Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:43

2012 йил - ўзбек ва дунё мусулмонлари ҳаётида


Ўзбекистонликлар ҳукуматнинг диндорлар устидан доимий назорати бу йил ҳам кучайгани, жумладан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг чиқишлари ва 25 ёшгача бўлган намозхонларнинг масжидга қатнаши янада қисқаргани, дунёда эса мусулмонларни низога тортувчи провокацияларнинг ошганидан сўзладилар.


"Кичик бўлсада, муҳим воқеа"

Шундай таъриф билан 2012 йилнинг ўзи учун муҳим бир воқеаси ҳақида тошкентлик намозхон Рустамжон шундай фикр билдирди:

- Биринчи муфтиймизнинг Наврўз радиоканалида бериб юрадиган программалари ëпилгани, менимча, шу энг катта нима бўлди. Жума намозидан кейин қўйиларди бир соат. Шу бир соат ичида дин тўғрисида саволларга жавоб бўларди. Пайғамбаримиз тарихлари, ислом тарихи тўғрисида ëшларга тааллуқли, ҳар битта инсон учун ҳаëтида, программа олиб борардилар. Шу программа ëпилди.

Озодлик: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини айтаяпсизми?

- Ҳа. Август ойларида ҳам эшитган эдим. Ундан кейин тўхтади. Менимча, бу нотўғри бўлди. Чунки вакуум создаватся қилинадида. Бизларку тушуниб бораяпмиз, лекин бизлардан кейинги ëшларга вакуум создаватся қилингандан кейин ҳар хил бўлар-бўлмас нарсаларга, фикрларга эга бўлишни бошлайди. У одам тўғри йўлни кўрсатиб бораëтган эдилар, деди тошкентлик намозхон Рустамжон.



Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларида у қолдирмай тинглаб борадиган диний-маърифий эшиттириш фақатгина шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг эшиттириши бўлган.

- Мен ўша одамни более ақлли, давлат сиëсатига қараб юрадиган эмас, деб биламан. Динни тўғри тушунтириб ҳеч қанақа ëлғонсиз, ҳеч қанақа бўҳтонсиз, мана бу сиëсатга динни тўғирлашни йўл топмаган ҳолда тўғри олиб борардилар. Кўпчилик домлалар бизларда, албатта сиëсатга аралашиб қолмай, деб орасида давлатнинг нималарини гапиради, бошқа қилади. Давлат билан ҳеч қачон динни аралаштириб бўлмайди мисол учун. Сиëсатга қараб юрғизиладиган дин эмас бу ислом дини, деди тошкентлик намозхон Рустамжон.


"Ёшлар, ҳатто, иккала Ҳайит намозига келмади"

Рустамжон тилга олган ва бошқа ўзбекистонликлар ҳам эътироф этган яна бир ҳолат эса аввалги йилларда кузатилгани каби – масжидларда намозхонларнинг сони кундан-кунга озайиб бораётганидир.

- Мачитларга ëш болаларни киргизмаса, бу болалар қаëққа кетади? Яна бориб ўша интернетга кираяпти, бўлар-бўлмас нарсаларга эга бўлаяпти. Бузғунчиликка кетиб қолаяпти, дейди Рустамжон.

Тошкентлик Рустамжоннинг бу гапларини ғаллаороллик Набижон ака ҳам тасдиқлади.

- Ëшлар бутунлай масжидга бормай қўйди. Ҳатто Ҳайит намозида ҳам мен 18-19-20 ëшдагиларни кўрмадим. Намозхонлар сони йилдан йилга жуда ҳам қисқариб кетаяпти, деди Набижон ака.

Унинг кузатувларига кўра, ёш намозхонлар бўлса ҳам, ибодатини панада, одатан ҳеч кимга билдирмай уйида қиладиган бўлди.


"Вилоятларда жума маърузаларини ҳокимиятлар тузиб беради"

Суҳбатдошимиз Ўзбекистон ахборот воситларида берилаётган оз сонли диний-маърифий эшиттиришлар, хусусан, марказий телевидениеда бериладиган Анвар қори Турсуновнинг жума кунги маърузаларига ҳам муносабат билдириб ўтди.

- Замонга боғлаб олиб кетадилар, динга боғлаб гапирмайди у киши. Шунинг учун, бир йилдан бери эшитмайман у кишининг гапини. Масалан, бизнинг катта мачитларда вилоят ҳокимининг, раҳбарларнинг кўрсатмаси асосида тайëрлаб берилган маърузани ўқишаяпти, замонга боғлаб.

Мисол учун, Фозил қори ака, Обид қори акаларга ўхшаб, Қобил қори акаларга ўхшаганларнинг маърузаси каби маърузаларни мазза қилиб эшитмадик ҳеч. Фақат урра-урра, шунақа нарса бўлаяпти. Мен имомизнинг ўзидан сўрасам: "Ҳокимиятда ҳар душанба куни йиғиб топшириқ беради, жума куни келиб биз маъруза қилишимиз керак", деб бир-иккиталари айтди менга, деди Набижон ака.


"Намоз баҳонасида бизнесменларни қамаш кучайди"

Тошкентлик намозхон Рустамжон унинг ўзи таниган-билган бизнесменлар орасида диний айбловлар билан қамалган тадбиркорлар кўплигини айтди.

Аммо, у қамалган тадбиркорлар шахсига оид маълумотларни беришдан чўчиди.

- Нечтадан нечта, фақат тўғри намоз ўқиб юрган, фақат бизнесмен, пулдор, ўзига тўқ нечтаси куйиб кетди. Унақа оқимларга алоқадор бўлмаса ҳам. Фақат айби намоз ўқишлиги. Ким кимдир шу одамга душман бўлса, ҳизбчи дейди, бошқа дейди. У ерда ҳеч ким қараëтгани йўқ, қамаб қўяверайлик, кейин бир гап бўлар, дейдида. Кейин қамалганнинг ўзи бу нарсага алоқадор бўлмаса ҳам хоҳласа-хоҳламаса тазйиққа учраганларга қўшилиб, ундан баттар деградацияга кетади, дейди тошкентлик Рустамжон.

Унинг кузатувларига кўра, диний мотивдаги айбловлар билан айблаб, ноҳақ қамалаётганларнинг кўпчилиги кичик тадбиркорлардир.


"Йил якунига тортиқ - яна бир мусулмон жасади"

2012 йилда ўзбекистонлик мусулмонлар ҳаётида у қадар жиддий ўзгариш бўлмади, дея фикр билдирган тошкентлик Аҳмаджон Валиев Ўзбекистонда йиллардан буён мусулмонларга нисбатан давом этиб келаётган тазйиқнинг ҳеч сусаймаганидан хавотир билдирди.

- Мусулмонлар биз янги йилни нишонламаймиз, биласиз. Рақамларнинг инсонлар тақдирига, ҳаëтига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Аммо, дунё аҳли йилларни шунақа белгилаб қўйган. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкин, 2012 йилда Ўзбекистон мусулмонларининг ҳаëтида ҳеч қанақа енгиллик ҳукумат томонидан бўлмади, назаримда. Мана охирги хабарларда ўқидик: тергов изоляторида яқиндагина бир инсоннинг жасади чиқди. У кишини Оллоҳ раҳмат қилсин, дейди тошкентлик собиқ имом Аҳмаджон Валиев.

Аҳмаджон Валиев тилга олган марҳум диндор Тошкент вилоятида истиқомат қилган, 4 фарзанднинг отаси, 40 ёшли Шавкат Нурматовдир.

Озодлик Нурматовнинг оиласи билан боғланган ва оила унинг Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ушлангани ва бошқарма биносидаги тергов изоляторида оламдан ўтганини тасдиқлаган.

Озодликка интервю беришни истамаган оилага кўра, Шавкат Нурматовнинг жасади яқинларига кўрсатилмаган ҳам.

Ўзбекистондаги Мустақил ҳуқуқ ҳимочилари ташаббус гуруҳи кузатувларига кўра, 2012 йилда ҳам диндорларнинг ҳибсхона, қамоқхоналардан жасади чиқиши ҳоллари кузатилган.


"2012 йилнинг муҳим воқеаси Обид қорига суиқасддир"

2012 йилнинг ўзбек мусулмонлари учун энг муҳим воқеаси Швециядан бошпана топган таниқли имом Обид қори Назаровга уюштирилган суиқасддир.

Аммо, Озодлик таҳририяти бу мавзуда махсус эшиттириш ҳозирлагани боис "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришининг йил якунларига бағишланган сонида бу мавзуга кенг тўхталмадик.

Айни пайтда Обид қорининг яқин сафдошларидан бўлган Аҳмаджон Валиевдан шу кунга қадар шифохонада қолаётган таниқли уламонинг аҳволи ҳақида яна бир бор сўрадик.

- Ҳозирча янгилик йўқ улар ҳақларида. Эски гап. Ҳолатлари яхши томонга ўзгаришлар секин-асталик билан бўлаëтгани ҳақида эшитиб турамиз ўғилларидан. Яхши бўлиб кетадилар деган умидимиз бор.

Озодлик: Шу умид кучайиб бораяпти кундан кунга, шунақами?

- Худо хоҳласа. Оллоҳ шифо берсин илоҳим, деди хориждаги ўзбекистонлик диндорлардан бири Аҳмаджон Валиев.


"Мисрда исломий кучларнинг ҳокимиятга келиши муҳим воқеа"

2012 йил дунё мусулмонлари ҳаётида қандай кечди, деган саволга ҳам қисқача жавоб бериб ўтишини сўраб, барча суҳбатдошларимизга юзландик.

Улар асосий эътиборни – Миср ва Суриядаги вазиятга қаратдилар.

Жумладан, Қирғизистоннинг собиқ муфтийси, таниқли уламо Содиқ қори Камолов бу борада шундай муносабат билдирди:

- Мисрда исломий кучларнинг ҳокимиятга келиши, энг катта воқеа бўлди. Ислом биродарлари ташкилотининг намояндаси Мисрдек катта давлатга, 80 миллионлик халққа президент қилиб халқ томонидан сайланди. Бу билан исломчилар, мусулмонлар ҳокимиятга келиши билан ҳамма нарса исломий тарафга бурилиб кетади, демократия ë тараққиëт тўхтаб қолади, деган баъзи бир ташвиқотлар нотўғри.

Бу биродарларга жуда кўп йиллардан бери, мумкин 1930-йиллардан бери жуда қаттиқ қаршиликлар кўрсатиб келинган. Яхшики, у қадар кўп қон тўкилмасдан, ортиқча кўп қурбонликлар берилмасдан яқинда конституциясини қабул қилишди булар. Бу нарсани албатта ислом оламига жуда катта таъсири бўлади, деди Содиқ қори Камолов.

Айни пайтда у Суриядаги аҳволдан хавотир билдирди.

- Афсуски бу нарсалар Сурияда амалга ошмади. Жуда оғир аҳволда Сурия. Бу нарса дунë сиëсатида ҳам, исломда ҳам қораланади: битта оила шунча йил халқни ўзи хоҳлаганча бошқариши исломда ҳам, демократик дунёда ҳам йўқ, дейди Содиқ қори Камолов.


"Марокаш ва Иорданияда ҳам ҳокимият алмашинуви бормоқда"

Араб диёрида кечаётган жараённи изчиллик билан кузатиб бораётган иорданиялик тадқиқотчи Бесим Брунжай бу минтақадаги жараёнларнинг дунё мусулмонлари ҳаётига таъсири катта, деган фикрда.

Қароргоҳи Иордания пойтахти Амманда жойлашган Ислом стратегик тадқиқотлари қироллик маркази тадқиқодчиси Бесим Брунжай ҳам 2012 йилнинг дунё мусулмонлари ҳаётида содир бўлган энг муҳим воқеаси, дея Мисрдаги вазиятни тилга олди.

- Мисрдаги вазият бошқа давлатларга нисбатан бироз барқарорлашди, дейишимиз мумкин. Чунки, конституция катта баҳслар билан бўлсада қабул қилинди. Шунингдек, нефтга у қадар бой бўлмаган, аммо бу минтақада қолаётган яна икки диктатура ҳукмрон давлат – Марокаш ва Иорданияда ҳам секин-секин ҳокимият алмашинуви юз бермоқда. Улар ҳам худди Европада, масалан, Буюк Британиядаги каби конституцион монархия тизимига ўтишга ҳаракат қилмоқда ва бу яхши бораяпти, деди Бесим Брунжай.

Айни пайтда у ўтиб бораётган 2012 йилнинг муҳим воқеаларидан бири сифатида АҚШда ишланган “Мусулмонлар гуноҳсизлиги” филми ортидан Ливияда содир бўлган фожеа ва кейин дунёнинг бир қатор мусулмон давлатларида қўзғалган норозилик намойишларида ўнлаб одамнинг қурбон бўлганини ҳам эслаб ўтди.

- Ўтган йилда биз Ливияда Америка элчисининг ўлдирилганига гувоҳ бўлдик. Аслида бу каби ҳолатлар яқиндагина инқилобни бошидан кечирган мусулмон давлатларидаги ўтиш даври террорчи ва жиноий гуруҳлар томонидан қулай имкон сифатида фойдаланилиши мумкинлигига ҳам гувоҳ бўлди. Гарчи кенг кўламда бўлмаса-да, Ал-Қойда террорчилари ҳануз айнан ана шу давлатлардаги заиф хавфсизлик тизимини ёриб киришга уринмоқдалар, дейди бу ҳолатни тез орада ҳал қилиниши зарур муаммолардан бири сифатида санаган тадқиқотчи Бесим Бурунжай.

"Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришининг 2012-йил якунларига бағишланган махсус сонини қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:15 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG