Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:47

Фарғонада "Бирдамлик" фаоли қамалди


“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Фарғона вилояти бўлими етакчиси Гулҳаё Бобожонова 5 суткага қамалди. Унинг яқинларига кўра, Гулҳаё Бобожонова милиция ходимини ҳақорат қилганликда айбланган.

“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Фарғона вилояти бўлими раҳбари 40 ёшли Гулҳаё Бобожонова 8 август куни кечга томон Фарғона шаҳар фуқаролик ишлари судида маҳкамага тортилди.

Гулҳаё Бобожонованинг онаси 62 ёшли Марҳаматхон Ҳакимованинг айтишича, унинг қизини судга таклиф қилишгану, ўша заҳоти ҳукм чиқариб ҳибсга олишган:

- Биз ҳам аниғини билмаяпмиз, мен ўзим касалхонада ётибман. Унинг судидан ҳаммамиз бехабар қолдик. Кеча қизим ҳеч кимга айтмай судга борган экан. Куёвим Ҳабибулло маҳалла участковойидан сўраса, Гулҳаё бошқа маҳалла участковойини ҳақорат қилганмиш, деган гапни айтибди. Беш сутка бериб юборишибди. Куёвим борса, суднинг қарорини ҳам беришмабди. Ўзимиз ҳам аниғини ҳали билмаймиз,- дейди Марҳаматхон Ҳакимова.

Унинг айтишича, 8 август куни кечқурун суд ҳукмидан сўнг Гулҳаё Бобожонова Фарғона вилояти Қува туман ички ишлар бўлимидаги вақтинча сақлаш изоляторига олиб кетилган.

Бирдамлик Интернет сайти 9 август куни Гулҳаё Бобожонованинг эри Ҳабибулло Мўйдинов Қува туманидаги изоляторга боргани, бироқ унга хотини билан учрашишга рухсат этилмагани ва у олиб борган озиқ-овқатлар ҳам олинмаганини ёзади.

Озодлик Гулҳаё Бобожонова қайси айби учун маҳкамага тортилгани хусусида муносабат олиш учун Фарғона шаҳар фуқаролик ишлари бўйича суди билан боғланди. Бироқ канцелярия ходими телефон орқали ҳеч қандай маълумот бермаслигини айтди.

Гулҳаё Бобожонова Фарғона шаҳридаги Истиқлол маҳалласи фаолларидан бири. У Бирдамлик Интернет сайтида маҳаллий ижтимоий муамммолар ҳақида бир қанча мақолалар ёзган, хорижий ОАВга интервюлар бериб келган.

"Бирдамлик" ҳаракати фаоллари Гулҳаё Бобожонованинг ҳибсга олинишига унинг танқидий мақолалари сабаб бўлганини айтмоқда.

Жумладан, Гулҳаё Бобожонованинг Фарғонада пластик карточкалар етишмаётганлиги ҳақидаги хабари Озодлик радиосида эшиттирилганидан сўнг, эртаси куни пластик карточкалар билан боғлиқ муаммо ҳал бўлган эди.

Гулҳаё Бобожонова Озодлик радиосида “Омадлотто” лотереяси кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақаларга қўшиб мажбуран сотилаётганини ҳам танқид қилган эди.
XS
SM
MD
LG