Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:02

"Ўзбекистонга қурол сотишни тўхтатинг!"


“Андижон бошқа такрорланмасин! Ўзбекистонга қурол сотишни тўхтатинг!” Бир неча инсон ҳуқуқлари фаоллари шундай талаб билан Буюк Британия ҳукуматига расмий мурожаат учун петиция эълон қилди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг бундай талаб билан чиқишига ўтган ҳафта The Times рўзномасида босилган мақола туртки бўлган.

8 феврал куни босилган мақолада Ўзбекистон ўз ҳудудида хавфсиз йўлак яратиб бериш эвазига Буюк Британия ҳукумати 700 минг АҚШ долларига тенг ҳарбий техника ҳамда жиҳозларини Тошкент ҳукуматига туҳфа этиши ҳақда ёзилганди.

Британия мулозимларига кўра, 150 минг АҚШ долларига тенг Land Rover машиналари эҳтиёт қисмлари, ҳар бири 11 минг доллар турадиган элликтача Leyland DAF русумли машина Ўзбекистонга совға қилинади.



Бироқ ғарбдаги қатор инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ушбу ҳарбий жиҳозларни инсон ҳуқуқларини топтаётган, норозилик намойишларини қурол билан бостираётган Ўзбекистон ҳукуматига берилишидан норози бўлмоқда.


"Каримов оғир қуроллар ва ҳарбий техникани ўз халқига қарши қўллагани тарихдан маълум. 2005 йил май ойида Андижонда ҳукумат кучларининг тинч намойишчиларни ўққа тутиши натижасида 500-700 атрофида одам ҳалок бўлганди. Ўзбекистонда ҳозир Ислом Каримовнинг коррупциялашган ва қаттол режимига қарши халқнинг нафрати яна ҳам ошган бир пайтда янги оммавий намойишлар келиб чиқадиган бўлса, Ўзбекистонга туҳфа қилинадиган қуроллар шу намойишчиларга қарши қўлланишига ҳеч шубҳа йўқ", дейилади ҳуқуқ фаоллари мурожаатида.

2015 йилгача Буюк Британия Афғонистондан тўрт миллиардга яқин ҳарбий техника ва ноҳарбий жиҳозларини олиб чиқиши керак.

Британия Мудофаа вазири Филип Ҳаммонд ҳарбийлар Афғонистондан чиқарилганидан кейин Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни кучайтириш йўлида расмий Лондон Ўзбекистон билан ҳамкорликни кучайтиради, деб баёнот берган.

Аммо ҳуқуқ фаолларига кўра, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун, энг аввало у ердаги инсон ҳуқуқлари аҳволига эътибор қаратмоқ керак.

- Инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлигини таъминламасдан узоқ муддатли барқарорликка эришиб бўлмайди. Ҳозир нафақат Буюк Британия, балки Амрерика Қўшма Штатлари ва Германия ҳукуматлари ҳам Ўзбекистон билан айнан инсон ҳуқуқлари масаласида қатъийроқ бўлиши керак, - дейди петицияга имзо чекган фаоллардан бири, “Андижон қатлиоми” филми муаллифи, даниялик журналист Майкл Андерсон.

Фаолларга кўра, Британиянинг Ўзбекистон билан қурол олди-бердисини тўхтатиб қолиш учун ҳали ҳам кеч эмас.

"Британия парламенти Мудофаа вазирлигининг ҳарбий жиҳозларини Тошкент ҳукуматига туҳфа этиш режасини мақулламаслиги керак, британиялик депутатлар бунинг оқибатлари қандай бўлишини ўйлаб кўришлари лозим", дейилади петицияда.

Ўз навбатида Британия Мудофаа вазири Филип Ҳаммонд Ўзбекистон ҳукумати ўз халқига нисбатан қурол ишлатмаслигига ишончи комил эканини таъкидлаган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:34 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG