Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:55

Ўзбек милицияси билан сан-манга борган қўшиқчи


Хонанда Абдулла Қурбонов.
Хонанда Абдулла Қурбонов.
Тошкентда бир кечада 10 та тўйда хизмат қила олгани учун “бирров қироли”, деб ном қозонган хонанда Абдулла Қурбоновнинг ўзбек милиционерларини “порахўр”, дея сўккани акс этган видеотасвир интернет ва қўл телефонларида тарқатилмоқда.

Youtube.com порталига 17 феврал куни юкланган видеотасвирда (Диққат: Ушбу видеотасвирда ҳақоратли сўзлар бор - Таҳр.) Тошкентдаги милиция бўлимларидан бирида қўли ўриндиққа кишанланган қўшиқчи Абдулла Қурбонов милиционерларни порахўрликда айблагани ва бўралаб сўккани акс этган.

Ўзбек қўшиқчисининг милиция зобитларига фаол қаршилик кўрсатгани баъзи интернет муштарийлари симпатиясига сабаб бўлгани айтилмоқда.

Айни пайтда қўшиқчининг айрим мухлислари Озодлик билан суҳбатда унинг одоб доирасидан чиққанидан ташвиш ҳам билдиришди.

Биз бу тасвир ортидан хонанда Абдулла Қурбоновнинг ўзи билан боғланиб, унинг муносабатини сўрадик.

- Улар мени ҳеч бир сабабсиз кишанлаб онамни сўкишди. Мен ҳам милиционерларнинг онасини сўкдим. Ўғил бола бўлиб туғилганман. Жонимга тегишди ва тегишли жавобини олишди. Бунақа ҳолат ҳар бир инсонда бўлиши мумкин. Бошимдан кўп нарса ўтди. Кўп туҳматлар қилишди. Ўшанда фақат сиз сабр билан, шукр билан ғолиб чиқаркансиз. Нега? Ҳақиқат бўлса, ҳақ бўлсангиз эгишади, букишади, барибир синдиришолмайди¸ дейди қўшиқчи Абдулла Қурбонов Озодлик билан суҳбатда.

Қўшиқчига кўра¸ хозир қўл телефонлари ва интернетда тарқатилаëтган бу видеотасвир ўтган йил охирида Тошкентдаги милиция бўлимларидан бирида унинг изнисиз суратга олиб, тарқатилган.

Қўшиқчининг ҳибсга олиниши акс этган тасвирни томоша қилган чехиялик ҳуқуқшунос Даниела Врбовага кўра, тасвирдаги ҳолат Ўзбекистонда мавжуд қонунлар¸ хусусан Хабиас корпуси талабларига зид тарзда олиб борилган ва маҳбусдан рухсат сўрамасдан тасвирга олиб тарқатилган.

Врбовага кўра, бу ҳолатда ашулачи милиция ходимлари тарафидан атайлаб обрўсизлантирилган, дейишга асос бор.

Қўшиқчи Абдулла Қурбоновнинг ўзи эса бу воқаега қўл силтаганини айтди.

- Ўзи мен милициядан ëрдам сўраб борсам қўполлик қилиб, мени кишанлаб қўйишди. Эл таниган одамга булар шундай муносабат қилишса, энди оддий одамга қанақа муносабат қилишларини тасаввур қилаверинг! Майли, ўтган иш ўтди¸ дейди суҳбатдош.

"Ўзим айтган қўшиқ мисраларини бошимга иш тушганида англаб етдим"¸ деган ҳофиз мана бу мисраларни ҳиргойи қилди:

Бошинга тушганда кулфату ташвиш,
Ҳатто, суйган ëринг ташлаб кетармуш.
Дўстингман, деб юрган баъзи маразлар¸
Ортингдан тарқатса, турли миш-миш.
Сен учун йиғлаган маюсу ҳомуш
Ўша кампир онанг билан отанг бўлармиш.


Санъаткор одоби

Интернетдаги Youtube.com порталига қўйилган тасвирда Абдулла Қурбоновнинг одоб доирасидан чиққан ҳолда милиция ходимларини сўккани акс этган.

Санъаткор жамиятда ўз одоби билан бошқаларга ўрнак бўлиши керак эмасми?

Озодликнинг бу саволига жавоб берган Абдулла Қурбонов ўзининг қуюшқондан чиққанини тан олди.

- Ёшлигимизда шўх бўлганмиз, маишат қилганмиз. Аммо вақт ўтиб, ўзингиз қилаётган ишларингизнинг тўғри ёки нотўғрилигини тарози палласида ўлчаб кўраркансиз. Биласизми, айримлар мени "гиёҳванд”, деркан. Астағфирулло, ҳаётимда қилмаганман бу ишни. Автоҳалокатга учраганимда ҳам роса миш-мишлар болалади. Шукрки, художўйман. Мени дуо қилиб турган ортимдан қанча одамларим бор. Қанчадан-қанча ногирон, меҳрибонлик уйларида етим-есир болаларим бор. Улар мени дада дейди, ака дейди. Мана ҳозир ҳам етимхонага бориб, уларни ҳолидан ҳабар олиб келяпман. Етимлар дуоси боис омон юрибмиз¸ дейди санъаткор.


Куëвтўра Абдулла

Абдуллла Қурбонов 37 ëшда. Бир қиз уч ўғилнинг отаси. 1987 йилда "Анори донаю дона” қўшиғини айтиб таниқли қўшиқчи Фаррух Зокировнинг назарига тушган.

Ана шундан кейин 1990 йилда Фаррух Зокиров унга атаб “Куëвтўра Абдулла” номли қўшиқни ижро қилганидан кейин Абдулла Қурбоновнинг пилиги кўтарилиб, санъат оламида танилган эди.

Озодлик билан суҳбатда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасида ишлаëтган қўшиқчи бор йўғи уч синфни битиргани¸ бошқа ўқимаганини айтди.

- Оллоҳ юқтирган ашулачиман. Ўз вақтида ўқимаган бўлсам ҳам, устозлардан ўрганганман. Муҳриддин Ҳолиқов, Фаррух Зокировларни устоз, деб биламан. Улардан кўп нарсани ўрганганман¸ дейди суҳбатдош.

Суҳбат сўнггида Абдулла Қурбонов Озодлик тингловчилари учун қўшиқларидан бирини хиргойи қилиб берди.

Ўзбекистон қўшиққа кон диёрсан,
Таъриф таснифи йўқдир, бағри баҳорсан.
Меҳнаткашу ҳалол соҳиби корсан,
Мен куйламай ким куйласин бахтингдан,
Аллоҳ таоллоҳ қайта берган тахтингдан.

Абдулла Қурбонов билан суҳбатни тўла тарзда қуйида тинглаш мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:09 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG