Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:49

Хоразм вилоятига яна ҳоким тайинланди


Ўзбекистон президентининг Хоразм вилоятига ташрифи олдидан Урганчдаги бир қанча уйлар бузилганди.
Ўзбекистон президентининг Хоразм вилоятига ташрифи олдидан Урганчдаги бир қанча уйлар бузилганди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Хоразм вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Пўлат Раззоқович Бобожоновни вилоят ҳокими этиб тайинлади.

Вақтинча ҳоким Пўлат Бобожоновни ҳоким қилиб тайинлаш қарори вилоят Халқ депутатлари кенгашининг президент Каримов иштирокида ўтган навбатдан ташқари сессиясида эълон қилинди.

Ҳоким тайинлаш борасидаги президент фармони Ўзбекистон телевидениеси орқали ўқиб эшиттирилди.

Бобожонов жорий йил 24 январида 2008 йилдан буён вилоятни бошқариб келган Оллаберган Оллаберганов ўрнини эгаллаган эди.

Пўлат Бобожонов 1991 йилдан бери Хоразм вилоятига тайинланган бешинчи ҳоким бўлиб ҳисобланади.

Хоразм вилоят ҳокимининг нима учун айнан ҳозир ўз лавозимига “навбатдан ташқари" сессияда тасдиқланаётгани сабаблари маълум эмас.

Пахта йиғим-терими мавсумида ҳоким тайинлаш ҳолати Ўзбекистонда кам кузатилади.

Кадрлар тайинлаш бўйича кейинги даврда шаклланган анъанага кўра¸
вилоят ҳокимлари ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарлари бир муддат ИО, яъни "...вазифасини бажарувчи" бўлиб туришади ва кейинроқ лойиқ кўрилса, лавозимга тайинланишади.

Ўзбекистон раҳбари Урганч кўчаларида сайр қилди

Хоразм вилоят Халқ депутатлари кенгашида қатнашган Ислом Каримов 9 октябр куни Урганч шаҳри марказий кўчаси бўйлаб сайр қилди.

Бу сайрни намойиш қилган Ўзбекистон телевидениясидаги лавҳада Ислом Каримов шаҳарсозлик бўйича ўз билимларини урганчлик меъморларга уқтираëтгани акс этган.

Ўзбекистон раҳбари Урганч шаҳри меъморлигида воҳа иқлими ҳисобга олиниши зарурлигини уқтириб, айниқса сизот сувлар учун зовурлар қазиш муҳимлигини ўз ўгитларида қайта-қайта таъкидлаган.

Президент сайр қилган Урганчнинг марказий кўчасидаги аҳолига тегишли ўнлаб коттеж уйлар Ислом Каримов сафаридан олдин бузиб ташланган эди.

Уйи бузилиб давлатдан товон пули ололмаган шикоятчи фуқаролар Ислом Каримовнинг вилоятга келишидан олдин уй қамоғида тутиб турилгани маълум бўлди.

Урганч марказида уйи бузилган 61 ёшли Улуғбек аканинг микрофонсиз суҳбатда айтишича, 8 октябр куни Каримовга шикоят қилиши мумкин бўлган фуқаролар билан профилактик тадбирлар ўтказилган.

Бу фуқароларга вилоятнинг чекка жойларидаги қариндошлариникига бориб ўтириш жиддий тавсия қилинган. Тавсияга амал қилмаганлар эса 9 октябр куни уйларидан чиқарилмаган.

Хоразм учун энг муҳими - ширин помидор

Ислом Каримов 9 октябр куни вилоятнинг Ҳонқа тумани “Истиқлол” фермер хўжалигини зиëрат қилди.

Фермер Ҳамза Жуманиëзов билан қилган суҳбати чоғида Ислом Каримов пахта етиштириш билан биргаликда полиз экинлари ҳам эътибордан четда қолдирилмаслигини таъкидлади.

Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш қилинган лавҳадан Ўзбекистон президенти Хоразм вилояти қишлоқ хўжалиги учун ширин помидор етиштириш устивор масала бўлиши кераклиги ҳақидаги гаплари ўрин олди.

Хоразм ҳокимлари

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Хоразм вилоят Халқ депутатлари кенгашида сўзлаган нутқидаги асосий мужда ҳокимлар эл фаровонлигини таъминламоғи лозим, деган жумлада зоҳир бўлди.

Ўтган 20 йилдан кўпроқ вақт мобайнида Хоразм вилоятига Ислом Каримов тарафидан беш ҳоким тайинланди.

Улардан тўрт нафари “ишдаги нуқсонлари” учун вазифасидан озод қилинди.

Пўлат Бобожонов Хоразм вилоятининг мустақилликдан бўён тайинланган бешинчи ҳокими ҳисобланади.

Пўлат Бобожонов бундан олдин Боғот райони ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят ҳокими муовини вазифаларида ишлаган.

2008 йилда Хоразм вилоятига Оллаберган Оллаберганов ҳоким қилиб тайинланган эди.

1999-2008 йиллар давомида ҳокимлик қилган Ислом Бобожонов президентнинг божаси Ибодулла Собиров ёрдамида президентнинг назарига тушиб, Ўзбекистон қахрамони унвонига сазовор бўлгани айтилади.

Аммо “мамлакат қаҳрамони” ишда йўл қўйган жиддий хатолари боис 2008 йилда лавозимидан мосуво қилинди.

Бобожоновнинг муовинлари суд қилиниб, иқтисодий жиноятлари учун узоқ муддатли қамоқ жазосига торилди.

Ислом Бобожоновга муовинлик қилган, Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Рейимбой Йўлдошев қамоқда оламдан ўтди.

1995-1998 йилларда вилоятга раҳбарлик қилган Искандар Юсупов Ўзбекистоннинг ўша даврдаги юқори мартабали мулозими Исмоил Жўрабеков тавсияси асосида ҳоким қилиб тайинлангани айтилади.

Мустақиллик давридаги Хоразм вилоятининг ҳокими Маркс Жуманиëзов респубикада Ислом Каримов тайинлаган илк ҳокимлардан бири бўлди.

Хоразм вилоятини 1991 йилгача бошқарган Реймажан Худойберганова, маълумотларга кўра, президентлик сайловида Ислом Каримовнинг вилоят миқëсидаги ғалабасини таъминлай олмагани учун ишдан бўшатилган.

1991 йилдаги президентлик сайловининг Хоразм вилояти бўйича расмий натижаларида Ислом Каримовнинг 47 фоиз, унинг рақиби Муҳаммад Солиҳнинг 53 фоиз овоз олгани қайд қилинган эди.
XS
SM
MD
LG