Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:25

Ўзбекистонда “Сhevrolet Cobalt” автомобили қимматлади


“GM Uzbekistan” қўшма корхонаси ишлаб чиқарадиган Сhevrolet Cobalt автомобили нархи кўтарилди. Шу муносабат билан автомобилни олиш учун олдиндан пул тўлаб қўйган мижозлардан қўшимча ҳақ тўлаш талаб қилинмоқда.


Бундан ташқари, сўнгги ойларда миллий валютада сотилган янги автоулов учун маблағ эндиликда яна долларда қабул қилинмоқда.

“34 миллиондан 51 миллионга чиқди”

Жорий йил 5 сентябр куни Тошкентда Сhevrolet Cobalt автомобили расман тақдим этилган эди. Тақдимот ортидан янги автоуловнинг тўрт позицияси – 27 миллион, 29,5 миллион, 32,7 миллион ва 34 миллион сўмдан сотувга қўйилган. Эндиликда эса янги автоулов 17-18 миллион сўмга қимматлагани маълум бўлди.

– Люкс, автомат коробкали “Cobalt”га 34 миллион сўмдан 85 процентини тўлаб қўйгандим. Бу тўртинчи позиция ҳисобланади. Ўн кунча бўлди, автосалондан чақиришди, 34 миллиондан 51 миллион 660 минг сўмга чиқибди. 18 миллиондан ошиқроқ қўшилган-да. Тўладим. Худо хоҳласа, ноябр бошида оласиз машинани деб ваъда беришди,– дейди тошкентлик Жавоҳир.

Сhevrolet Cobalt баҳоси кўтарилганини Тошкентдаги “Роҳат” автосалони ходимаси ҳам тасдиқлади.

– Учинчи позиция 50 миллион 158 минг сўмга, тўртинчи позиция 51 миллион 660 минг сўмга чиқди. Биринчи ва иккинчи позицияларни сўмда сотиш тўхтатилди. Ҳозир уларни 14200 ва 16400 АҚШ долларидан олишингиз мумкин,– дейди “Роҳат” автосалони ходимаси.

Автосалон вакилига кўра, жорий йил учун уларга ажратилган лимит тугаган ва айни пайтда пул тўлаётган мижозларга машина келгуси йилнинг биринчи ёки иккинчи чорагида тегади.

Сергели туманидаги “Toshkent Motors” автосалони ҳам асосан биринчи ва иккинчи позиция учун пул қабул қилмоқда.

– Ҳозирча сотувда “Cobalt”нинг учинчи ва тўртинчи позицияси йўқ. Лекин биринчи ва иккинчи позиция учун бемалол пул тўлаш мумкин. Контракт бўйича максимум кейинги йил якунигача қўлга тегади. Энди, йил охиригача дейилгани билан ундан олдин ҳам бўлиши мумкин,– дейди “Toshkent Motors” автосалони вакили.

“Машинани кўрмадик, лекин салонга яқинда келиб қолади

Яккасарой туманидаги “ДЭУ маркази” автосалони эса Сhevrolet Cobalt машинасининг барча позициялари учун пул қабул қилмоқда.

– Фақат биринчи, иккинчи позицияга долларда тўланади. 15300 ва 16400дан. Қолгани – сўмда. Масалан, сиз тўртинчи позиция, оқ ранглисини олмоқчисиз, а? Бугун пул тўласангиз, 2013 йил март ойларида машина келади,– дейди “ДЭУ маркази” автосалони ходими.

“ДЭУ маркази” вакилига кўра, фуқаролардан пул қабул қилиш давом этяпти, лекин ҳозирча бирорта мижоз улардан автомобилни олганича йўқ.

– Бошқа автосалонларда билмадим, лекин, тўғриси, биз ҳали Сhevrolet Cobaltни кўрмадик. Шунинг учун, кўрмасдан у ҳақда бир нарса айтиш қийин,– дейди автосалон ходими.

Ўзимизнинг машинани биринчи ўзимиз ҳайдасак

Сентябр ойида Сhevrolet Cobalt 2013 йилдан Россияга экспорт қилиниши ҳақида хабар тарқалди. Айни пайтда навбатда турган ўзбекистонлик мижозлар, табиийки, янги машинанинг даставвал ўзлари ҳайдашга орзуманд.

– “Cobalt” Россиягаям сотилади деган гапни эшитдим. Четга сотиш керак, лекин ўзимизнинг машинани биринчи ўзимиз ҳайдасак яхши-да,– деб орзусини яширмайди тошкентлик Жавоҳир.

“Ўзавтосаноат” ширкатининг маҳаллий матбуотга маълум қилишича, Chevrolet Cobalt модели йил охиригича ички бозорда сотилади. Келгуси йилдан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми йилига 120 мингдан ошади. Бундан 50 фоизини экспорт қилиш режалаштирилган.

Chevrolet Cobalt автомобили “ривожланаётган бозор учун махсус ишлаб чиқарилган янги модел” деб таърифланган.

Лекин АҚШнинг General Motors ширкати Сhevrolet Cobalt моделини 2004 йилда тақдим этгани маълум. 2009 йилда бу модел ўрнини Chevrolet Cruze эгаллаган. 2012 йилдан Сhevrolet Cobalt “GM Uzbekistan” қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарила бошлади.

Автоулов, ҳужжатларида айтилишича, 100 километрга тахминан 6,2 литр ёқилғи сарфлайди. Иқтисодий таҳлилчиларга кўра, “GM Uzbekistan” ширкати автомобиллари йилига ўртача 15 фоизга қимматлайди. Одатда, автомобил баҳоси ошиши сабабини “Ўзавтойўл” идораси ҳам, “GM Uzbekistan” ширкати ҳам расман изоҳламайди.
XS
SM
MD
LG