Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:40

Навоийнинг эски мақбараси қайта қурилаяпти


Навоий қабри тўққиз йил давомида очиқ қабр кўринишида қолаётган эди.
Навоий қабри тўққиз йил давомида очиқ қабр кўринишида қолаётган эди.

Афғонистон ҳукумати Алишер Навоий мақбарасини янгилаш бўйича Ўзбекистон таклифини рад қилиб, 26 август куни эски мақбарани қайта қуриш ишларини бошлади.

Якшанба куни Ҳирот шаҳрининг Гавҳаршодбегим боғида Афғонистон ҳукумати бошчилигида Алишер Навоийнинг эски мақбарасини қайта қуриш ишлари бошланди.

Навоийнинг оддийгина кўринишда бўлган эски мақбараси 2003 йилда ўзбекистонлик муҳандислар томонидан бузиб ташланган эди.

Андижондаги Бобур жамғармаси эски обида ўрнида муҳташам мақбара барпо этишни мўлжаллаган эди.

Афғонистон расмийларига кўра, аввалги мақбаранинг видеода сақланган кўринишига қараб, янги мақбара айнан эски шаклида қурилаяпти.

Қарийб тўққиз йил давомида очиқ қабр кўринишида қолган Алишер Навоий қабри устига қурилаётган мақбарага 60 минг АҚШ доллари миқдорида пул сарфланиши режалаштирилган.

Бу маблағнинг барчаси Афғонистон ҳукумати томонидан ажратилгани айтилаяпти.

Шунингдек, Афғонистондаги ўзбек тадбиркори Ҳожи Абдулла Навоий мақбарасини қайта тиклаш учун қўшимча 10 минг АҚШ долларини ҳайрия қилган.

- Бу пулни Навоийдек буюк инсоннинг руҳи шод бўлсин деб ажратдик,- дейди Ҳожи Абдулла.

Ҳирот вилояти ҳокими Муҳаммад Довуд Сабо Озодлик билан суҳбатда, Ўзбекистон ҳукуматини Навоий мақбарасини бузиб, тўққиз йил давомида ваъда қилинган мақбарани қурмагани учун танқид қилди.

- Ўзбекистон давлати Навоий мозори устида муҳташам бино барпо этиш мақсадида эски мақбарани вайрон қилди. Бироқ ўз лойиҳасини амалда тадбиқ этмади. Бузишгани хато эди ўзи. Кейин бузиб уни қайта қурмади. бу ҳам хатолик бўлди. Эндиликда Ўзбекистон ўз хатосини тўғрилаш учун ҳеч бўлмаса Навоий асарларини чоп этишда ёрдам кўрсатса бўларди,- дейди Муҳаммад Довуд Сабо.

Бобур жамғармаси Ўзбекистон ҳукуматининг ташаббуси билан 2003 йилда Навоий мақбарасини қайта қуриш лойиҳасини бошлаган эди.

Лекин жамғарма фаолларининг ҳаракатлари натижа бермади.

Бобур жамғармаси раҳбари Зокиржон Машрабов Озодлик билан суҳбатда Афғонистондаги нотинчлик сабаб мақбара қурилишини бошлаш имкони бўлмаётгани ҳақида гапирган эди.

Афғонистон томони иддаосига кўра, мақбара лойиҳаси темурийлар меъморчилиги услубида бўлмагани учун расмий Кобул ва ЮНЕСКО аралашиб қурилишни тўхтатган.

Зокиржон Машробовга кўра, мақбара лойиҳаси ЮНЕСКО томонидан маъқулланган ва мақбарани шарқона услубда қуриш фақат ўзбек усталари қўлидан келади.

- Шарқона қилиб, темурийлар давридан қолган услубда қуриш фақат Ўзбекистон усталарининг қўлидан келади. Шу усталар бизларда ҳозир. Мамлакатимиз раҳбари қўллаб-қувватлаяпти. Демак, Афғонистондаги сиëсий вазият яхши бўлса, ўтинглар, қуринглар дейди. ЮНЕСКО ҳам хўп деган. Мен ЮНЕСКОнинг Тошкент бўлимига ўзим кириб қўл қўйдириб чиққанман. Худо хоҳласа, вазият яхшиланса ишни бошлаймиз. Қиламиз буни. Ўзбекистон қилади. Чунки Алишер Навоийдай буюк инсонни шундай қолдирмайди ҳеч ким,- деган эди Бобур жамғармаси раҳбари Зокиржон Машрабов Озодлик билан ўтган йилги суҳбатда.

Ҳозирда мақбара қурилишига Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги бош-қош бўлмоқда. Қурилиш ишларини эса афғон ширкатларидан бири амалга ошираяпти.

Режага кўра, мақбара қурилиши олти ой мобайнида битказилиши лозим.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:18 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG