Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:16

Тошкент хўжалик суди "Ўздунробита" аризасини қабул қилди


Банкротлик тўғрисида судга ариза берган "Ўздунробита" (МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси) ишини Тошкент хўжалик суди 23 январ куни расман қабул қилди. Бу ҳақдаги маълумотни ширкат матбуот хизмати Озодликка тасдиқлади.

Россиядаги МТС мобил алоқа ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси Тошкент шаҳар Хўжалик судига жорий йилнинг 16 январ куни банкротлик тўғрисида ариза топширган эди.

Бу ариза 23 январ куни Тошкент хўжалик суди тарафидан маҳкама жараëни бошлаш учун расман қабул қилинган.

МТС мобил алоқа ширкати тўловларни тўлашга молиявий имконияти йўқлиги боис банкротлик тўғрисида ариза топширган эди.

14 январ куни МТС-Ўзбекистоннинг 400 га яқин ходими ишдан бўшатилди.

Жараëн

Амалдаги суд тартибига кўра, ариза қабул қилинган кундан бошлаб бир ой давомида "Ўздунробита" ширкати устидан маҳкама кузатуви амалга оширилади ва муваққат раҳбар тайинланади.

Бир ой миддат ичида ширкатнинг қарз жадвали тузилади. Айни муддат ичида қарздорлар йиғилиши ўтказилади ва бу мажлис банкротлик процедурасининг қай тарзда бўлишига қарор беради.

Амалдаги тартибга мувофиқ, хўжалик суди расман ариза қабул қилинган кундан бошлаб 3 ойлик муддат ичида қарздор корхона банкротлик масаласини ҳал қилиши керак.

Истисно тарзида бу жараëн яна бир ойга узайтирилиши ҳам мумкин.

600 миллион долларлик қарз

Тошкент шаҳар Хўжалик судининг ноябр ойида чиқарган қарорига кўра, "Ўздунробита" ширкати ўз зиммасига юклатилган 600 миллион долларлик молиявий даъволарни саккиз ой муддат ичида тўлаб битириши керак эди.

15 январ куни суд томонидан белгиланган жариманинг навбатдаги қисми тўланиши лозим эди, аммо ширкатнинг Ўзбекистондаги ҳисоб рақамида пул қолмагани боис бу талабни бажара олмаган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, агар қарздор ўз мажбуриятларини бажара олмаса, банкротлик тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши ва суд бу масалада беш кун ичида қарор чиқариши лозим.

МТС ширкатига яқин манбаларнинг Озодликка билдиришича, "Ўздунробита" ҳисоб рақамида пул тугаганидан сўнг суд белгиланган молиявий даъвони қондириш мақсадида компаниянинг операторлик қурилмаларини мусодара қилиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

МТСга эгалик қилувчи "Система" компаниясининг асосий хўжайини Владимир Евтушенков ўтган ой сўнггида Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ва дипломатик доиралари даражасида МТСнинг Ўзбекистон бозорига қайтиши борасида фаол музокаралар бораётгани ҳақида баёнот берган эди.

Бу музокаралар ҳақида матбуотга хабар сиздирган "Система" корпорациясидаги манбалар компания "Ўздунробита"га ёзилган тўловлар миқдорини камайтиришга уринаётгани ҳақида маълум қилганди.

Қайтмаслик муждаси

"Ўздунробита"нинг 16 январ куни ўзини банкрот деб эълон қилиши бу музокараларнинг самара бермагани сифатида таснифланди.

"Метрополь" инвестицион-молиявий компанияси етакчи таҳлилчиси Евгений Голоснойга кўра, банкротлик тўғрисидаги ариза МТСнинг Ўзбекистонга қайтмасликка тайёрлигини мамлакат ҳукуматига билдирувчи жиддий сигналдир.

Бошқа томондан, кузатувчиларга кўра, МТСнинг Марказий Осиёда ишлаш бўйича бой ва мураккаб тажрибасидан келиб чиқиб, "Ўздунробита" ускуналарининг мусодара қилиниши ёки сотилиши ушбу воқеалар ривожидаги сўнгги нуқта бўлмаслиги ҳам мумкин.

Зотан, МТС 2010 йилда Туркманистондаги фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган, бироқ 2012 йилнинг ёзида фаолиятини қайта тиклаш бўйича Туркманистон ҳукумати билан келишувга эришган эди.

МТС-Ўзбекистон мухорабаси ëки воқеалар силсиласи :

17 июл 2012 йил

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги “Ўздунробита” мобил оператори фаолиятини вақтинча тўхтатди.

Июл-август 2012 йил

Мобил алоқасиз қолган миллионлаб МТС мижози Ucell ва Beeline компаниясига ўтиб кетди. ¸ Ўзбекистонда алоқа сифати кескин ëмонлашди.

31 июл 2012 йил

Тошкент шаҳар хўжалик суди “МТС-Ўзбекистон” бренди остида ишлаган “Ўздунробита”ни лицензияларидан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарди.

27 август 2012 йил

"Ўздунробита" мулозимларига қарши текширувлар асосида тўпланган фактлар маҳкамага оширилди.

17 сентябр 2012 йил

Тошкент шаҳар суди “Ўздунробита” компаниясининг тўрт нафар ходимини уч йилдан шартли равишда озодликдан маҳрум қилди ҳамда ширкатга тегишли мулкни давлат фойдасига мусодара қилди.

8 ноябр 2012 йил

Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича суди апелляция ҳайъати МТС нинг Ўзбекистондаги барча активларини давлат тасарруфига ўтказиш тўғрисида қуйи инстанция чиқарган қарорни бекор қилди.

19 ноябр 2012 йил

МТС-"Ўздунробита" фаолиятини қайта тиклаш учун унинг ускуналари синовдан ўтказилгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлди.

20 ноябр 2012 йил

Ўзбекистон Олий Хўжалик суди “Ўздунробита”нинг лицензиясини қайта тиклаш мақсадида Тошкент шаҳар Хўжалик суди ҳукми устидан киритилган даъво аризасини кўриш жараёнини номаълум муддатга тўхтатди.

13 декабр. 2012 йил

Тошкентда ўтган Ўзбекистон-Россия ҳукуматларо комиссиялари учрашувини кузатган журналистлар ёпиқ эшиклар ортидаги муҳокамаларда МТС иши муҳокама қилинганини айтишди.

16 январ 2013 йил

Россиядаги МТС мобил алоқа ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси Тошкент шаҳар Хўжалик судига банкротлик тўғрисида ариза топширди.

23 январ 2013 йил

Тошкент шаҳар Хўжалик суди “Ўздунробита”нинг банкротлик тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш учун расман қабул қилди.

МТС-Ўзбекистон алоқаси мамлакатнинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олиб, 9 миллиондан зиёд мижозга хизмат кўрсатар эди. Бу Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг 40 фоизидан ортиғидир.
XS
SM
MD
LG