Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:00

Қамоқхонада туғилган сиёсий маҳбус тақдири


Эрондаги Эвин қамохонасининг совуқ деворларига юзма-юз қилиб ўтқазилган маҳбуснинг кўзлари боғлаб қўйилган. Бирдан важоҳатли эркак овози унинг исмини сўрайди:

- Ҳуман Мусавий, дейди маҳбус ва шу заҳотиёқ унинг бошига қаттиқ мушт тушади.

Терговчи портфелини очиб ундан бир даста қоғоз чиқаради ва Ҳуман Мусавийга имзо чекишни буюради. Ва бунинг ортидан энди унинг юзига мушт туширади:

- Сўроқ 18 соат давом этди. Терговчи ҳар доим менга пўписа қилар ва ҳамма қоғозларга имзо чекишимни талаб қилар эди. Бу қоғозларда мен ким билан алоқа қилганим, қайси намойишларда қатнашганим, қандай ҳисоботлар ёзганим ва кимга жўнатганим ҳақида эди, дейди Ҳуман Мусавий.

Охир-оқибат сўроқ ҳам тугайди ва назоратчилар 209-секция деб аталувчи ёлғиз камерага уни олиб боради.

Камерада унинг қўлига кишан солиб, девордаги баланд батареяга осиб қўяди, токи маҳбус ўтира олмасин. Мусавийнинг қўллари музлаб аста секин кўкимтир ранг ола бошлайди:

- Мен жуда ҳам ҳолдан тойган эдим. Назоратчи эшикни очиб қандайдир овқатни полни устига қўйиб кетарди. Мен овқатга етиш у ёқда турсин, ҳатто қимирлай ҳам олмасдим. Бир неча бор ҳушимдан кетдим. Ўзимга келганимда эса осилиш зўридан қорайиб кетаётган қўлларимни кўриб қўрқиб кетардим, деб ҳикоя қилади Ҳуман Мусавий.

Сиёсий маҳкумлар ўғли

Ҳуман Мусавий “Яшил ҳаракат” деб номланувчи ташкилотнинг норозилик намойишларида иштирок этгани учун Эвин қамоқхонасида икки ярим йил ўтирди. Қамоқдаги умрининг етти ойи ёлғиз камерада ўтди.

Ҳуман Мусавий(ўнгда) акаси ва опаси билан
Ҳуман Мусавий(ўнгда) акаси ва опаси билан
2010 йилнинг апрелида, Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг президентлик сайловларидаги баҳсли ғалабасидан сўнг минглаб эронликнинг ҳисбга олинишига сабаб бўлган, кўча норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди.

Бу пайтда Ҳуман Мусавийнинг қамоқхона билан иккинчи учрашуви бўлди. Биринчи учрашув 1986 йилда, у Одилободдаги қамоқхонадаги дунёга келган пайт содир бўлган эди.

Ҳуман Мусавийнинг тўқимачи бўлган отаси 1980-1988 йилларда Эрон-Ироқ урушида Саддам Ҳусайн томонида турган ва Эрон режимига бир неча бор ҳужум қилган “Халқ мужоҳидлари” эронийлар ташкилоти билан ҳамкорлик қилганликда айбланган эди.

Аввал Ҳуман Мусавийнинг отаси, бир оздан сўнг ҳомиладорликнинг сўнгги ойларини ўтказаётган онаси қамоққа ташланди. Ҳуман Одилободдаги қамоқхонада туғилди ва умрини икки йилини панжара ортида ўтказди.

- Холамнинг айтишича бу икки йил давомида мен кўп касал бўлиб, доим йиғлар эканман. Баданимга ҳар хил яралар тошиб, нуқул шамоллар эканман. Катта бўлганимда ҳам бу касалликлар асорати қолди. Холамнинг айтишича, онамнинг сути қочиб мени эмизолмай қолган. Шунда бошқа маҳкума аёллар ўз овқатларини эмизикли аёлларга берган экан. Мени ўлиб қолмаслигим учун беш ёки олти аёл эмизган экан, дейди Ҳуман Мусавий

Ҳуман Мусавийнинг ота-онаси қамоқхонада қатл этилди ва у етим бўлиб қолди.


Ҳуман Мусавийнинг қамоқхонада дорга осилган отаси.
Ҳуман Мусавийнинг қамоқхонада дорга осилган отаси.
Кучли назорат остидаги ҳаёт

Ҳуманни қариндошлари ўз қарамоғига олди. Ҳаёт жуда оғир эди. У қашшоқликда кун кечирди ва Эрон хавфсизлик кучлари ходимлари уни доим назорат қилиб борди. У қатл қилинган ота-онанинг фарзанди сифатида сиёсий ҳаракатларда қатнашмаслиги, акс ҳолда қамоққа олиниши ҳақида огоҳлантирилди.

Ҳуман 2010 йилда қамоққа олинганида, терговчи унга ота-онасининг тақдири ҳақида бот-бот огоҳлантирар ва унга ҳам шундай тақдир насиб бўлиши ҳақида масхараомуз гаплар қиларди.

Орадан етти ой ўтгандан сўнг Ҳуманни ёлғиз камерадан сиёсий маҳбуслар сақланадиган 350-секцияга ўтказдилар. Бироқ азоблар бу билан тугамади. Икки йилдан сўнг у дарра билан савалаш жазосини олди:

- Мен ўша куни саваланадиган маҳкумлардан биринчиси эдим. Назаримда аскар бола дарра билан қандай уришни билмасди. Дарра уч ўрим чармдан иборат бўлиб, урганда оғриқни кучайтириш мақсадида учи тугиб қўйилган эди. Аскар мени кўкрагимга ура бошлади. Кўкрагим кўкариб, моматалоқ бўп кетди. Мен кучим борича бу оғриқларга чидашга ва ялинмасликка ҳаракат қилардим. Ахийри айтдим: “Сен нега мени кўкрагимга уряпсан? Сен орқа томонимга уришинг керак дедим” ¸ деб ҳикоя қилади Ҳуман Мусавий.

Икки ярим йиллик тутқунликдан сўнг, 2012 йилнинг августида Ҳуман авф қилинди ва муддатидан олти ой олдин озод этилди.

Бироқ у озодликка чиқанидан сўнг ҳам доим хавфсизлик хизмати назоратида бўлди. Ҳатто терговчи уни чақириб, агар яна қамоққа тушса уни дор кутаётганини таъкидлаб ҳам қўйди.

Ўзини қопқонда ҳис қилган Ҳуман Мусавий мамлакатни тарк этишга қарор қилди. Хавфсизлик нуқтаи-назаридан ҳозир унинг қаерда эканлигини ошкор қилмаймиз.

Мақола “Озод Европа”/“Озодлик” радиосининг журналисти Воҳид Поҳур мақоласи асосида ёзилди.
XS
SM
MD
LG