Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:28

Ўзбекча Википедия ривожланмоқда


Бу йил бутун дунёга машҳур Википедия очиқ энциклопедиясининг ўзбек тилидаги версиясида катта ўзгаришлар бўлди.

Ўзбекча Википедия Ўзбекистонда тўсилган бўлишига қарамай фаол фойдаланувчилар Википедияни яхшилаш учун тинимсиз меҳнат қилишмоқда.

Ҳар йили уюштириладиган Викимания халқаро конференцияси бу йил АҚШ пойтахти Вашингтонда бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекча Википедиядан икки иштирокчи қатнашди, камина (фойдаланувчи номим Nataev) ва Casual логини билан таҳрир қилувчи фойдаланувчи.

Конференция давомида иккимиз ҳам Ўзбекча Викининг ҳозирги аҳволи ҳақида презентация қилиб бошқа Викичиларга у ҳақида маълумот бердик.

Конференция давомида белгиялик викичи Робин (фойдаланувчи номи SPQRobin) билан бирга Ўзбекча Викидаги саҳифаларни ҳам Лотин, ҳам Кирилл ёзувида кўриш имконини яратиш учун код ёздик.

Бу функция август ойида ишга тушди. Ҳозир истаган саҳифани Лотин ёки Кирилл ёзувида ўқиш мумкин. Бунинг учун хоҳлаган саҳифани очиб тепада жойлашган "ўзбекча" деган ердан керакли алифбони танлаш кифоя.

Бошқа бир янгилик Ўзбекча Википедиядаги мақолалар сони 40 000 дан ошиб кетди.

Мақолаларнинг аксари бот билан ёзилган бўлса ҳам бу катта ютуқдир. Бот бу бирор бир вазифани автоматик равишда бажарадиган дастурдир.

Ўзбекча Викида минглаган мақола яратган ботларни Abdulla логини билан таҳрир қилувчи энг фаол фойдаланувчи ишлатмоқда.

Шу кунгача ботлар ёрдамида Италия, Германия, Испания шаҳарлари ҳақида ва Туманлик ва Юлдуз Кластерлари Янги Умумий Каталогига киритилган объектлар ҳақида қисқа мақолалар яратилди.

Ҳозирда Ўзбекча Википедия Ўрта Осиё Халқлари Википедиялари ичида мақола сони бўйича Қозоқча Викидан кейин иккинчи ўриндадир.

Википедия нашрлари Мақола сони
Қозоқча Википедия 168,637
Ўзбекча Википедия 44,554
Қирғизча Википедия 11,858
Тожикча Википедия 10,431
Туркманча Википедия 4,566


Бундан ташқари, Ўзбекча Викида фаол фойдаланувчилар сони ўсмоқда ва улар кўплаган янги мақола яратишмоқда.

Масалан, яқинда Ўзбек чолғу асбоблари ҳақида мақолалар яратилди.

Abdulla юлдузлар ҳақидаги мақолани Инглизча Википедиядан машаққатли меҳнат қилиб ўзбек тилига таржима қилди. Бу мақола Ўзбекча Викида ҳам танланган мақола қилиб сайланди.

Бу ютуқларга қарамасдан Ўзвикини янада яхшилаш учун анча меҳнат қилиш керак. Кўплаган мавзуда мақола йўқ ва мавжуд мақолаларнинг аксари яхши ёзилмаган.

Бу муаммоларни бартараф қилиш учун янада кўпроқ фаол фойдаланувчи керак.

Ҳар ким таҳрирлаши мумкин бўлган Википедияга ҳисса қўшишни истасангиз ёрдам саҳифасига бир назар ташланг.

Нодир Атаев

XS
SM
MD
LG