Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:59

Пахта-2012: Ўқувчи дарсга борди, академик пахта терди


Ўзбекистонда пахта терими мустақиллик йиллари тарихида илк бор мактаб ўқувчиларисиз ўтказилди. Бироқ корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимлари пахта теримига оммавий тарзда сафарбар қилинди. Озодликка келган хабарларга кўра, пахта мавсумида камида ўн киши нобуд бўлди.


Ўқувчилар теримга оммавий сафарбар этилмади, бироқ...

Жорий йил сентябр ойида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2012 йилги пахта терими мавсумида мактаб ўқувчиларни пахта теримига жалб қилмаслик ҳақида Халқ таълими вазирлигига кўрсатма берди.

Дарсдан бўш вақтларда ҳам ўқувчиларни пахтага чиқармаслик учун уларга қўшимча дарслар уюштирилди.

Бу йилги пахта мавсумида ўқувчиларни пахта теримига оммавий жалб қилиш ҳолатлари кузатилмади.

Бироқ, баъзи туманларда маҳаллий ҳокимлар марказдан келган кўрсатмага қарамасдан, мактаб ўқувчиларини теримга чиқардилар. Озодлик Самарқанд вилояти Иштихон тумани ҳокими Шуҳрат Неъматов мактаб директорларини чақиртириб, юқори синф ўқувчиларини пахта теримига чиқаришни буюргани ҳақида хабар бериши оридан ўқувчилар яна мактабга қайтарилди:

- Уч кун 8-9 синф ўқувчилари пахта терди. 27-28-29 сентябр кунлари. Қуйи синфлар чиққани йўқ. Тумандаги ҳамма мактабларда шундай бўлди. Озодлик радиосида чиққандан сўнг, шанба куни текшириш бошланган. Душанба кунидан бошлаб барча ўқувчилар яна мактабга чиқди. Юқори синфлар бир ҳафтача, 5-6 синфлар 3 кун пахта терди. Болалар йўл четида эмас, анча ичкари майдонларда пахта терди, деган эди иштихонлик мактаб ўқитувчиси.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси раиси Елева Урлаева билан "Бирдамлик" ҳаракатининг Ўзбекистон бўйича раҳбари Малоҳат Эшонқулова 24 октябр куни Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида болаларнинг пахта теримига жалб қилинишига оид олинган суратларни Озодликка тақдим қилди.

Яккабоғлик ўқувчилар(70-мактаб) пахта даласида. 21 октябр 2012 йил.
Яккабоғлик ўқувчилар(70-мактаб) пахта даласида. 21 октябр 2012 йил.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мактаб ўқувчиларининг пахта теримига чиқарилаётгани ҳақидаги хабарларга раддия берди.

Мактаб ўқувчиларининг бу йил пахта теримига чиқарилмагани, Ўзбекистонда бошқа бир ҳолатни, давлат ташкилотлари ва корхоналарида ишлаётган ишчи-ходимларнинг пахта теримига оммавий сафарбар қилинишига сабаб бўлди.

Олиму ўқитувчи, ишчию хизматчи - ҳамма пахтага!

Ўзбекистон вилоятларидаги корхона-ташкилотлар ходимлари, коллеж-лицейлар, мактаблар ўқитувчилари вахта тарзида гуруҳ-гуруҳ пахта теримига юборила бошлади.

Ўзбекистон Фанлар академияси тизимидаги тадқиқот институтларининг 150 дан ошиқ ходимини махсус поезд 3 сентябр куни Сирдарё вилоятига олиб бориб ташлади.

– Академия пахта теримига 150 дан кўпроқ одам бериши керак эди. Структурамизда 38 та илмий-тадқиқот институти бўлса, ҳар бир институт бошига 7-8 тадан одам тўғри келди. Талаб қилинганча одам йиғиб бердик. Асосий группа поездда Сирдарёга кетди, деди Фанлар академиясининг ўзини танитишни истамаган вакили.

Тошкентдаги касалхоналарнинг дўхтиру ҳамширалари, давлат идоралари хизматчилари, корхона ва заводлар ишчилари ҳам махсус отрядларга бирлашиб, навбати билан 10 кунлик, бир ойлик пахта теримига сафарбар этилди.

Пахта теримига бориш имконияти бўлмаганлар Қўйлиқ бозоридан ўз ўринларига мардикор ёллашга мажбур бўлди:

- Қўйлиқ бозорида мардикор аёлларни ойига 400- 500 минг сўм эвазига ёллашаяпти. Постели, овқатини ҳам олиб беришяпти, дўхтирларимиз. Ҳамшираларимиз ўзлари кетишяпти, пул беришга имкони йўқлари, деган эди Тошкент шаҳридаги касалхоналардан бирида ишлаётган ҳамшира.

Оқ пахтанинг қора кўланкаси

Бу йилги пахта терими ҳам қурбонларсиз бўлмади.

Бухородаги Юқори технологиялар инженер-техник институтининг 3 курсида ўқиётган қашқадарёлик Умид 22 октябр куни кечқурун трактор босиб кетиши оқибатида фожиали ҳалок бўлди.

8 октябр куни 1994 йилда туғилган ва Шаҳрисабз туманининг Тарахли кўчасида истиқомат қилган Наврўз исмли йигит пахатдан касал бўлиб қайтганда, туман милиционерлари уни пахтадан қайтгани учун калтаклаб ўлдиришди.

Бунга қадар 30 сентябр куни Жиззах шаҳридаги Санъат коллежининг 2-курсида таҳсил олаётган 18 яшар Азиз Бахтиёров Дўстлик туманида пахта тераётган пайтда кутилмаган юрак хуружидан далада вафот этгани хабар қилинди.

17 сентябр куни Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида тошкентлик ҳашарчи-теримчи 55 ёшли Игорь Ячкевский ҳам юрак хуружидан вафот этди.

16 сентябр куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Мискин қишлоғида маҳаллий коллеж талабалари Машарип Сиддиқов ва Достон Амитовлар пахтадан қочаëтган пайтда поезд тагида қолиб ҳалок бўлди.

30 сентябр куни Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани касалхонасига олиб келинган тошкентлик ҳашарчи ҳам вафот этган эди.

Бу 2012 йилги пахта теримининг қурбони бўлган талаба ва ҳашарчиларнинг фақат Озодликка маълум бўлганларидир.

Ўзбек пахтасига бойкот тўхтагани йўқ

Ўзбекистонда бу йил 3 миллион 350 минг тонна пахта териб олинди.

Ўзбекистон пахта экспорти бўйича дунёда учинчи ўринда туради ва пахта савдосидан тушадиган даромад мамлакатга йилига бир миллиард АҚШ долларидан ортиқ фойда келтиради.

Болалар меҳнати билан боғлиқ муаммони мониторинг қилиш ваколатига эга бўлган БМТ нинг Халқаро меҳнат ташкилоти - ILO мутахассислари Ўзбекистонга бу йил ҳам қўйилмади.

Айни пайтда¸ Вашингтондаги “Cotton campaign" - “Пахта кампанияси" ташкилоти вакили Мэттю Фишер-Дали вилоятларда пахта далаларини бориб кўрди. Жаноб Фишер-Дали Ўзбекистонда кўрган-кечирганлари ҳақда Озодлик мухбири билан ўртоқлашди:

- Агар бу йилги терим болалар меҳнатисиз йиғиштирилиб олинса, бу жуда катта ютуқ бўлар эди. Биз буни тан олишимиз керак. Лекин катталар мажбуран пахта теримига жалб этилиши, бу ҳам мажбурий меҳнатдир. Бу муаммонинг ҳам Ўзбекистонда таг-томири билан йўқ қилинишини хоҳлар эдик, деди Мэттю Фишер-Дали.

Ўзбекистон ҳукумати бу йил пахта теримида болалар меҳнатига йўл қўйилмаганини таъкидлаётганига қарамай, дунё жамоатчилиги танқидлари тинмаётир.

Халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда коллеж ва лицейларнинг 16 ёшда бўлган талабалари ва олийгоҳлар студентлари ҳам икки ой дарсларни ташлаб, пахта теримига мажбуран жалб этилаётганини танқид қиладилар.

Ўзбекистонда миллионлаб боланинг давлат томонидан мажбуран пахта даласида эксплуатация қилиб келинаëтганига норозилик тариқасида жаҳоннинг юзга яқин йирик ширкатлари ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.
XS
SM
MD
LG