Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:37

Москвада ўзбекистонлик қочқинларни ўғирлаш ҳолатлари кўпаймоқда


Москвада "Туркистон Ислом партияси"га алоқадорликда гумонланаётган яна бир Ўзбекистон фуқароси устидан экстрадиция текшируви бошланди. Айни пайтда, москвалик ҳуқуқ ҳимоячилари Россияда номаълум шахслар томонидан ўзбекистонликларни ўғирлаш ҳоллари кўпайганига эътибор қаратмоқда.


2013 йилнинг 1 март куни Москва ИИБсининг “Марьинский парк” тумани бўлими ходимлари ва Россия ФСБси ҳамкорлигида қатор мамлакатларда тақиқланган “Туркистон Ислом партияси” ташкилотининг “Москвадаги гуруҳи раҳбарларидан бири” Абдуҳофиз Холмуродов қўлга олинди,- дейди маълумотни Озодлик Радиосига тасдиқлаган Россия Ички ишлар вазирлигининг матбуот вакили Вадим Колесник.

- 1 март куни Москвада жойи аниқланган Ўзбекистон фуқароси Холмуродов ушланди. Холмуродов халқаро қидирувда бўлган. У қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиб келгани аниқланди. Ҳозирда у вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилди, унга нисбатан Ўзбекистонга экстрадиция қилиш бўйича текширув кетмоқда. Ҳозирда деярли барча ҳужжатлар биз томонимиздан тасдиқланди,- дейди Вадим Колесник.

Колесникнинг Ўзбекистондан келган ҳужжатларга таяниб, маълум қилишича, “Москва ҳужраси” раҳбари сифатида Абдуҳофиз Холмуродов Москва шаҳри ва вилоятида Афғонистонда фаолият олиб борувчи “Туркистон Ислом партияси” учун жанггариларни ёллаш билан шуғулланиб келган. У Тожикистон фуқароси номига берилган қалбаки ҳужжатдан фойдаланган.

Холмуродов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-2-моддасининг 1-қисми (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) моддалари асосида қидирувда бўлгани аниқланди.

Эслатиб ўтамизки, жорий йилнинг 14 февралида Россия Ички ишлар вазирлигининг Экстремизмга қарши кураш бошқармаси (“Т” Бошқармаси) ва Ўзбекистон Ички ишлар ходимлари ҳамкорлигида Подмосковьенинг Одинцово ва Подолский туманларида ўтказилган махсус амалиёт натижасида икки ўзбекистонлик ҳибсга олинган эди. Улар ҳам Ўзбекистон ҳудудида “Туркистон Ислом партияси” террорчилик ташкилоти таркибида фаолият юритгани учун 2012 йилдан бери давлатлараро қидирувда бўлган айтилмоқда.

Озодлик Подмосковьедаги ҳибсга олиш амалиётида Ўзбекистондан келган хавфсизлик ходимлари бевосита иштирок этгани, ҳибс этилганлар Рўзиқулов Ҳусан ва Жўраев Турғунлар экани, улар билан бирга балоғатга етмаган ўзбек қизи ҳам қўлга олиниб, икки ярим ҳафта давомида ноқонуний равишда сўроққа тутилгани ҳақида хабар берган эди.

Ҳибс этилган ўзбек йигитларининг битта ташкилотга алоқадорлигини исботлашга уринаётган Россия Ички ишлар вазирлиги ходимларига кўра, 2012 йилнинг ўзидаёқ улар Москва шаҳри ва вилоятидан 38 ўзбекистонлик ва 18 марказий-осиёлик ва россияликни жанггарилар сафига ёллаган.

Бу партиянинг Ўзбекистондаги бир қатор маҳкамаларда тилга олинган "Туркистон исломий ҳаракати" экани айтилмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Олий Комиссарга очиқ хат йўллади

10 март куни Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институти БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича Олий Комиссари номига очиқ хат билан мурожаат қилди. Унда ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро ҳимояга муҳтож шахсларнинг аризаларини кўриб чиқиш муддатини қисқартириш учун зудлик чораларни кўришни сўраган.

Хат муаллифларидан бири - Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина хатнинг ёзилишига 8 март куни ўзбекистонлик қочқин Мурод Жўраевнинг Москванинг Таганка туманида ўғирлашга уриниш бўлгани туртки бўлганини айтади.

- Хатнинг мазмуни шундан иборатки, Женевадаги БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича штаб-квартираси қочқинларнинг халқаро ҳимоя сўраб, ёзган аризаларини бундай сусткашлик билан кўриб чиқишни давом этаверса, афсуски орзиқиб кутаётганлардан кўпчилиги ташкилотнинг жавобини ололмайди. Уларнинг аксарияти олиб чиқиб кетилади, ўғирланиб кетади ёки топшириб юборилади. Хатни битилишига сўнгги пайтларда кузатилаётган оммавий равишда ноқонуний одам ўғирлаш ҳолатлари кўпайгани сабаб бўлди.

На БМТ махсус бўлинмалари, на у билан ҳамкорлик қилаётган ташкилотлар бу одамларни ҳимоялай олиши, айниқса, бу ўғирлашларга маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари кўмаклашиши ҳолатида уларни зудлик билан учинчи мамлакатга чиқариб юбориш масаланинг ягона ечими сифатида кўрилмоқда,- дея маълум қилди Елена Рябинина.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:16 0:00
Бевосита линк


Ҳуқуқ фаолига кўра, ўғирлаш хавфи остида асосан Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари қолмоқда, вазият кейинги бир ярим йил давомида кескинлашган.

Қочқинлик мақомида Россияда яшаб келаётган Мурод Жўраевнинг айтишича, 8 март куни соат 10:30 ларда у машинасидан Таганка туманида тушганида орқасидан “Дэу-Нексия” машинасидан икки киши тушиб, унинг қўлини қайришга ва машинадан тушган яна икки киши ёрдамида уни автомобилга тиқишга уринган. Мурод бу шахслар ўзбек экани, фақат биттаси кўринишидан рус эканини пайқаб қолган.

У кўчадан ўтиб кетаётганларни ёрдамга чақириб, уларнинг ёрдамида қутилиб қолгани, кейинроқ рафиқаси бир кун олдин машиналари ёнида ўзбек тилида телефонда гаплашаётган шубҳали одамлар ўралашиб юрганини эслаганини қўшимча қилди.

Елена Рябинина Мурод Жўраев экстрадиция хавфи остида икки ярим йилча қамоқда ўтириб, 2010 йилнинг апрелида озодликка чиққани ва Страсбург судининг 2010 йил июл ойидаги қарори билан уни Ўзбекистонга бериб юборилиши тақиқлангани, бу тақиқ Россия Олий суди томонидан тасдиқланганини ҳам қўшимча қилди.

“Домодедовода ўғирлаб кетилаётган шахс озод этилди”

Озодлик сўнгги пайтларда Россияда қочқинликда юрган шахсларнинг ҳибсга олиниши ва Ўзбекистонга бадарға қилинишида ўзбек миллий хавфсизлик идоралари ходимлари фаол иштирок этаётгани борасида бир неча марта хабар берди.

Радионинг Москвадаги мухлисларидан бири дўсти бундан 3-4 кун олдин Москванинг Домодедово аэропортида ғайриоддий ҳодиса гувоҳи бўлганини гапириб берди.

- Таксичи боллар айтишди, 3-4 кун бўлибди бунга. Домодедово аэропортида бир болани қўлини скоч билан боғлаб, самолётга регистрация қилиб олиб чиқиб кетаётганида у бола бақирибди “Менга туҳмат қилишяпти! Мени олиб кетишяпти Ўзбекистонга, ёрдам беринглар! Мени ўғирлаб кетишяпти бекордан-бекор”, деб тўполон қилибди ўша бола. У регистрация пайтида ўзбек одамларни кўриб бақирибди-да. Уруш-жанжал бўлиб кетипти, одамлар келибди, мелиса ОМОНлар келиб, у болани дежуркага олиб киришибди.

Текширишса, у бола ҳеч қанақа розискда эмас экан. У қонуний ишлаб, ҳужжатларни қилиб юрган бола экан. Мелисалар “Нега буни олиб кетяпсанлар?”, деса, улар “У Ўзбекистонда мана шунақа-шунақа ишларни қилган, розискда Ўзбекистонда”, дебди. “У жиноятларни Ўзбекистонда қилган. Бу ерда асосларинг борми, Россия Федерацияси билан бирга ишлаяпсизларми?”, деса, ”Йўқ”, дебди, ҳеч қанақа қоғози йўқ экан. “Сенлар одам ўғирлаяпсан”, деб болани қўйиб юборибди,- дея гапириб берди ўз исмини ошкор қилмаган таксичи йиитлардан бири.

Озодлик мухлисимиз сўзлаб берган ҳодисанинг қанчалик ҳақиқатга мослигини текширмоқда ва Домодово аэропортида 7-8 март кунлари бўлгани тахмин қилинаётган бу ҳодисанинг бевосита гувоҳларини қидирмоқда.
XS
SM
MD
LG