Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:48

Шаҳрисабзда аҳолининг ер участкалари тортиб олинмоқда


Қашқадарё вилояти прокуратураси, Солиқ бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги вакилларидан иборат комиссия Шаҳрисабз тумани аҳолисига тарқатилган ер участкаларини давлат балансига қайтариш устида иш олиб бормоқда.

Расмийлар иддаосича, туманнинг собиқ ҳокими, Ўктам Хидиров раҳбарлигида давлатга тегишли ер ҳудудлари ғайриқонуний равишда аҳолига томорқа ва ер участкалари сифатида тақсимлаб берилган.

Туман ҳокимлиги капитал қурилиш ва реконструкция бошқармаси ҳамда давлат кадастр хизмати томонидан хатланган участкаларда аҳоли уй-жой ва иморатлар барпо қилган. Улар қишлоқ хўжалиги ва полиз экинлари экиб, ердан фойдаланиб келишган. Энди эса аҳоли ва маҳаллий ҳокимият ўртасида зиддият юзага келди.

- Вилоятнинг янги қонхўр ҳокими Туроб Жўраев амалга ошираётган бу босқинчилик халқни жунбушга келтирди. Айниқса, бизнинг қишлоқ аҳолиси орасида ваҳима катта. “Кимки иморатимни бузса, еримни тортиб олса, ўзимни ўлдираман”, деганлар кўп. Лекин ҳокимият шунга қарамай, кўкариб турган экинларга трактор солмоқда. Иморатларни мажбурий тартибда бузиб ташлашга кўрсатма берган. Хуллас, вазият жиддий, – дейди тумандаги Дўнгқишлоқда яшовчи Қосим ака.

Шаҳрисабз туманидаги Бобур, Кеш, Гулистон сингари бир қатор жамоа хўжаликларида олиб борилаётган кенг кўламли тафтишлар аҳолининг муайян пора ва рағбатлатиришлар эвазига давлатга тегишли ер майдонларидан ер участкалари олинганини кўрсатмоқда.

Туман ҳокимлигининг бир неча ходимига порахўрлик ва мансаб ваколатидан четга чиқиш айби билан суриштирувлар олиб борилмоқда.

Шаҳрисабз тумани прокуратурасининг исмини очиқламасликни сўраган ходимига кўра, аҳолининг қаршилигига қарамай, талон-тарож қилинган ерлар давлат заҳирасига қайтарилади. Қолаверса, кишиларнинг стихияли норозилиги ҳеч бир ҳуқуқий мезонларга асосланмаган. Шу боисдан ҳам хавфсизликни таъминлаш, аҳоли норозилиги ортидан келиб чиқадиган можароларни бостириш юзасидан туман ички ишлар бошқармаси томонидан чоралар кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятининг Жондор туманида содир бўлган шу каби ҳодиса содир бўлган ва унинг ортидан келиб чиққан можароларни Озодлик батафсил (1, 2, 3, 4, 5) ёритган.
XS
SM
MD
LG