Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:29

АҚШ Марказий Осиёда сув можароси рўй беришидан огоҳлантирмоқда


АҚШ Миллий разведка кенгашининг “Глобал тенденциялар 2030: Муқобил дунё” номли янги ҳисоботида 15-20 йил давомида дунё мамлакатларида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, бошқарув, экология, демография ва бошқа соҳаларда қандай ўзгаришлар рўй бериши башорат қилинган. Айни пайтда, 2030 йилгача Марказий Осиёда сув билан боғлиқ можаролар юзага келиши мумкинлиги тахмин қилинган.



АҚШ Миллий разведка кенгашининг “Глобал тенденциялар 2030: Муқобил дунё” номли янги ҳисоботида келаси 15 йил ичида Осиë давлатлари иқтисодий қудрати жиҳатидан Шимолий Америка ва Европадан ўзиб кетиши мумкинлиги билдирилган.

Ҳисоботда 2030 йилга бориб дунё бўйича сувга бўлган талаб ҳозиргига нисбатан 40 фоизга кўпайиб, йилига 6 миллиард 900 миллион куб метрни ташкил қилади.

Ҳужжатда сув ресурслари энергия ёки минерал ресурсларга қараганда дунёнинг қатор минтақалари, жумладан, Марказий Осиёда можарога сабаб бўлиши мумкинлиги билдирилган.

Сув муаммоси Марказий Осиёда можарога сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар анчадан бери билдириб келинади.

7 сентябр куни Қозоғистон пойтахти Остонага ташрифи чоғида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бу ҳақда огоҳлантирди.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан музокарадан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Тожикистондаги Роғун ГЭСи ва Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилиши ҳақида гапирган Ўзбекистон президенти: "Вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу ҳолат шунчаки диний қарама-қаршилик эмас, урушларни келтириб чиқариши мумкин", дея баён қилган эди.

Қамбарота ва Роғун лойиҳалари минтақа давлатлари, айниқса, Ўзбекистон билан Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги мунозараларнинг асосий сабабчиларидир.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Мирослав Ниязов Озодлик билан суҳбатда Тожикистон ва Қирғизистон Марказий Осиёдаги сув заҳираларининг 90 фоизига эгалигини, агар минтақа давлатлари ўзаро келишган ҳолда сувдан фойдаланишни йўлга қўймаса, АҚШ Миллий разведка кенгаши ҳисоботида қайд этилган сув можаро тахдиди сақланиб қолишини айтади.

- Шу маънода Американинг хулосаси асосга эга. Минтақа давлатлари буни ўз сиёсатида инобатга олиши керак. Биз табиати ва иқлими бир хил ҳудудда яшаймиз. Кимгадир сув, кимгадир углеводород, кимгадир бошқа ресурслар берилган. Қачонки биз маданий йўл орқали, бозор иқтисодиётига асосланган ҳолда ресурслардан ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда фойдаланишни ўргансак, можародан қутулиб қолишимиз мумкин. Умуман бундай таҳдид мавжуд, деди Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби.

Мирослав Ниёзов Марказий Осиё республикалари, жумладан, Ўзбекистонда сув ресурсларидан замонавий технологиялар асосида тежамкорлик билан фойдаланиш йўлга қўйилса, сув заҳиралари устидаги мунозаралар анча юмшайди деган фикр билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Сув муаммолари институти директори Эрназар Маҳмудов Озодлик билан суҳбатда сувдан тежамкорлик билан фойдаланилса ва сув қўшни давлатлардаги йирик гидро иншоотларга буриб юборилмаса, минтақада 2030 йилгача сув муаммоси бўлмайди, дейди.

- Биринчидан сув ресурслари миқдор жиҳатидан ўзгармайди. Ҳозир сув асосан суғоришга, ичишга ва саноат учун сарфланмоқда. Суғориладиган майдонлар ҳам чекланиб қолган. Сувни тежаш йўлга қўйилса, биз вазиятни хатто яхшилашимиз мумкин. У ёқда (қўшни давлатларда) катта сув омборлари қурилаверса, (можаро) бўлиши мумкин. Агар нормал муносабатда бўлинса, ҳеч нарса бўлмайди. Сувдан тўғри фойдаланилса, 2030 йилгача сув муаммоси бўлмайди, дейди Ўзбекистон Фанлар Академияси Сув муаммолари институти директори.

Эрназар Маҳмудов иқтисодиёт ривожланиши, аҳоли сонининг кўпайиши ва бошқа омиллар ҳам сув муаммосига сабаб бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Тожикистоннинг Сув ва мелиорация институти бош мутахассиси Мурод Аминжонов Озодлик билан суҳбатда Марказий Осиёда 2030 йилга қадар, АҚШ разведка кенгаши ҳисоботида башорат қилинганидек, сув можароси рўй беришига ишонмаслигини айтди. Мурод Аминжонов ўз фикрини бундай изоҳлади.

- Мен, иш урушгача етиб боради деб ўйламайман. Аксар давлатларда бир йилда жон бошига 500-600 куб метр сув тўғри келади. Ҳозир Ўзбекистонда жон бошига йилига 2000 куб метр сув тўғри келмоқда. Бу минимал нормадан беш баробар кўп. Улар уруш бошламайди ва ҳеч ким бунга йўқ қўймайди, деди Мурод Аминжонов.

АҚШ Миллий разведка кенгаши ҳисоботига кўра, келаси 17 йил ичида дунë аҳолиси сони 8 миллиардга етади.

Ҳисоботда, 2030 йилда жаҳон аҳолисининг қарийб ярми Хитой ва Ҳиндистон каби давлатларда ҳам сув муаммоси долзарб муаммога айланиши башорат қилинган.
XS
SM
MD
LG