Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:46

Ўзбекистон президенти ахборотни кимдан ва қаердан олади?


Кузатувчиларга кўра¸ қўлидан iPad тушмайдиган Гулнора Каримованинг ўз отасига Интернетдаги ахборот воситалари ҳақида сабоқ бериши эҳтимолдан холи эмас.
Кузатувчиларга кўра¸ қўлидан iPad тушмайдиган Гулнора Каримованинг ўз отасига Интернетдаги ахборот воситалари ҳақида сабоқ бериши эҳтимолдан холи эмас.
Душанба¸ 28 январ куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланган навбатдаги жонли¸ интерактив мулоқотимизда эркин матбуот унсурлари ҳам йўқ Ўзбекистонда давлат раҳбарининг мамлакат аҳолиси турмуши ва реал вазиятга оид ахборотни қайси манбалардан олиши ҳақида суҳбатлашдик.

Оммавий ахборот воситалари ҳокимиятнинг бошқа тизимларидан мустақил¸ ўзича бир ҳокимият бўлган давлатларда ким бўлишидан қатъий назар¸ ахборотнинг бирламчи манбаси¸ хоҳ босма¸ хоҳ виртуал ва хоҳ визуал бўлсин¸ матбуотдир.

Шу боис демократик мамлакатларда давлат ва ҳукумат раҳбарлари оммавий ахборот воситаларини мунтазам кузатиб¸ уларда бош мавзуга айланадиган воқеаларга зудлик билан муносабат билдириб борадилар. Мамлакат аҳолиси диққат марказига тушган воқеа-ҳодисаларга вақтида муносабат билдирмаслик¸ кўп ҳолларда¸ демократик раҳбарларга қимматга тушади – матбуот уларни бундай лоқайдлик учун жавоб беришга мажбур қилади.



Аммо нодемократик давлатларда сиëсий ҳокимият тепасида ўтирганлар билан бошқарилаëтган аҳоли ўртасида бундай тезкор воситачи йўқ – оммавий ахборот воситалари оëғига ижроия ва суд ҳокимияти тушов тақиб қўйган. Бундай бошқарувнинг маҳсули бўлмиш цензура боис¸ оммавий ахборот воситалари фақат тепадагилар чиғириғидан ўтган¸ уларга маъқул келадиган хабарларнигина тарқатиш қуролига айланади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:53:48 0:00
Бевосита линк


Бундай тизгинланган матбуот¸ кундалик воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар тарқатиш ўрнига¸ бошқарувчининг ўзи бошқараëтганларга етказиш лозим деб билгани хабарлар¸ аниқроғи¸ пропаганда тарқатувчи воситага айланади.

Матбуот эркинлиги вазиятини кузатувчи мустақил гуруҳлар Ўзбекистонни эркин матбуотга тоқатсиз ва оммавий ахборот воситалари устидан мутлақ назорат ўрнатилган мамлакат сифатида баҳолаб келадилар.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари¸ масалан¸ айни кунларда Сўх қамалда қолар экан¸ бу ҳақда лом-мим демасдан¸ шарқий Европада одамларнинг совуқдан ўлаëтгани ҳақида хабар тарқатмоқда.

Афтидан¸ Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳақиқий ахборот воситаси бўлмай қолгани боис¸ уларнинг нима деб нима ëзаëтганини мамлакат раҳбарияти ҳам кузатмай қўйган. Президент Каримовнинг аҳëн-аҳëнда қоғоздан чекиниб қиладиган баëнотларидан унинг Ўзбекистонга оид вазиятни ўзбек матбуоти эмас¸ кўпроқ Россия матбуоти хабарлари орқали кузатиши аëн бўлади.

Хусусан¸Ўзбекистон президенти 18 январ куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган мажлисда Россиядаги ўзбек мардикорлари билан боғлиқ вазиятга муносабат билдирди.

Ўз нутқида Каримов лицей ва коллеж ўқувчиларининг иш билан таъминланмагани ҳақидаги матнни ўқиëтиб мавзудан чалғиди ва Россияда ўлдирилган ўзбек фарроши тақдирига оид гап бошлади.

Президент гапидан аëн бўлишича, Каримов ўзбек фаррошининг Россияда ўлдирилгани воқеасини Россия телеканали янгиликлар дастуридан эшитган.

Бундан аввал ҳам¸ Каримов Россиянинг “КоммерсантЪ” каби газеталарида билдирилган хабарларга ҳассос муносабат билдирган эди.

Хўш¸ Ўзбекистон президенти Ўзбекистон аҳолисининг ҳақиқий турмушига оид хабарлардан воқифми?

Воқиф бўлса¸ у бу хабарларни қайси манбалардан ëхуд қайси идора ва тизимлардан олади?

Эркин матбуотни йўқ қилган давлат раҳбари ўз-ўзини ахборот бўшлиғига ҳукм қилмайдими?

Президентда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари¸ хусусан¸ давлат телеканаллари тарқатаëтган улуғ зафарларга оид хабарларни хориждаги мустақил манбалар ахбороти билан таққослаш имкони борми?

Ҳоким ва вазирларига Интернет ҳақида тез-тез маъруза қилувчи Ислом Каримовнинг ўзи Интернетда Ўзбекистонга оид янгиликларни мунтазам кузатишига ишонасизми?

Twitter каби ижтимоий тармоқдаларда ўта фаол қизининг қўлидан iPad тушмайдиган Ислом Каримов ҳам янги технологиялардан ахборот воситаси сифатида фойдаланишини тасаввур қиласизми?

Ислом Каримовга Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволни билиш учун қайси ахборот манбаларини кузатишни тавсия қилган бўлардингиз?


Душанба¸ 28 январ куни Тошкент вақти билан 21:05 да OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзиллари орқали жонли мулоқотга бевосита қўшилиб¸ бу саволларга оид ўз мулоҳазаларингизни бевосита билдиришингиз мумкин.

Агар Skype манзилларимизга ҳозирга қадар қўшилмаган бўлсангиз¸ марҳамат қилиб¸ OzodSkype ва OzodlikOnline манзилларига сўров юборинг¸ скайпдошларимиз сафига қўшилинг!





OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline мулоқотини эшитиш давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!
XS
SM
MD
LG