Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:52

Каримов Кореяга саккизинчи бор сафар бошлади


Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Жанубий Кореяга қилаëтган навбатдаги сафаридан Кореядаги ўзбек талаба ва хизматчилари ўзаро борди-келди эшикларининг янада каттароқ очилишини кутмоқда.


Икки кунлик ташриф чоғида Ислом Каримовнинг кореялик ҳамкасби Ли Мийон Бак билан учрашиши белгиланган.

Сеулдаги музокаралар чоғида Ислом Каримов ва Ли Мийон Бак давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилади.

Учрашув ва музокаралар якунлари бўйича томонларнинг қўшма баёнот, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатларнинг устивор соҳаларидаги мулоқотни чуқурлаштиришга йўналтирилган ҳужжатлар имзолашлари кутилмоқда.

Ўзбекистон расмий матбуотида Каримов ташрифига оид шундан ортиқ маълумот йўқ.

Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмийлари ҳам¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мулозимлари ҳам Каримов ташрифи ҳақида бундан ортиқ қўшимча маълумот бера олмасликларини айтишди.

Ўзбекистон раҳбарининг Сеулга ташрифи Корея раҳбари Ли Мийон Бак Қозоғистонга келиб кетганидан бир ҳафта ўтиб амалга ошаяпти.

Ўтган ҳафта Остонада Назарбоев билан учрашув пайти жаноб Ли Мийон Бак ўз мамлакати Қозоғистон билан энергетика соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, жумладан қозоқ нефтини сотиб олиш истагида эканини билдирди.

Жанубий Корея - Ўзбекистондаги йирик сармоядор

Ўзбекистон-Корея ҳамкорлиги 90-йиллар бошида, корейс автомобилсозлари билан Асакадаги автомобил заводини қуришдан бошланган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Тошкент ва Сеул ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан 20 йил ўтиб, Жанубий Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига ётқизган сармояси 10 миллиард доллардан ошган.

Ўзбекистонда Жанубий Корея инвестицияси иштирокида 400 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Улардан 66 таси юз фоиз хорижий капитал билан ишлайди. Ўзбекистонга сармоя киритган энг йирик ширкатлар "Корея миллий нефт корпорацияси" (KNOC), "Корея газ корпорацияси" (KoGas), “Daewoo International”, “Korean Air”, “Shindong Enercom”, “Haintex” ва “LG” ҳисобланади.

Жумладан, "Корея газ корпорацияси" (KoGas) “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон шимол-ғарбидаги Устюрт регионида 2 миллиард АҚШ долларига тенг газ-кимё мажмуасининг қурилиши, "Корея миллий нефт корпорацияси" (KNOC) эса Фарғона водийсида янги нефт конларини қидириб топиш лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Айни пайтда ўтган ой "Daewoo" ширкати Ўзбекистон ғарбидаги нефт ва газ ҳавзасида ўз фаолиятини тўхтатаётганини эълон қилди.

Арзон иш кучи - Ўзбекистоннинг Кореяга "сармояси"

Тошкент ва Сеул ўртасидаги муносабатлар кўлами кенгайиши ортидан минглаб ўзбекистонлик учун Кореяга бориб ўқиш ва ишлаш имконлари каттароқ очилди.

Сеул университетининг биринчи курс талабаси¸ фарғоналик 21 яшар Элёр Жанубий Кореяда давлат томонидан юборилган юзлаб талабанинг бири.

- Каримов келаяпти экан, умид қиламиз бу ташрифдан кейин ҳаморлик яна ҳам кенгаяди. Мен бу ерда ҳам ўқийман, ҳам ишлайман. Уйга пул ҳам жўнатиб тураман. Энг муҳими пул эмас, тажриба. Биз бу ерда ўқиб, Корея тажрибаси, технологияларни ўрганиб мамлакатга қайтиб борганимиздан сўнг мамлакат тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшамиз, дейди Элёр.

Бугунги кунда Жанубий Кореяда минглаб ўзбекистонликнинг ишлаши айтилади.

- Бизга шартнома асосида қанчадан-қанча ўзбекистонликлар бу ерда ишлаш имконига эга бўлаяпти. Яна бир шартнома тузиб, ишлаб чиқаришни, янгиликларни ўзбек фуқаролари ўрганиб, Ўзбекистонда шу ишларни юргизишни йўлга қўйса яна ҳам яхши бўлади, дейди Сеулдаги бўёқ заводида ишловчи 32 яшар хоразмлик Собиржон.

Корейлар Ўзбекистонда иш ўринлари яратмоқда

Айни пайтда Ўзбекистонда 200 мингдан ошиқ корейс истиқомат қилади. Тошкентдаги Корейс маданий маркази раҳбари Виктор Пак Корея сармояси оқиб келиши оқибатида сўнгги 20 йил ичида минглаб янги иш ўринлари очилганини айтади.

- Ҳозир Ўзбекистондаги деярли барча соҳада корейс бизнеси иштироки бор. Кириб келаётган сармоялар оқибатида нафақат биз корейслар учун, балки бутун мамлакат фуқаролари учун қўшимча иш ўринлари очиляпти. Корея ва Ўзбекистон ҳамкорлигидан барчамиз манфаатдормиз. Маданий соҳада ҳам ҳамкорлик кенгаймоқда. Бу йил корейсларнинг Ўзбекистон тупроғига ерлашганининг 75 йиллигини ва Корея-Ўзбекистон муносабатларининг 20 йиллигини нишонлаяпмиз¸ дейди Виктор Пак.

Ўзбекистон экспортининг асосий қисмини пахта толаси, транспорт, туризм ва коммуникация хизматлари, истеъмол маҳсулотлари ташкил қилади.

Кореядан эса Ўзбекистон машина, асбоб-ускуналар, технология, кимё маҳсулотлари ва пластмасса, қора металл, нефть ва нефть маҳсулотлари сотиб олади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:55 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG