ўзбекистонда энг тарқалиб кетган сайт Oдноклассники. Деярли 90 фоиз ўзбеклар бор у ëқда¸ дейди келин-куëвнинг бир-бирини қидириши асосан Интернетга кўчганини таъкидлай туриб Камола.

Инқилоб – жамиятнинг ночор қатлами зеҳниятида

Ўзбекистонда никоҳ ва қуда-андачилик борасидаги эски анъналарни тамоман бузиб¸ уларни янги иқтисодий-ижтимоий муносабатлар¸ қолаверса¸ глобал дунëга мос тарзда ислоҳ қилинган янгиларига алмаштириш¸ жамиятнинг ўртадан паст¸ ночор қисмларида кучли намоëн бўлмоқда¸ дейди ўзбекистонлик таниқли блоггер Гуласал Камолова.

-Ҳозир бошқа миллатларга қизини узатиш ҳам кўпайган. Масалан¸ Бухорода кўп тўйларни кўрганман, ўзим иштирок этганман, бухоролик қизлар туркларга турмушга чиққан ëки арабларга турмушга чиққан. Айни пайтда¸ водийда Жанубий Кореяга қиз узатиш модага айланибди. Кореялик Ислом динини қабул қилмаса ҳам¸ узатишаяпти экан. Кореяга қизини узатган наманганлик опахон билан гаплашиб қолсам, у кореялик йигитга қизини беришдан олдин Тошкентдан битта квартира олдириб, кейин қизини узатибди¸ дейди “Бухоро қизи” тахаллуси билан блоггерлик қилиб келаëтган Гуласал.

Қизлари қулоғига аввалига ўз маҳалласи¸ топилмаса¸ қишлоғи ëхуд шаҳридан куëв топиш шартлигини қуйиб келадиган ўзбек оналари¸ бугун куëв ўзбек бўлсин¸ ëки мусулмон бўлсин¸ деган энг сўнгги анъанавий чегарадан ҳам воз кечмоқдалар. Бунга эса¸ бир томондан¸ моддиятчилик¸ иккинчи томондан¸ ночорлик туртки бўлмоқда¸ деб давом этади блоггер:

- Молпарастлик деса керакда буни. Қизларимизнинг мол сифатида сотилгани борку бизда. Қалин деймиз, бошқа деймиз. Ўзбекка ҳам сотамизку. Шунчалик бўлиб кетганки, қанча кўп нарса берсангиз қизни узатаëтганда, обрўси баланд, зўр жойга берибди дейди. Ҳозиргача ўзбеклар бойга беришга ҳаракат қиладию бахтли бўлишини тиламасдан.

Водийда Кореяга қиз бериш жуда модага айланибди. Бу ерда ҳар бир хорижлик куëв бой ҳисобланар экан. Хорижданми демак у бой. У боқа олади. У кетса, орқасидан бошқа фарзандлари ҳам кўтарилиши мумкин. Худди шу нарса шаклланиб қолган. Қизимни берсам, куëв тараф қолган фарзандларимга ëрдам беради деган нарсада. Биласизми бу фахрга айланиб кетган ҳозирги пайтда. Илгари уят ҳисобланса, ҳозир “Ўўў, қизини чет элга берибди” деган қандайдир ҳавас кучайган. Уяти йўқ уже. Бу ҳавас. Қанийди бизда ҳам шунақа бўлиб қолса, деган маънода бу ҳавасга айланиб кетган. Бундайлар қандайдир супер тоифага айланаяпти. Кўпроқ ночор оилалар, ўртаҳол оилалар, ҳақиқатан моддий қийинчиликка дучор бўлган оилалар орасида кўп¸ дейди ўзбекистонлик блоггер Гуласал Камолова.

18 август куни муборак Рамазон ойи тугаб¸ авжи пишиқчиликка ғарқ Ўзбекистонда тўй мавсуми бошланади. Бу тўйларнинг¸ дейлик 10 йил аввалгиларидан бир фарқи¸ келин ва куëв сифатида даврага кириб келадиган қиз-йигитларни бу тантанага олиб келган йўлнинг янада турлилиги (қўшнилар¸ қариндошлар¸ совчилик агентликлари¸ Facebook, Одноклассники ва ҳоказо...) бўлса¸ яна бошқаси¸ куëв тўралар миллатию динининг ҳам ранг-баранглигидир....

P.S.Германияда яшайдиган ўзбекистонлик Олимжоннинг Озодликка йўллаган блогида ҳам айни шу жараëн манзараси акс этган.
XS
SM
MD
LG