Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:48

Ўзбекистонда иккита банк раҳбари ишдан олинди


“Туронбанк” бошқаруви раиси Дониёр Орифжонов ва “Ипак йўли” банки бошқаруви раиси Рустамбек Раҳимбеков ишдан олингани айтилмоқда. Иккала шахс ҳам мазкур лавозимларда ўн йилдан зиёд вақт давомида фаолият кўрсатган.


“Туронбанк”нинг 10 йиллик раиси ишдан кетди


23 йиллик тарихга эга “Туронбанк”ка 10 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган 38 ёшли Дониёр Орифжонов банк бошқаруви раислигидан олинди.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон банк тизимидаги воқеалардан яхши хабардор манба маълум қилди.

“Туронбанк” раисининг ёрдамчиси бу хабарни тасдиқлади.

- Дониёр Баҳтиёрович ҳозир ишламаяпти. У киши ишдан кетган. Раисимиз ўзгарган. Ҳозир Фарҳод Дилмуродович Олимов раис бўлган, деди ўзини раис ёрдамчиси деб таништирган йигит.

Суҳбатдош Дониёр Орифжоновнинг ишдан кетиш сабабларини очиқламади.

Озодлик манбаси Дониёр Орифжоновнинг эндиликда "Туронбанк"нинг Ҳиссадорлар кенгаши раислигига “кўтарилган”и ҳақида ёзган.

Бироқ “Туронбанк” раиси ёрдамчиси буни инкор қилди.

- Йўқ, бизда бунақа маълумот йўқ. У киши бирор жойга ўтган бўлса, айтардим ўша ерга ўтди деб. Лекин ҳозирча бунақа маълумот йўқ,- деди ўзини раис ёрдамчиси деб таништирган йигит.

Низом капитали 23,8 миллиард сўмни ташкил этувчи “Туронбанк” Ўзбекистонда илк очилган тижорат банкларидан бири ҳисобланади. Банкнинг расмий сайтида ёзилишича, 1990 йилнинг 6 ноябрида давлат рўйхатидан ўтган “Туронбанк”нинг бугунги кунда мамлакат бўйлаб 18 та филиали, 150 дан зиёд қўшимча бўлинмалари фаолият кўрсатмоқда.

“Ипак йўли” банкининг 15 йиллик раиси ҳибсга олинган”

Озодлик манбаси “Ипак йўли” банки бошқарув раиси лавозимида 15 йилдан буён фаолият кўрсатиб келган Рустамбек Раҳимбековнинг ҳам ишдан олингани ҳақида хабар қилди.

Ўзини “Ипак йўли” банки раисининг ёрдамчиси деб таништирган аёл Рустамбек Раҳимбековнинг ишдан бўшаганинини инкор қилди.

- Рустамбек Раҳмонбекович ҳозир даволанишда. Бизда яқинда аттестация бўлди. Рустамбек Раҳмонбековичнинг соғлиги яхши эмас эди. Аттестациядан кейин кўринмай қолганига шунақа гап қилишди. Бир ҳафтадан кейин қўнғироқ қилинг. Ўзи билан гаплашасиз,- деди ўзини раис ёрдамчиси деб таништирган аёл.

Айни пайтда Centrasia.ru сайтида Рустамбек Раҳимбековнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабар пайдо бўлди.

Мазкур хабарда айтилишича, “Ипак йўли” банкининг Рустамбек Раҳимбековдан ташқари яна бир қанча мулозимларига нисбатан Жиноят Кодексининг 167- моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Низом капитали 29 миллиард сўмни ташкил қилувчи “Ипак йўли” банки ҳам 1990 йилда Ўзбекистонда биринчи бўлиб очилган тижорат банкларидан бири ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG