Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:49

Ўзбекистон ҳаво йўллари 6 йўловчини тушириб қолдирди


Ўзбекистон ҳаво йўллари ҳафта бошида Тел-Авивга кетаётган самолётдан олти йўловчини тушириб қолдирди. Йўловчилардан бирининг Озодликка айтишича, давлатга қарашли ширкат вакиллари бунинг сабабини муҳим меҳмонлар кутилмаганда Исроилга учиб кетиши маълум бўлиб қолгани билан изоҳлашган. SkyTeam халқаро авиаташувчилар иттифоқига қўшилиш ниятида бўлган Ўзбекистон ҳаво йўллари ўз мижозларига нисбатан мулозаматсизлик қилиши билан танилгани айтилади. Дарвоқе, SkyTeam вакилининг Озодликка айтишича, ҳозирча Ўзбекистон ҳаво йўлларини уюшмага қабул қилиш бўйича қарор берилгани йўқ.


8 октябр куни Тошкентдан Тел-Авивга учиб кетаётган самолётдан олти нафар йўловчи тушириб қолдирилди. Озодликка келган мактуб муаллифи ўзини манзилга вақтида ета олмаган йўловчилардан бири эканини ёзди.

Шахси сир қолишини истаган муштариймизнинг ёзишича, Ўзбекистон ҳаво йўллари амалга ошираётган рейсга ҳамма қатори регистрация, чегара назорати ва хавфсизлик назоратидан ўтган. Самолётга чиқиш эълон қилингач эса, у билан бирга яна беш киши бортга қўйилмаган.

“Мен билан яна беш киши рейсга қўйилмади. Орамизда ёш болали оила ҳам бор эди. Аввал, керагидан ортиқ билет сотиб юборилганини баҳона қилишди. Лекин биз, бўлиши мумкин эмас, деб туриб олганимиздан кейин, ўзини Вадим Ашуров, деб таништирган аэропорт ходими, муҳим меҳмонлар бор эди, ўшаларни учириб юборишимиз керак деган гапни айтди”, деб ёзади Озодлик муштарийси.

Мактубда яна ёзилишича, аэропорт ходими, рейсга қўйилмаган йўловчиларни юпатиш учун “муҳим меҳмонлар” бизнес-классдаги йўловчиларнинг ўрнини эгаллагани, улар эса эконом-классга ўтказилганини айтган. Лекин “муҳим меҳмонлар ким ўзи”, деган саволни Ўзбекистон ҳаво йўллари вакиллари жавобсиз қолдирган.

Давлатга қарашли авиаширкат вакиллари Озодлик билан суҳбатда 8 октябр куни рўй берган ҳодисадан бехабар эканликларини айтишди. Лекин Ўзбекистон ҳаво йўлларининг Вадим Ашуров исмли ходими борлигини тасдиқлашди.

Шу ой бошида Ўзбекистон матбуоти президент Ислом Каримов миллий авиаширкатга SkyTeam халқаро альянсига қўшилиш имконини берадиган қонунга имзо чекканини хабар қилди.

SkyTeam уюшмасига қўшилиш авиаташувчига обрў келтиришдан ташқари, қатор имтиёзлар беради, қолаверса мижозларга ҳам қулайликлар яратади. Лекин альянсга қўшилмоқчи бўлган ширкатдан маълум стандартларга амал қилиш, шу жумладан мижозларга яхши муносабатда бўлиш ҳам талаб қилинади.

Маҳаллий матбуот Ўзбекистон ҳаво йўллари барча талабларга жавоб берадиган ширкат ўлароқ, шу йилнинг охиригача SkyTeam альянсига қўшилишга умид қилаётганини ёзган эди.

Бироқ SkyTeam матбуот хизмати вакили Маришка Кенсенхойс Озодлик билан суҳбатда ўзбек матбуотидаги хабарлар бироз бўрттирилганини айтади.

- Ўзбекистон матбуоти бу маълумотни қаердан олганини мен билмайман. Ҳақиқатан, Ўзбекистон ҳаво йўллари SkyTeamга қўшилиш борасида бизга мурожаат қилган, бу сир эмас. Лекин Ўзбекистон ҳаво йўллари жорий йилда ёки келаси йилда альянсга қўшила олади, деган гапдан SkyTeam бош қароргоҳининг хабари йўқ. Албатта, улар келгусида қўшилиши мумкин, лекин бунинг учун қатор талабларни бажариши лозим бўлади. Бу Ўзбекистон миллий авиаширкати талабларга жавоб бермайди дегани ҳам эмас. Лекин ҳозирча Ўзбекистон ҳаво йўлларини баҳолаш жараёнини бошлаш ҳақида гап кетмоқда, бу жараён якунланганидан кейин ҳам ширкатни SkyTeamга қабул қилиш жараёни камида 12 ойга чўзилади,- дейди SkyTeam ушмасининг Амстердамдаги қароргоҳи вакили.

Унинг айтишича, SkyTeamга қўшилмоқчи бўлган ҳар қандай авиаширкатдан юздан ортиқ критерийга жавоб бериш талаби қўйилади.

Асосий талабларга хаво хавфсизлигининг таъминлангани, информацион технологияларининг бошқа аъзо ширкатларникига мослаштириш билан биргаликда, мижозларга бўлган муносабат даражасига оид омиллар киради, дейди SkyTeam вакили.

- Бизга қўшилмоқчи бўлган авиаширкатнинг бошқа аъзо компаниялар ва, албатта, ўз мижозларига қандай имтиёзлар яратиб бера олиши имкониятларига қаралади. Мижозоларга бўлган муносабат SkyTeam аъзоси бўлмоқчи бўлган ширкат олдига қўйиладиган асосий талаблардан биридир. Албатта, ҳар бир авиакомпаниянинг ўзига хос сиёсати бор, улардан мижозларга хизмат кўрсатишнинг ягона стандартига амал қилиш талаб қилинмайди, лекин аъзоларимиздан ўз мижозларига нисбатан маълум даражадаги ҳурматни кўрсатишларини сўраймиз,- дейди Маришка Кенсенхойс.

Ўзбекистон ҳаво йўллари ўз мижозларига нисбатан мулозаматсизлик қилиши одатий ҳолга айлангани айтилади. Шу йилнинг 8 август куни Тошкент-Москва йўналиши бўйича учаётган Боинг 767 самолётига чиқарилган йўловчилар диққи нафасда тўрт соат кутиб ўтиришларига тўғри келган эди.

Ширкат вакиллари Озодликка рейснинг кеч учирилганини тасдиқлашган ва бунинг сабабини техник носозликлар билан изоҳлашган эди.

Лекин Озодлик манбаларидан маълум бўлишича, самолётнинг кеч қолишига рейс йўловчиларидан бири – президент қизи Гулнора Каримованинг кеч қолгани сабаб бўлган.

SkyTeam халқаро авиаташувчилар иттифоқига қўшилиш ниятида бўлган Ўзбекистон ҳаво йўллари самолётлари ҳокимият вакиллари оила аъзолари туфайли кеч қолиши ҳоллари тез-тез кузатилиши айтилади.

SkyTeam вакилидан 8 октябр ва август ойидаги каби ҳодисалар уюшмага аъзо ширкатлар орасида ҳам учраб турадими, деб сўрадик.

- Мижозларга нисбатан яхши муносабатда бўлиш бизнинг сиёсатимиздир. Лекин сизга эслатиб қўймоқчиман, сиз ҳали бизга аъзо бўлмаган ширкатнинг ҳатти-ҳаракатларини изоҳлаб беришимни сўраяпсиз. Биз ҳозирча сиз тилга олган ширкат билан ҳеч қандай шартнома имзолаганимиз йўқ. Лекин биз альянсга қабул қилаётган ширкат, хоҳ у Ўзбекистон ҳаво йўллари бўлсин, хоҳ бошқаси бўлсин, улардан хизматларни муайан даражада сақлаш талаб қилиниши ҳақида хабардор қиламиз. Бу нафақт бизнинг альянс бошқа халқаро уюшмалар томонидан ҳам қўйиладиган талаблардир, дейди SkyTeam альянсининг Амстердамдаги қароргоҳи вакили Маришка Кенсенхойс.
XS
SM
MD
LG