Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:34

Қозоғистон ўзбек қочқинини топшириб, БМТ конвенциясини бузган


Қочқинлар ҳуқуқлари билан шуғулланадиган бир гуруҳ қозоғистонлик ҳуқуқ фаоллари бошпана изловчи Ҳайрулло Турсуновнинг Ўзбекистонга топширилгани юзасидан эълон қилган баёнотида Остона ҳукуматини ўзи имзолаган халқаро конвенцияларга амал қилмаётганликда айблашган.


38 ёшли ўзбекистонлик қочқин Ҳайрулло Турсунов 13 март куни “Эйр-Астана” ширкатига тегишли учоқда Олмаота шаҳридан Тошкентга жўнатилган эди.

Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюроси раҳбари муовини, “Қочқинларга ҳуқуқий ёрдам” дастури раҳбари Денис Живага Қозоғистон ўзи имзо чеккан ковенцияга амал қилмай, бошпана изловчини Ўзбекистонга топшириб юборганидан таассуфда эканини айтади.

Жаноб Живага қочқиннинг қийноққа солиниши хавфи бўлган мамлакатга топширилиши БМТнинг қийноқлар тўғрисидаги конвенциясига мутлақо зид эканини эслатади.

- Турсунов Ўзбекистонга юборилгани тақдирда қийноқларга тутилиши мумкинлиги ҳақида қозоқ расмийларини такрор ва такрор огоҳлантирган эдик. Сабаби, Қозоғистондан 2011 йилнинг июн ойида экстрадиция қилинган 29 нафар нафар ўзбек қочқини Ўзбекистонга бериб юборилганидан сўнг қийноқларга дучор қилинган эди,- дейди Живага.

Ўтган ой БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси ҳам Қозоғистон ҳукуматига мурожаат қилиб, Турсуновни Ўзбекистонга бериб юбормаслик ҳақида сўраган эди.

Ҳайрулло Турсунов 2003 йилда Ўзбекистонда террорчилик ва конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланган ва 12 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

2009 йилда озодликка чиқарилган Турсунов Россияга борган. Кейинчалик турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан бирлашиш учун Қозоғистонга келиб, БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш агентлигидан ўзи ва рафиқасига қочқинлик мақомини сўраган.

Бироқ, БМТ ва Қозоғистон Миграция полицияси уларнинг аризасини рад қилган.
Қашқадарёнинг Қарши шаҳридан бўлган Турсунов ўтган йилнинг апрел ойида Ақтўба орқали Россияга чиқиб кетаётганда ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланиб, ҳибсга олинади.

Кейинчалик полиция унга нисбатан Ўзбекистон томонидан экстрадиция қилиш борасида сўров борлигини ҳам аниқлаган.

Ўзбекистон уни конституцион тузумга тажовуз қилиш, терроризм, Туркистон Исломий Ҳаракатига аъзолик ва Олмаота шаҳрида жиноий диний жамоатда фаолият юритишда айблаб, қидирувга берган.

Турсунов шу вақтгача Ақтўбе шаҳридаги вақтинчалик тергов изоляторида сақланиб келинаётганди.

Қозоғистон ҳукумати 2011 йил июн ойида диний қарашлари учун таъқибдан қочган 29 нафар ўзбекистонлик бошпана изловчини Ўзбекистонга топшириб юборган ва халқаро танқидларга учраган эди.

Турсуновнинг турмуш ўртоғи учинчи бир давлатга чиқиб кетгани айтилади.
XS
SM
MD
LG