Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:39

Кэтрин Эштон Ўзбекистонга сафар қилади


Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар бўйича Олий Комиссари Кэтрин Эштон.
Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар бўйича Олий Комиссари Кэтрин Эштон.

Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар бўйича Олий Комиссари Кэтрин Эштон келаси ҳафта Марказий Осиё давлатларига сафари доирасида Ўзбекистонга ҳам келади. Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Кэтрин Эштонни, фурсатдан фойдаланиб, ушбу мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари фаоллари билан учрашиши ва сиёсий махбусларнинг озод қилинишини талаб қилишга чақирди.



Кэтрин Эштон 26-30 ноябр кунлари Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга сафар қилади.

Эштон хоним 2005 йилги Андижон ходисалари ортидан Ўзбекистонга келган Европа Иттифоқининг юқори мартабали илк расмийси бўлади.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов, Озодлик билан суҳбатда, ушбу ташриф мартабали ЕИ расмийсининг ўзбек ҳукуматига ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни яна бир бор эслатиши учун энг қулай фурсатдир, дейди.

- Кэтрин Эштон Европа Иттифоқи Марказий Осиё бўйича стратегияси доирасида инсон ҳуқуқлари масаласига ҳам устиворлик берилишини кўп бора айтган ва бу ташриф унинг шу баёнонтлари ва ЕИнинг стратегияси учун синов бўлади,- деди Свердлов Озодлик билан суҳбатда.



Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш ниятида экани ва бу алоқаларнинг даражаси инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устиворлигига боғлиқ бўлишини таъкидлаб келади.

Инсон ҳақлари, демократия ва қонун устиворлиги масалаларига ЕИ ташқи алоқаларида устиворлик берилиши кераклиги Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари июн ойида қабул қилган Инсон ҳуқуқлари бўйича стратегик дастурида ҳам белигилаб қўйилди.

Аммо, Ҳюман Райтс Уотч Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга доир стратегияси ва мулоқот сиёсати бу мамлакатларда иш бермаётганини урғулаб келади.

ЕИ сиёсатини "беқарор" деб атаган ташкилот Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари соҳасида Иттифоқ илгари сурган талабларга жавоб бермаган бўлса-да, унга қарши жазо чораларининг бекор қилинганини эслатиб келади.

Стив Свердловга кўра, Иттифоқ Марказий Осиё давлатларида мавжуд фуқаро жамияти вакиллари билан "ҳаққоний ҳамкорлик" қилиши ва кучли босим ва таҳдидлар остида ишлайдиган ҳуқуқбонлар билан учрашиши керак.

- Инсон ҳуқуқлари масаласига устиворлик бериш узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш нуқтаи назардан ҳам муҳимдир. Инсон ҳуқуқларини топтовчи, пахта далаларида одамларни мажбурлаб ишлатувчи ҳукумат билан ҳеч қачон самарали савдо ҳамкорликни йўлга қўйиб бўлмайди,- дейди Стив Свердлов.

Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар бўйича Олий Комиссари Кэтрин Эштоннинг матбуот котиби Майя Кочиянчич, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, Ҳюман Райтс Уотч баёноти ҳозирда ўрганилаётгани ва яқин вақт ичида бунга муносабат билдирилишини маълум қилди. Лекин, дея қўшимча қилди у, инсон ҳуқуқлари масаласи Эштон хонимнинг ташрифи кун тартибидаги асосий масалалардан биридир.

Европа Иттифоқи 2005 йил Андижон хунрезлигидан сўнг бир қатор ўзбек расмийларига нисбатан виза чеклови ва қурол эмбаргосини кўзда тутувчи санкцияларни жорий этган.

Иттифоқ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аҳволини қаттиқ танқид қилиши икки ўртадаги муносабатларни совуқлаштириб юборган эди.

Кейинчалик, ЕИ раҳбарияти, санкциялар олиб ташланиши учун қўйилган асосий талаблар Тошкент томонидан бажарилмаганига қарамасдан, "Ўзбекистонни инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини янада мустаҳкамлашга рағбатлантириш" важидан санкцияларни бекор қилган эди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:30 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG