Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:17

Таниқли рассом Вячеслав Охуновга чиқиш визаси берилмаяпти


Рассом ўзини уй қамоғига солинган, деб билади.
Рассом ўзини уй қамоғига солинган, деб билади.

Ўз фуқароларининг ўзга юртларга чиқиши учун махсус виза жорий қилинган¸ дунëдаги саноқли давлатлардан бири бўлиб қолаëтган Ўзбекистонда таниқли рассом Вячеслав Охунов саëҳат ҳуқуқидан мосуво қолмоқда.

Таниқли рассом Вячеслав Охуновга мамлакатдан чиқиш визаси ҳамон берилмаяпти.

Бундан 7 ой олдин ҳужжатларини Тошкент шаҳар Олмазор туман тумани ИИБ хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (ОВИГ) мулозимига топширган Вячеслав Охунов 23 октябр куни яна бир марта бу идорадан жавоб сўради.

Бироқ Олмазор туман ОВИГ мулозимлари Охуновга чиқиш визаси бериш учун изн берилмаганини айтишган.

Олмазор туман ИИБ хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими мулозими Акмал Жалилов Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Охуновга чиқиш визаси бериш масаласи унга боғлиқ бўлмаган сабаблар боис кечиктирилаëтганини айтди.

Айни пайтда Акмал Жалилов айнан қайси идора таниқли рассом Вячеслав Охуновни мамлакатдан чиқишига таъқиқ қўйганини айтмади.

Тошкент шаҳар ОВИГ мулозимлари эса Озодлик мухбири қўнғироғига жавоб беришни ўзига эп билишмади.

Озодлик боғланган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хорижга чиқиш-кириш ва фуқаролик бошқармаси мулозими Нодир Зияев ҳам "Нега рассом Вячеслав Охунов Ўзбекистондан чиқарилмаяпти?" деган саволга жавоб бера олмади.

Амалдаги тартибга кўра, фуқарога 3 ҳафта ичида чиқиш визаси бериш ë берилмаслиги ҳақида билдирилиши керак.


Чет элга чиқиш ҳуқуқини чеклаш

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 1995 йил январдаги
8-сонли «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элга чикиши тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ чет элга чиқиш ҳуқуқини чеклаш учун қуйидаги сабаблар асос бўлиши мумкин:

а) Агар шахс давлат сири ҳисобланган маълумотлардан хабардор бўлса ёки унга нисбатан чет элга чиқишга тўсқинлик қилувчи шартномавий контракт мажбуриятлар бўлса, то ўша мажбуриятлар тўхтатилмагунча;

б) Агар шахсга нисбатан жиноий иш кўзғатилган бўлса, иш тугатилмагунча;

в) Агар шахс суд ҳукми билан жиноятчи деб топилса ёки у милициянинг маъмурий назорати остида бўлса, судлангани бекор қилингунча ёки назорат тўхтатилгунча;

г) Агар шахс суд белгилаган мажбуриятларни бажаришдан бош тортса, мажбуриятлар ижро қилингунча.

д) Агар шахс ўзи ҳақида олдиндан нотўғри маълумотлар берса;

е) Агар шахсга нисбатан судда даъво қилинган бўлса, судда иш кўрилиб бўлингунча;

ж) Агар шахс ҳарбий чақирув участкасига рўйхатга олинган бўлса ва ҳақиқий харбий хизматни ўташи лозим бўлса - ҳарбий хизмат муддати тугагунча ёки қонунга мувофиқ ундан озод қилингунча.

Рассом Вячеслав Охунов юқорида айтилган чекловларнинг ҳеч бири унга тўғри келмаслигини айтади.

- Мени нега ҳаракатланиш ҳуқуқидан маҳрум қилишганини тушунмадим. Ҳозир республика ичида ҳам сафар қилишим қийин. Паспортим ОВИРда ëтибди. Бухорога бормоқчи эдим¸ шунга улардан справка олдим, - дейди Охунов.

Суҳбатдош назарида Ўзбекистон режимига танқидий назарда бўлгани ва Гулнора Каримова ташкил қилган маданий тадбирлар моҳиятини фош қилувчи чиқишлар қилгани боис уни саëҳат ҳуқуқидан маҳрум қилишган:

- Улар менга анча чидаб келишди. Ëзда Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Прагада ўтган қурултойига таклфнома олганимдан кейин мени деярли уй қамоғига солишди, - дейди рассом.

Вячеслав Охунов чиқиш виза тартиби туфайли ўзининг Германияда очиладиган кўргазмасига ҳам бора олмади.


Ëпиқ мамлакат

Ўзбекистон ўз фуқароларининг ўзга юртларга чиқиши учун махсус виза жорий қилинган дунëдаги саноқли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

Хорижга чиқиш визасини бериш Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига қарашли бошқарма тарафидан амалга оширилади.

Кузатувчиларга кўра, бу тизим улар учун моддий манфаат кўриш воситасига айлантирилган.

Сенат Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова Озодлик билан суҳбатда хорижга чиқиш визаси билан боғлиқ коррупция ҳолатлари тизим билан эмас, балки инсон омили билан боғлиқ эканлигини таъкидлаганди.

Ўзбекистондаги ўз фуқароларига чиқиш визаси берилиши ўзини оқлаганини урғулаган Ортиқова бу тизимнинг мамлакат барқарорлигида муҳим рол ўйнаганига эътибор қаратган эди.


Рассом Вячеслав Охунов ҳақида

Вячеслав Охунов 1948 йили Ўш шаҳрида рассом Урайим ака хонадонида дунëга келган.

Москвадаги Суриков номли Санъат академиясини тугатган рассом ўша пайтдаги таъқиқларга қарамасдан, 1981 йили Абдулҳамид Чўлпон потртетини яратди.

Айни пайтда Охунов рангтасвирчи, перфомансист, режиссер, видео-артист, сценограф, шоир, прозаик, эссеист сифатида дунëга танилиб улгурди.

Вячеслав Охунов Гулнора Каримова нашр қиладиган "Белла Терра" журналини ҳажв қилган эди.

Рассом журналнинг илк варағидаги Гулнора Каримова расмини маймун расми билан алмаштириб, ўзбек санъати ихлосмандларига эстетик-кесатиқ жанри ҳам борлигини эслатди.
XS
SM
MD
LG