Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:06

Швеция ҳукумати "ўзбеклар иши"га жиддий эътибор қаратмоқда


Гулнора Каримова бевосита алоқадор экани айтилган "ўзбеклар иши" бўйича Швеция ва Швейцарияда тергов олиб борилмоқда.
Гулнора Каримова бевосита алоқадор экани айтилган "ўзбеклар иши" бўйича Швеция ва Швейцарияда тергов олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда бизнес қилиш учун юзлаб миллион доллар миқдорида пора берганликда гумон қилинаётган TeliaSonera ширкати Швеция прокуратурасига ўзбек ҳамкори Takilant Ltd. билан қонун доирасида иш олиб борганини кўрсатувчи ҳужжатларни тақдим қилди. Айни пайтда Швеция прокуратураси Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси Алишер Эргашевга нисбатан жиноий иш очгани маълум бўлди. Швеция расмийлари Takilant Ltd. фирмасининг Гулнора Каримовага алоқадорлигини гумон қилиб, мазкур ширкатнинг мамлакатдаги банк ҳисоб рақамларини музлатиб қўйди.



Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари Гуннар Стетлер Озодлик билан суҳбатда TeliaSonera тақдим қилган ҳужжатлар мобил ширкатининг пора бериш ва пул ювишга алоқадорлиги юзасидан олиб борилаётган терговга қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида изоҳ бермади.



Лекин жаноб Стетлер яна бир Ўзбекистон фуқароси – Алишер Эргашевга нисбатан жиноий иш очилганини тасдиқлади. Бундан аввал Швеция расмийлари Takilant Ltd. ширкати раҳбари Ўзбекистон фуқароси Гаянэ Авакянга нисбатан иш очган эди. Стетлернинг Озодлик мухбирига айтишича, улар коррупцияга оид жиноятларда айбланмоқда.

- Takilant Ltd. фаолияти учун Швецияда масъул бўлган шахсларга нисбатан иш очдик. Ҳозирча улар билан шахсан учрашиб, айбловларни бевосита эълон қилиш фурсати бўлганича йўқ. Лекин судга тақдим қилинган гумонларга кўра, улар порахўрлик ва пул ювишда айбланмоқда, деди Швеция прокурори.

Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари Гуннар Стетлер "ўзбеклар иши" терговида Швейцария расмийлари билан ҳамкорлик қилмоқда.
Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари Гуннар Стетлер "ўзбеклар иши" терговида Швейцария расмийлари билан ҳамкорлик қилмоқда.
37 ёшли Ўзбекистон фуқароси Алишер Эргашев Швейцарияда ҳам пул ювиш жиноятларига алоқадорликда айбланиб, ҳозирда бу мамлакатда ҳибсда қолмоқда. Швециядаги Озодлик манбасидан маълум бўлишича, прокурор Гуннар Стетлер Швейцарияга сафар қилмоқда.

Бу ишни яқиндан кузатаётган журналистнинг шахси сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, прокурор пайшанба куни “ўзбеклар иши” юзасидан Стокҳолм судида ўтказиладиган илк эшитувга қадар гумонланувчи Эргашевдан кўрсатма олиш мақсадида Швейцарияга борган. “Эргашевинг Стокҳолмдаги банкда Takilant ҳисоб рақамида исми кўрсатилган шахслардан бири экани аниқланди”, дейди журналист.

Швеция Takilant Гулнора Каримова тарафидан пул ювиш мақсадларида тузилганини иддао қилишган...

Алишер Эргашев исмининг Женевадаги Lombard Odier банкидаги ҳисоб рақамлардан бирида ҳам Гаянэ Авакян билан биргаликда кўрсатилгани маълумдир. Гулнора Каримовага яқин экани айтиладиган Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собиров 29 июл куни Lombard Odier банкидаги иккита ҳисоб рақамига дахл қилган пайтда Швейцария полицияси пул ювишга қарши кураш бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Швейцария пул ювишда гумон қилаётган ўзбекистонликлар орасида Гаянэ Авакян ва МТС собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедов ҳам бор.

Пайшанба куни Стокҳолмда “ўзбеклар иши” суддан ташқари, Швеция парламентида муҳокама қилинади. TeliaSonera ширкати бош ижрочи директори Ларс Нюберг иштирок этадиган парламент махсус йиғини, швециялик журналистнинг айтишича, камдан-кам учрайдиган ҳолатдир.

“Парламентнинг бу каби йиғини сўнгги бор қачон ўтказилганини эслай олмайман. Бу мазкур ишга жамоатчилик ва сиёсатчилар катта эътибор қаратаётгани аломатидир. Биласиз, Швеция ҳукумати TeliaSonera улушларининг 37 фоизига эгалик қилади ва ширкатнинг энг катта ҳақдори ҳисобланади”, дейди ҳамкасбимиз.

Мазкур ишга Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова бевосита алоқадор
Nordea банкидаги Takilant Ltd. ҳисобидаги 30 миллион АҚШ доллари Швейцариянинг Lombard Odier банкидан ўтказилган
деб кўрилаётгани боис кўпчилик Швеция ва Швейцарияда олиб борилаётган тергов жараёнига катта босим бўлишини айтиб келмоқда. Швециялик журналист иккала давлат тергов идораларидаги манбаларига таяниб, “Швейцариядаги терговчиларга нисбатан босим бўлаётганидан хабарим бор”, дейди. “Боиси Швейцариянинг Ўзбекистон билан яқин сиёсий алоқалари тарихи бор. Лекин Ўзбекистоннинг Швеция билан сиёсий алоқалари нолга тенг. Шу сабабдан Ўзбекистон швециялик терговчиларга босим қила олмайди. Айниқса, шу йил бошида ўзбекистонлик сиёсий қочқинга қилинган суиқасд ортида ўзбек махфий хизматлари тургани маълум бўлгач, Швеция ҳукуматининг Ўзбекистондан ҳафсаласи пир бўлиб турганини ҳам айтиш лозим”, дейди журналист.

Унинг айтишича, ўтган ойда Швеция телевидениесида TeliaSonera Ўзбекистонда бизнес қилиш учун Гулнора Каримовага пора бергани иддао қилинган филм намойиш қилингач, Молия вазири Питер Норман бу ширкатни қаттиқ сиқувга олган ва прокуратурадан бу ишни синчковлик билан тергов қилишни талаб қилмоқда.

Шунингдек, журналистнинг фикрича, TeliaSonera Швецария прокуратурасига тақдим қилган ва Ўзбекистонда 3G алоқаси лицензиясини Takilant Ltd. фирмасидан сотиб олганини тасдиқлаши айтилаётган ҳужжат, тергов жараёнига деярли таъсир қилмайди.

“Швеция телевидениеси журналистлари лицензия Takilant ширкатидан сотиб олинганини инкор қилишмаган. Улар Takilant Гулнора Каримова тарафидан пул ювиш мақсадларида тузилганини иддао қилишган ва TeliaSonera бу ширкат билан алоқада бўлганини фош қилишган. Бу ерда гап Takilant лицензия сотганми, йўқми деган савол ҳақида эмас, гап Швеция ҳукуматига алоқадор сармоянинг шубҳали ширкат орқали пора ва пул ювиш жиноятларига аралашиб қолганида. Прокурор судда Takilant Ltd. ҳақиқатан Гулнора Каримовага тегишли эканини исботлашга ҳаракат қилади”, дейди швециялик журналист.

Шу ҳафта бошида прокурор Гуннар Стетлер Швециянинг Nordea банкидаги Takilant Ltd. ширкати ҳисоб рақамини музлатиб қўйди. Маълум бўлишича бу ҳисоб рақамидаги 30 миллион АҚШ доллари Швейцариянинг Lombard Odier банкидан ўтказилган.

Прокурор Стетлер Takilant Ltd. ширкатига қарашли 1,55 миллиард швед кронасига (235 миллион АҚШ доллари) тенг активларини ҳибсга олишга рухсат беришни сўраб Швеция судига мурожаат қилди. Агар прокурор сўрови қондириладиган бўлса, Швеция прокуратурасига, ўз иқтидори доирасида, Takilant Ltd. ширкатига қарашли, деб топилган мол-мулкни ҳибсга олиш ваколати берилади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:15 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG