Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:33

Ғаффор Ҳотамов 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди


Шу йилнинг 28 январ куни Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди ёзувчи ва публицист Ғаффор Ҳотамовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) ва 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) билан айблаб, 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилди.


Айни пайтда судланувчи Ўзбекистон Конституциясининг 20 йиллиги муносабати билан қабул қилинган амнистия актига асосан жазо муддатини ўташдан озод қилингани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан олиб борилган жиноят иши материалларига кўра, Ғаффор Ҳотамов ўз қаламига мансуб “Ҳикмат ёки Олмос шамшир ҳақида достон” асарида ҳозирги кунда Ўзбекистон Адлия вазирлигининг “Инсон ва қонун” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаётган Қўчқор Норқобилов ҳамда унинг рафиқаси, шоира Хосият Рустамоваларнинг шахси ва қадр-қимматини камситувчи иддаоларни ёзган.

Хусусан, ёзувчи мазкур асарда Қўчқор Норқобиловнинг бир неча йил аввал Наманган вилоятининг собиқ ҳокимларидан бири ҳамда Қашқадарё вилояти собиқ ҳокими Озод Пармоновдан мухбир сифатида пора олгани ҳақидаги фактларни баён этган. Мазкур ҳолатлар юзасидан Қўчқор Норқобилов Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига шикоят билан мурожаат қилган.

Ғаффор Ҳотамовнинг Тошкент шаҳар ИИББга берган кўрсатмаларида ўзининг “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаганида “Ҳикмат ёки Олмос шамшир ҳақида достон” асарини ишхонасидаги компьютерда сақлагани, бўш пайтларида эса асар устида ишлагани қайд қилинади. Ёзувчи асарни бирон-бир нашриёт, газета-журналга жўнатмаган. Аксинча, асар таҳририят компьютеридан ўғирланиб, қўлма-қўл бўлиб кетган ва айрим хорижий интернет нашрларида эълон қилинган.

Жиноят ишига тиркалган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари қўмитаси томонидан берилган хулосада айтилишича, Ғаффор Ҳотамовнинг шов-шув бўлган асарларида ҳеч қандай экстремизм, конституциявий тузумни ағдариш ва ҳукуматга қарши даъват-чақириқлар мавжуд эмас. Шунингдек, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги хулосасида ҳам шу каби фикрлар баён этилган.

- 28 январ куни ўтказилган бир марталик маҳкамадаёқ аввал Қашқадарёнинг собиқ ҳокими Озод Пармонов сўроқ қилинди ва у Норқобиловга пора бермаганини айтди. Кейин эса Наманган вилоятининг собиқ ҳокими Тўлқин Жабборов ҳам ҳамкасбининг гапини такрорлади. Бу каби корчалонларни “юқори”нинг аралашувисиз судга олиб келиб бўлмайди. Ҳатто шу куннинг ўзида суд далилларга баҳо бериб, музокарага ўтди ва ҳукмни эълон қилди, - дейди маҳкамани кузатган журналистлардан бири.

Суд ҳукмига асос бўлмиш асарлари бениҳоя шов-шув бўлган, қиссасидаги фактлар билан адабий жамоатчиликни жунбушга келтирган ёзувчи Ғаффор Ҳотамов: “...Бутун умр Ўзбекистон Президенти ҳаракатларини қўллаб-қувватладим, Президент ғояларини амалга татбиқ этдим. Айнан ана шу ҳаракатларим Ўзбекистон локомотиви йўлига ғов бўлишга уринаётган Хайриддин Султонов (Ўзбекистон Президентнинг Давлат маслаҳатчиси — таҳр.) ва унинг бир ҳовуч ҳамтовоқларига ёқмади. Улар менинг бошимда ёнғоқ чақишга, мени ва менинг ёнимдагиларни бадном қилишга уринишяпти”, дея баёнот берганди маҳкама жараёнларидан аввал.

1953 йилда Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида туғилган Ғаффор Ҳотамов «Қайтиш», «Қудуқ тепасидаги ой», «Азал ва абад», «Тоҳир ва Зуҳранинг кулмаган бахти», «Кунтуғмишнинг кулмаган бахти» сингари қисса ва романлар муаллифидир.

Турли йилларда республика даврий матбуотида юқори лавозимларда фаолият юритган Ҳотамов 1997-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида бош маслаҳатчи бўлиб ишлаган. Кейинчалик “Ўзбекистон овози” газетасига бош муҳаррир ўринбосари этиб тайинланган.
XS
SM
MD
LG