Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:33

Ўзбекистонда газ камайгани кўмирга талабни оширмоқда



“Ўзбеккўмир” очиқ ҳиссадорлик жамияти Тошкент вилоятидаги Ангрен кўмир конида ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш лойиҳаларига 325 миллион доллар сармоя ётқизмоқчи. Ўзбекистонда газ ишлаб чиқариш 11,6 фоизга камайгани сабабли ички бозорда кўмирга талаб ошиб бораётгани айтилмоқда.


“Ўзбеккўмир” очиқ ҳиссадорлик жамияти расмийси Озодлик билан суҳбатда 325 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоя кўмир ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга қаратилган қатор лойиҳаларга сарфланиши кўзда тутилганини айтди.

- Кўмир саноатини ривожлантириш бўйича янги конларни очишда, янги ишлаб чиқариш лойиҳаларига, заводларимиз бор, уларни модернизациясига, шуларга сарфланади, деди ўз исмини айтмасликни сўраган “Ўзбеккўмир” расмийси.

Унга кўра, ҳозир Ўзбекистонда йилига 5,5 миллион тонна кўмир қазиб олинмоқда. Келаси йил кўмир қазиб чиқариш ҳажмини 6,4 миллион тоннага етказиш режаланган.

- Заҳирамиз етарли, кўмиримиз етарли. Бутун халқ хўжалигини ўзимиз тўлиқ таъминлаймиз. Давлатимиз мустақил бўлганидан бери четдан кўмир олганимиз йўқ. Бутун Республикани ўзимиз кўмир билан таъминлаяпмиз ва таъминлаймиз, деди “Ўзбеккўмир” расмийси.

"Новый век" газетаси маълумотига кўра, 2012 йилда Ўзбекистонда газ қазиб чиқариш ҳажми 2011 йилга нисбатан 11,6 фоизга камайган.

Uzmetronom мустақил Интернет газетасига кўра, газ танқислиги боис яқин йилларда аҳолининг кўмирга бўлган эҳтиёжи 2,4 миллион тоннага етиши мумкин.

Ангренлик ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихонов Озодлик билан суҳбатда ҳозир Ангрендаги кўмир конини реконструкция қилишнинг биринчи босқичи тугаб, иккинчи босқичи бошланаётганини айтди.

Унга кўра, кўмир конга замонавий техника ва ускуналар олиб келингани, ишлаб чиқариш ҳажмининг ортаётгани шаҳар аҳолиси ҳаётини яхшилашга деярли таъсир қилмаган.

Тихонов “Ўзбеккўмир” ширкати Республикада кўмир қазиб чиқаришни кўпайтиришга жиддий эътибор қаратаётганини Ўзбекистонда газ қазиб чиқариш камайгани ва хорижга газ экспорт қилиши билан боғлиқ деган фикр билдирди.

- Аҳоли аста-секин кўмирдан фойдаланишга ўтказилмоқда. Гап шундаки, Ўзбекистон йирик газ экспортчиларидан бири. Афтидан газ экспорти кўпаймоқда. Шунинг учун аҳолини кўмирга ўтказишга қарор қилишган. Хусусан, Янги Ангрен ГРЭС сида иккита ёки учта қозон газда ишларди. Улар ҳам кўмирга ўтказиляпти. Кўмирга талаб ортганини шундай изоҳлаш мумкин, дейди Дмитрий Тихонов.

“Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси ва Хитойнинг миллий нефтгаз компанияси (CNPC) 2010 йил июнида Ўзбекистондан йилига 10 миллиард куб метр газни дунё бозори нархида сотиб олиш ҳақида шартнома имзолаган эди.

Ўтган йил 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистон Хитойга газ экспорт қила бошлаган.

Ўзбекистоннинг нефт ва газ заҳиралари ҳамда бир йилда қазиб олинган табиий бойликлар ҳақидаги расмий статистик маълумотлар тўлиқ ошкор этилмайди.

Ўзбекистондаги кўмирнинг тахмин қилинаётган заҳираси 4 миллиард 838,6 миллион тоннани, тасдиқланган заҳираси эса 1 миллиард 897 миллион тоннани ташкил қилади.

Ўзбекистонда 4-5 триллион кубометр газ заҳираси борлиги, йилига 60-70 миллиард кубометр газ қазиб олинаётгани айтилади.
XS
SM
MD
LG