Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:40

Алишерсиз беш йил


Алишер Соипов.
Алишер Соипов.
Ўш шаҳрида ўзбек тилида нашр этилувчи "Сиёсат" газетасининг муҳаррири ва ношири Алишер Соиповнинг номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилганига бугун беш йил тўлди.

Бу давр ичида Қирғизистонда яна бир марта ҳокимият алмашди, Ўшда эса миллатларо тўқнашув содир бўлди. Шу каби каттаю кичик воқеаларнинг кўпи кечди беш йил ичида, аммо Алишернинг ҳақиқий қотили ҳамон топилмади.

Албатта, Қирғизистоннинг аввалги расмийлари 2009 йилда бошқа бир қанча жиноятларда айбланиб қўлга олинган Абдуфарит Расуловни Алишер Соиповнинг ўлимида ҳам айблаган ва уни узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилганди. Бироқ Алишернинг яқинлари бу қотилликни Расулов томонидан содир этилганига ишонмасликларини аввалроқ айтганлар.

Бу версияга Алишер Соиповнинг дўсти, “Фарғона.ру” ахборот агентлигининг бош муҳаррири Даниил Кислов ҳам ишонмайди.

- Орадан беш ўтгач, мен Алишерни ўлдиришга буйруқни фақат Ўзбекистон расмийларигина эмас, Қирғизистоннинг ўша пайтдаги расмийлари, Бакиевнинг одамлари берган бўлиши ҳам мумкин, деб ўйлаяпман. Чунки Алишер ўзининг “Сиёсат” газетаси билан бир неча йиллик фаолиятдан кейин Қирғизистон жанубидаги ўзбек жамоатчилигининг лидерларидан бирига айланиши мумкин эди. У ўзбекларнинг муайян ғояга эга бўлган сиёсий лидерларидан бирига айланиши мумкин эди, худди ҳозир бизда, яъни Россияда ўз позицияларини фаол билдираётган журналистлар, адвокатлар каби. Шунинг учун ҳам Алишер ҳеч кимга ёқмаган ва у ҳар қандай ҳокимият учун номақбул кимса бўлиб қолаверарди, деб ўйлайман, ҳатто бугунги расмийларга ҳам. Гарчи бугунги кунда Қирғизистонда ҳокимият ўзгариб, янги одамлар келган бўлса-да, у ерда миллатчилик, инсон ҳуқуқларининг бузилиши, қийноқлар ва диндорларнинг таъқиб қилиниши билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам бор. Алишер эса айнан мана шу мавзулар ҳақида ёзарди, - дейди Даниил Кислов.

Алишерсиз ўтган беш йил ичида Ўшда нафақат жамиятнинг долзарб мавзуларини кўтарадиган, балки ўзбек тилида ёзадиган журналистлар ҳам камайиб кетди. Буни ўзбек журналистларини тайёрлаш бўйича Интерньюс халқаро ташкилоти ўтказган бир қанча семинарларда тренерлик қилган журналист Ҳулкар Исомова ҳам эътироф этади. Рейтер агентлигининг Қирғизистондаги мухбири Исомовага кўра, ўзбек миллатига мансуб ўшлик ёшларнинг кўпчилиги кейинги пайтда журналистикани ҳаёт учун хавфли касб, деган қарорга келиб қолган.

- Улардан бунинг нима билан боғлиқлигини сўраганимизда, улар ўз хавфсизлиги учун қўрқаётганларини айтмоқдалар. 2010 йилги воқеалардан кейин кўплаб ўзбек журналистлари ҳам ўз хавфсизлигини ўйлаб, хорижга чиқиб кетганлар, - дейди Ҳулкар Исомова.

Шунга қарамасдан, Ўшда ҳали-ҳамон Алишернинг ишини давом эттираётган фаол журналистлар ҳам бор. Улардан бири марҳум журналистнинг туғишган укаси, ҳозирда “Дайжест” газетасини нашр қилаётган Шоҳруҳбек Соиповдир. Шоҳруҳбек шу кунда хориж сафарида экан.

Бизга маълум бўлган нарса шуки, Алишер Соиповнинг яқинлари унинг ишини давом эттириш билан бирга қизи Зулайҳонинг яхши инсон бўлиб тарбияланиши учун жаҳд қилмоқдалар.

- Бугун Алишернинг қизи Зулайҳонинг суратларини олдим. Хуллас, ҳаёт давом этаяпти ва мен Алишер ўзидан кейин шундай зурриёт қолдирганидан ҳам хурсандман, - дейди марҳум журналист Алишер Соиповнинг дўсти Даниил Кислов.

Айни пайтда бугун Озодликка интервью берган Қирғизистон Ички ишлар вазирининг муовини Мелис Турғанбаев Алишер Соиповнинг иши қайта текширилаётганини қайд этди. Бу қотилликка оид янги жиҳатлар аниқланганини айтган вазир ўринбосари тергов ишига халақит бермаслик учун ҳозирча уларни очиқлай олмаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG