Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:41

Ҳайдовчи рекламага анқайиб ҳалокатга учради


Наманганда олғир банкирлар қўлга тушди. Фарғонада чинорлар ўрнига япон сафораси экилмоқда. Футболчи Одил Аҳмедов подадан олдин чанг чиқаришни хоҳламади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.


“Кредит ажратишда кўзбўямачилик ва сохтакорлик”

Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани “Агробанк”и бош ҳисобчиси Луқмонжон Турсунов ҳамда “Халқ банки” бош ҳисобчиси Исматилла Эгамбердиев кредит ажратишда кўзбўямачилик ва сохтакорликда айбланди (“Диёнат”, 17 январ). Банк мансабдорлари фермер хўжаликларига бериш кўзда тутилган кредитларни ўз манфаатлари йўлида сарфлаб юборган.

Жиноят ишлари бўйича Чортоқ тумани суди ҳукми билан банк мансабдорларига энг кам ойлик иш ҳақининг 315 баробари (19,8 миллион сўм) миқдорида жарима тайинланган. Шунингдек, улар бир йилу олти ой мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларидан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Нашр хабарига кўра, Турсуновнинг жиноий хатти-ҳаракатини туман “Агробанк”и бошқарувчиси А.Абдуллаев ҳам қўллаб-қувватлаган. Аммо бошқарувчига оид жиноий иш тафсилотлари очиқланмаган.

“Метрополитен раҳбарлари кимнинг манфаатига хизмат қиляпти?”

Тошкент метрополитени раҳбарияти ҳисоботларда йўловчилар учун қулайликлар яратилаётгани ҳақида жар солса-да, аслида, фуқаролар муносабатига эътиборсиз бўлмоқда (“Новый век”, 17 январ). Бутун дунёда метрополитендан фойдаланиш учун ойлик ёки ҳафталик йўл чипталари амал қилаётган бир пайтда Тошкент метрополитени маъмурияти ойлик йўл чипталарини бекор қилди. Бундан ташқари, метро ҳаракатида кечикишлар кузатилмоқда, поездлар орасидаги вақт ўн дақиқадан ошиб кетмоқда. “Пойтахт метроси раҳбарияти ўз манфаатини кўзламоқдами ё йўловчилар манфаатиними? Бу ҳолатда энг тезкор транспорт маъмурияти йўловчилар узоғини енгил қилиш учун жон куйдираётгани ҳақидаги гапларга ишонса бўлармикин?” дея савол қўяди муаллиф Саид Камолов.

“Чинор энди Фарғонанинг рамзи эмас”

Яқин-яқингача чинор Фарғона шаҳри рамзи ҳисобланган. “Ўзбекистон овози” газетаси хабарига кўра, эндиликда давр ўзгариб, Фарғонанинг янги тарихи яратилмоқда. Айни пайтда катта қурилиш кетаётган шаҳардаги чинорлар ўрнига каштан, арча, япон сафораси, эман кўчатлари ўтқазилмоқда. Газетага кўра, чинор шохлари янги барпо этилган кўчалар кўринишини тўсиб қўяди, илдизлари ер юзаси бўйлаб ёйилиб, тош ва шағални кўтариб юборади. Шу билан бирга, чинор бронхиал астма касаллигини келтириб чиқаради.

Фарғонадаги чинорлар кесилиши муносабати билан одамлар орасида “Чинор ер ости захини буғлантирувчи восита эди, улар кесилгач, ер ости сув сатҳи кўтарилиши мумкин” деган гаплар тарқалган. Вилоят табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Адҳамжон Холтожиев чинорлар кесилгач, сув сатҳини кўтарилиши ҳақидаги хабарларни асоссиз миш-миш деб атаган.

“Ҳайдовчи реклама баннери туфайли ҳалокатга учради”

Тошкентнинг “Истиқлол” санъат саройи яқинида ҳайдовчи Саъдулла Яхшибоев автоҳалокатга учради. Ҳалокат пайти ҳеч ким жароҳатланмаган, аммо ҳайдовчи каттагина моддий зарар кўрган. Маълум бўлишича, йўл четидаги улкан реклама монитори Яхшибоевнинг хаёлини олиб қочган, натижада ҳайдовчи бошқарувни йўқотган. “Саҳардан то ярим тунгача одамларни манзилларига етказиб чарчаймиз. Икки кўзимиз йўлда бўлгани учун толиқади. Бу ҳам етмагандек, реклама баннерларининг кўплигини айтмайсизми?! …Машиналар юрадиган йўлларда рекламаларни бироз камайтиришса, яхши бўларди” деб ҳисоблайди 10 йилдан ошиқ ҳайдовчилик тажрибасига эга Яхшибоев.

“Истеъмолчилар жамияти фуқарога машина ундириб берди”

Тошкент шаҳар Чилонзор туманида яшовчи Ш.Ҳамидовага Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти аралашуви билан “Spark” машинаси ундириб берилди (“Истеъмолчи”, 17 январ). Фуқаро Ҳамидова 2012 йилнинг февралида Яккасарой тумани Ш.Руставели кўчаси 152-уйда жойлашган “Тошкент ДЭУ” автосалонига автомобил таннархи 85 фоизини, кейинроқ қолган суммани ошган нарх бўйича тўлаган. Аммо автосалон раҳбарияти ваъдани бажармай, фуқарони “эртага келинг, индинга келинг” деб сарсон қилган. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти товар ва хизматлар бозорида ҳуқуқи бузилган фуқароларни ҳеч иккиланмай мурожаат қилишга чақирган. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти республика бошқарувининг ишонч телефони: (8 371) 241-81-88, 241-57-69.

“Алиментдан бўйин товлаган эр озодликдан маҳрум этилди”

Қашқадарё вилояти Қарши туманида яшовчи Рустам Турсунов фарзандига алимент тўламагани учун жазоланди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди раиси Шавкат Турдиев “Куч – адолатда” газетасига хабар беради. Турсунов 2003 йилда ҳамқишлоғи Муҳаббат Амирқуловага уйланган, аммо кейинроқ ажрашган. Суд ажрими билан Турсуновга вояга етмаган фарзанди Алибекнинг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларнинг тўртдан бири миқдорида алимент тайинланган. Алиментни вақтида тўламаган Турсунов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 122-моддасида айбдор деб топилган ва маълум муддатга озодликдан маҳрум этилган. Шунингдек, айбланувчи зиммасига собиқ хотини фойдасига 1,4 миллион сўм алимент тўлаш мажбурияти юклатилган.

“Одил Аҳмедовга Германия кўз тикaяпти”

Ўзбекистон миллий термаси ва Россиянинг “Анжи” клуби аъзоси Одил Аҳмедовга Германия бундеслигаси қизиқиш билдирмоқда. “Новый век” ёзишича, Одил Аҳмедовнинг ўзи немис жамоаси номини айтиб, подадан олдин чанг чиқаришни лозим топмаган. “Бу ҳақда, яхшиси, шартнома имзолангандан кейин гапирган маъқул” деган таниқли футболчи. Шу билан бирга, ўзбекистонлик футболчи ҳозирча “Анжи”да қолиши, ушбу клуб таркибида Россия чемпионлигини қўлга киритиш ниятида эканини маълум қилган. 25 ёшли Одил Аҳмедов 2011 йилдан буён Махачқалъанинг “Анжи” жамоасида тўп суради. 2011 йил якунларига кўра, у Это’O, Роберто Карлос каби юлдузларни ортда қолдириб, клубнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган. Аҳмедовга аввалроқ Англиянинг “Арсенал” жамоаси кўз тикаётгани айтилган.

“Тошкентдан Волгоградга янги рейс йўлга қўйилади”

“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси жорий йил 4 февралдан Тошкент-Волгоград (Россия) йўналиши бўйича янги қатновни йўлга қўяди (“XXI аср”, 17 январ). 474/473 рақамли янги йўловчи поезди душанба куни 22:30 да Тошкентдан жўнаб кетади. Пайшанба куни Тошкентга қайтади. Бундан ташқари, 5 февралдан Тошкент-Москва йўналишида қўшимча рейс ҳам йўлга қўйилади. Маълум қилинишича, янги поезд қатнови ҳар сешанба амалга оширилади.
XS
SM
MD
LG