Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:31

Қирғизистон депутати Янги йил нишонланишига қарши


Қирғизистон парламенти депутати Турсунбой Бакир ўғли қирғизистонлик мусулмонларни Янги йилни байрам қилмасликка даъват қилмоқда. Бишкекдаги Арабаев университетида чиқиш қилган депутат Янги йил динсизлар байрами эканини таъкидлади.

Қирғизистон парламенти депутати Турсунбой Бакир ўғли Янги йил билан бир қаторда бошқа дунёвий байрамлар, жумладан, 23 феврал, 8 март, 1 май каби байрамларни нишонламасликни тарғиб қилаётган сиёсатчилардан бири. Унинг айтишича, мусулмонлар учун фақат иккитагина байрам бор, бу ҳам бўлса Қурбон ҳайити ва Рамазон ҳайитидир.

Турсунбой Бакир ўғли Бишкекдаги Арабаев номидаги университет талабалари билан учрашуви чоғида ҳам мана шу мавзуни кўтарди.

-Чунки бу муслмонларнинг байрами эмас. Насронийларнинг Библиясида ҳам Янги йилни нишонлаш ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган. Бу одамларнинг ўзлари ўйлаб топган, ҳар қандай диндан ташқари байрамдир, -деди Турсунбой Бакир ўғли.

Қирғизистонда Янги йил одатда аҳолининг катта қисми томонидан нишонланади. “Қирғизистонда ўзини мусулмон ҳисоблаб, лекин Янги йилни байрам қилаётган одамлар кўп. Улар унда ким бўлади?” деган саволга Турсунбой Бакир ўғли: “Бундай одамлар тўлиқ мусулмон эмас”, деб жавоб берди.

Депутат билан учрашувга келган талабаларнинг бир қисми Турсунбой Бакир ўғлининг даъватига ижобий муносабатда бўлмоқда. Улар Янги йилни байрам қилишдан воз кечмоқчилар. Бироқ талабаларнинг бир қисми бу байрамнинг нишонланишига бетараф муносабат билдирмоқда:

-Дин йўлига кирган одамлар “байрамни нишонламаймиз”, деб айтишади. Бироқ бошқа талабалар Янги йилни оилавий байрам сифатида нишонлайверади, - деди талабалардан бири.

Қирғизистон Фан ва маориф вазирлиги Қирғизистон парламенти депутатининг давлатга қарашли олий ўқув юртида амру-маъруф билан шуғулланганига қонун нуқтаи назаридан ёндошмоқда. Қирғизистон қонунчилигида давлатга қарашли ўқув юртларида муайян бир диннинг тарғиб қилинишига йўл қўйилмайди.

-Дунёвий давлатдаги ҳар бир ўқув юрти дунёвий давлат шартлари асосида фаолият юритади ва ўқув юрти бирор бир дин учун тарғибот майдончасига айланиб қолмаслиги керак, -деди вазирлик матбуот котиби Керез Жукеева.

Арабаев университети раҳбарияти эса мазкур воқеа юзасидан бир –бирига қарама қарши келадиган фикрларни билдирмоқда.

- Мусулмончиликнинг одоб-аҳлоқ ва бошқа ғояларини биз ҳар доим қўллаб-қувватлаймиз. Иймонлилик қадрияти энг муҳим қадриятлардан биридир, - деди университетнинг ёшлар сиёсати бўйича проректори Мелис Ўнўлбаев.

Олийгоҳ ректорининг биринчи ўринбосари Тууғанбай Қўнирбаев университетда диний тарғиботга йўл қўйилмаслиги шарт деб ҳисоблайди:

-Янги йил қирғиз жамиятида анъанага айланиб қолган байрамдир. Шунинг учун бу байрамни нишонламанглар деб диний тарғибот-ташвиқот ишларининг олиб борилиши нотўғри сиёсат натижасидир, -деди Тууғанбай Қўнирбаев.

Депутат Турсунбой Бакир ўғли икки йил аввал парламентда намозхона очиш ташаббусини кўтарган эди. Бу ташаббусга қарши бўлган фуқаролик жамияти ва парламент депутатлари билан давом этган бир неча ойлик тортишувлардан сўнг парламентда намозхона очилишига эришилган эди. Расмий маълумотга кўра, бугунги кунда Қирғизистон парламентининг 120 депутатидан элликка яқини намоз ўқийди.
XS
SM
MD
LG