Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:59

АҚШнинг шимолий-шарқи қалин қор остида қолди


Октябр ойидаги "Сэнди" тўфони офатларидан ҳали тўла ўзига келмаган АҚШнинг шимоли-шарқий штатлари яна табиий офат билан юзлашди.

Жума куни қор бўралаб ёғиши натижасида Род Айленд, Коннектикут, Массачусетс, Ню Йорк ва Мэн штатидаги 350 минг хонадон электрсиз қолди.

Мазкур штат аҳолисига зарурат бўлмаса, уйларидан чиқмаслик тавсия этилди.

- Озиқ-овқатларни ғамлаб қўйиш айтилди. Ҳозир уйдан чиқмай, электрсиз ўтирибмиз. Сўнгги пайтларда бунақа ҳодисаларга кўникиб ҳам қолдик, - деди Коннектикут штатининг Норвалк шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик Сапарбой.

Ҳозир Ню Йорк ва Бостонга қатновчи тўрт мингдан зиёд авиарейс тўхтатилган, Ню Йоркнинг Жон Кеннеди ва LaGuardia аэропортлари ҳамда қўшни Ню Жерси штатидаги Нюварк аэропорти вақтинча ёпилган.

АҚШнинг Amtark ширкати ҳам Ню Йорк ва Бостон оралиғида темир йўл қатновини тўхтатди. Массачусетс штати губернатори автомобил ҳаракатини чеклаш ҳақида қарор ҳам чиқарди.

Мазкур штатда мактаблар ёпилган. Бостон шаҳрида қор қалинлиги ҳозир 60 сантиметрни, Ню Йоркда 30 сантиметрни ташкил этмоқда.

Агар қор шу зайлда ёғишда давом этса, Бостонда уни қалинлиги 90 сантиметрга етиши мумкин.

Бунақа қор АҚШ шимоли-шарқий ҳудудларида сўнгги ўн йилликларда кузатилмаган. Сўнгги бор Бостонда 2003 йилда кучли қор ёққан, ўшанда унинг қалинлиги 70 сантиметрни ташкил этган эди.

Синоптиклар айрим ҳудудларда эсаётган шамол тезлиги соатига 120 километрга етиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Бу эса АҚШ тарихида сўнгги 35 йилда кузатилмаган кучли қор тўфонини келтириб чиқариши мумкин.

Табиий офат канадаликларга ҳам кулфатлар ёғдирди. Онтариода аллақачон 200дан зиёд йўл транспорт ҳодисаси рўй берган. Ҳозирга қадар камида уч одам ўлгани айтилади.
XS
SM
MD
LG